Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанддаги тўйхонада одамларнинг оммавий заҳарланиши ҳолати бўйича қўшимча маълумотлар берилди
19 нафар фуқаро овқатдан заҳарланиш ташхиси билан ётқизилиб, муолажа қилинган
Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 26 май куни Самарқанд шаҳар Фарҳод қўрғонида жойлашган тўйхонада ўтказилган суннат тўйи тадбирида қатнашганларда овқатдан заҳарланиш ҳолати юз берган. Оқибатда 2022 йил 28, 29, 30 май кунлари жами 19 нафар фуқаро овқатдан заҳарланиш ташхиси билан шифохоналарга ётқизилган.
Жумладан, Жомбой тумани Олмазор маҳалласида яшовчи 11 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимига, шу маҳаллада яшовчи яна 5 нафар фуқаро туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига қарашли “Зарафшон” ҚВПга мурожаат қилган. Шунингдек, Булунғур тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи 3 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимига тиббий ёрдам сўраб борган.
Дастлабки эпидемиологик текширув ва суриштирувлар натижасига кўра, барча беморларда 2022 йил 27 май куни эрталабдан кўнгил айниши, қайт қилиш, қорин соҳасида оғриқ, ич кетиши ва тана ҳароратининг кўтарилиши каби бир хил клиник белгилар кузатилган.
Беморлар ва тўй тадбирига қатнашганлар билан ўтказилган суриштирувларда заҳарланиш Фарҳод қўрғонида ўтказилган тўйда истеъмол қилинган гўшт маҳсулотлари билан боғлиқлиги аниқланган.
Тўйда иштирок этган 350 нафарга яқин фуқароларни аниқлаш борасида уйма-уй юриб ўтказилган кўрик ва суриштирувларда Жомбой тумани Олмазор қишлоғида яшовчи 165 нафар фуқаро, Булунғур туман Чангал қишлоғида яшовчи 30 нафар фуқаро ва Жиззах шаҳри “Саройли” МФЙ ҳудудида яшовчи 7 нафар фуқаро тўйда қатнашгани аниқланган.
Жиззах вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан ўрганилганда тўйда қатнашган 7 нафар фуқарода касаллик белгилари аниқланмаган.
Қайд этилишича, шифохоналарда беморларга тиббий ёрдам кўрсатилган. Ошқозони ювилган, тозаловчи ҳуқна қилинган ҳамда дезинтокцикацион ҳамда симптоматик даво муолажалари ўтказилган. Шундан сўнг барча беморларнинг ҳолати ижобий тарафга ўзгарган. Даволаш муолажалари муваффақиятли якунланиб, барча беморларга уйига жавоб берилди ва уларнинг соғлиги кузатувга олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Эслатиб ўтамиз, айрим телеканалларнинг янгиликлар дастурида 196 нафар, айримларида 200 нафар фуқаро заҳарланган, дея берган маълумотлари бўрттирилиб, асоссиз нотўғри кўрсатилган. Тегишли ташкилотлар мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига мутлақо тўғри келмайди», дейилади хабарда.
Мавзуга оид
09:12 / 22.05.2025
Сурхондарёда қовун еган фуқаролар заҳарлангани рад этилди
10:51 / 15.05.2025
Самарқандда қум-шағал қазиб олиниши оқибатида табиатга 10 млн доллардан ортиқ зарар етди
18:55 / 01.04.2025
Шовотда бензин цистернасига тушган йигит заҳарланиб вафот этди
18:21 / 24.03.2025