Жаҳон | 09:09 / 04.06.2022
13119
2 дақиқада ўқилади

Ереванда мухолифат ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди 

Арманистон бош вазири Никол Пашинян қароргоҳи яқинида мухолифат намойишчилари ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди. 11 киши қўлга олинди.

Фото: Picture Alliance

Ереванда мухолифат намойишчилари ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар натижасида 50 киши шаҳардаги тиббиёт муассасаларига етказилди, деб хабар берди 3 июнь, жума куни Арманистон соғлиқни сақлаш вазирлиги. 

«Улардан 34 нафари полициячи, 16 нафари тинч аҳоли вакиллари», — дейилади хабарда. Вазирлик маълумотларига кўра, бир жабрланувчининг аҳволи оғир, у операция қилинмоқда. Бошқаларга бирламчи жарроҳлик кўмаги тақдим этилган.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян яшайдиган Ереван марказидаги ҳукумат далаҳовлилари мажмуаси яқинида мухолифат намойишчилари ва полиция кучлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди.

Арманистон полицияси 11 киши қўлга олингани ва жиноий иш очилгани ҳақида хабар берди. Айтилишича, қўлга олинганлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, уларга нисбатан зўравонлик қўллаган, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарата шиша, тош ва металл буюмлар улоқтирган.

17 апрелдан бери Ереванда парламент мухолифати ва қатор мухолифат гуруҳлари томонидан уюштирилган ҳукуматга қарши намойишлар давом этмоқда. Улар «Қорабоғ мақоми бўйича режани пасайтириш» ташаббуси билан чиққан ва Озарбойжон билан тинчлик шартномасини имзолашга чақирган бош вазир Пашиняннинг парламентдаги нутқидан кейин бошланди. 

30 апрель куни аввалроқ Пашинянга суиқасд уюштириш ва ҳокимиятни тортиб олишда гумон қилиниб ҳибсга олинган мамлакат Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Артур Ванецян барча мухолифат кучлари ҳукумат раҳбарининг истеъфоси талаби атрофида бирлашганини эълон қилди. 

Ванецяннинг сўзларига кўра, агар мухолифат ҳокимиятга келса, Озарбойжонга «бир томонлама ён бериш»нинг олдини олиш чоралари кўрилади, Россия билан алоқалар чуқурлашади. 

Мавзуга оид