Жаҳон | 22:41 / 29.05.2022
40901
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Харков областидаги фронт чизиғига борди

Бу унинг уруш бошидан буён Киев областидан ташқарига илк бор чиқиши.

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Володимир Зеленский украин ҳарбийларининг Харков областидаги олдинги позициясига ташриф буюрди. Бу ҳақда 29 май куни унинг офиси хабар тарқатди.

Reuters агентлиги қайд этишича, бу Украина президентининг уруш бошланганидан буён илк бор Киев областидан ташқарида кўриниш бериши ҳисобланади.

«Зеленский ҳарбий хизматчиларга давлат мукофотлари ва қимматли совғалар топширди, шунингдек Украина ҳимоячилари билан мулоқот қилди», — дейилади хабарда.

Зеленский област маъмурияти раҳбари Олег Синегубов, Харков шаҳри мэри Игор Терехов ва бошқа ҳудудий раҳбарлар билан ҳам учрашган. Синегубовнинг хабар қилишича, регионда ҳарбий ҳаракатлар вақтида 2229 та кўп қаватли уй шикастланган, Харков шаҳрининг ўзида аҳоли турар жой фондининг 30 фоиздан ортиқ қисми жабрланган.

Йиғилиш давомида Зеленский «бутун мамлакат бўйлаб, айниқса вайрон қилинган ҳудудларда панелли уйларни бузиб ташлаш имкониятини кўриб чиқиш» ва уларнинг ўрнига бомбапанагоҳлар ва бошпаналарга эга «замонавий турар жойлар қуриш»ни таклиф қилган.

Кейинроқ Зеленский Харков областига сафари давомида Украина хавфсизлик хизматининг област бошқармаси раҳбари Роман Дудинни ишдан олгани, у урушнинг илк кунларида мудофаа билан шуғулланмасдан, «фақат ўзини ўйлагани»ни айтди.

Зеленский айнан нимани назарда тутганига аниқлик киритмаган.

Тунги мурожаатида Зеленский Харков областида ҳарбийлар, полиция, Харков мэри ва област маъмурияти биргаликда «ғалаба учун» ҳаракат қилгани, аммо «Украина хавфсизлик хизматининг маҳаллий раҳбарияти ҳақида ҳам шундай деб бўлмаслиги»ни айтган.

«Мен келдим, ўргандим, област хавфсизлик хизмати раҳбарини ишдан олдим, у урушнинг илк кунларида шаҳар ҳимояси учу ишламаган. Қандай сабабларга кўра бундай йўл тутганини ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари аниқлайди», — деган президент.

Мавзуга оид