Ўзбекистон | 18:12 / 07.06.2022
12190
2 дақиқада ўқилади

Фото: Самарқанд шаҳридаги марказий кўчада содир бўлган ёнғин ўчирилди

Фото: KUN.UZ

Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган маиший хизмат кўрсатув дўконларида ёнғин содир бўлганди. Шаҳар марказида содир бўлган ёнғин икки соат ичида бартараф этилди.

ФВВ Самарқанд вилояти бошқармасининг маълум қилишича, соат 14:00 да Мирзо Улуғбек кўчасидаги биноларда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган ва қутқарувчилар 3 дақиқа ичида воқеа жойига етиб борган. Соат 16:20 да ёнғин ўчирилган. Биноларнинг 200 квадрат метр атрофида том ва шифт қисми ёнган.

Ёнғинни ўчириш учун 8 та ўт ўчирувчи техника, 50 нафарга яқин ўт ўчирувчи жалб этилган. Шунингдек, ФВВ тизимидаги бошқа турдаги техникалар, Ободонлаштириш бошқармасига тегишли сув ташувчи техникалар жалб қилинди. Ёнғин кучайган вақтда бир муддат Мирзо Улуғбек кўчаси автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди. Ёнғин Самарқанднинг серқатнов ва гавжум кўчасида содир бўлгани учун кўплаб ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари атрофдаги хавфсизликни таъминлаш учун сафарбар қилинди.

ФВВ Самарқанд вилоят бошармаси ахборот хизмати раҳбари Илҳом Боқиев Kun.uz билан суҳбатда ёнғин қисқа туташув оқибатида чиққанини айтди.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид