Жамият | 19:47 / 01.06.2022
18819
1 дақиқада ўқилади

Қаршида хавфсизлик камарини тақмаганлик учун белгиланган жаримадан норози бўлиб йўлни тўсган ҳайдовчилар жазоланди

Ҳайдовчиларнинг 3 нафари 10 суткага қамалган, 12 нафари огоҳлантирилган.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

2022 йил 26 май куни соат 14:00 ларда Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида такси ҳайдовчилари хавфсизлик камарини тақмаганлик учун белгиланган жаримадан норози бўлиб йўлни тўсганди.

Ўшанда ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилгани ва жамоат тартибини бузган ҳайдовчиларни аниқлаш чоралари кўрилгани хабар қилинганди.

ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг маълум қилишича, Ички ишлар органлари томонидан ҳолат ўрганилганда, Қаршидаги кўчани тўсиб қўйганлар хусусий корхонада рўйхатдан ўтиб, йўловчи ташиш билан шуғулланаётган 3 нафар ҳайдовчи экани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат бўйича маъмурий иш ҳужжатлари ЖИБ Қарши шаҳар судига юборилган. Суднинг қарори билан ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига нисбатан МЖтКнинг 201-моддаси 1-қисми (жамоат тартибини бузиш) билан 10 суткадан қамоқ жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, йўлни тўсиб қўйишда қатнашиб, жамоат тартибини бузган 12 нафар ҳайдовчи огоҳлантирилган. 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид