Ўзбекистон | 09:07 / 31.05.2022
13046
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда боғча болалари иштирокида веломарафон ўтказилди — фотолар

1 июн — Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни арафасида Самарқанд шаҳрида 6 ёшли болалар ўртасида веломарафон ўтказилди.

Фото: Kun.uz

Бу мактабгача ёшдаги болалар ўртасида ўтказилаётган иккинчи веломарафон. Илк веломарафон 2021 йил 1 июн куни Тошкент шаҳрида ўтказилганди.

Болалар веломарафонининг асосий мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил транспорт туридан фойдаланиш соҳасида барқарор кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, мактабгача ёшдаги болалар ўртасида велоспортни ривожлантириш, уларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда йўл-ҳаракати қоидаларига риоя қилишни ўргатишдан иборат.

Мактабгача таълим вазирлиги ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси, Спорт вазирлиги, Велоспорт федерацияси билан ҳамкорликда ўтказилган веломарафонда қатнашган болалар эсдалик медаллари, совғалар билан тақдирланди. Уларга медалларни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Мактабгача таълим вазири ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов топширишди.

2022 йилда лойиҳа доирасида 20 та мактабгача таълим муассасаси танлаб олиниб, уларга 500 та беговел тақдим этилди.

 

Мавзуга оид