Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИИВ ва прокуратурадан икки хил стандарт. Қонунлар вилоят ёки фуқароликка қараб амал қилиши ҳақида “ҳикоя”
Ўзбекистон – қонунлар асосида бошқариладиган давлат. Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, келиб чиқиши, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Аммо Ички ишлар ва прокуратура органлари фуқароларга қилаётган муносабат қонун бошқа, амал бошқа эканини кўрсатмоқда.
Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳамда қонун устуворлигини таъминлашдан иборат. Прокуратура органлари эса республика ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширади. Ушбу мақолада мустақил Ўзбекистоннинг икки вилоятида бўлиб ўтган деярли бир ҳил ҳолатни ёдга оламиз ва таҳлил қиламиз.
Наманган, 2022 йил март
Вилоят ЙҲХБ ходими ҳайдовчининг автомобилини мажбурий равишда жарима майдончасига олиб боришга уринди. Бу жараёнда унинг талабини ихтиёрий бажармаган ҳайдовчининг танасига бир неча марта электрошокер мосламаси қўллади. Ҳолбуки ҳайдовчи инспекторга қаршилик кўрсатмаган эди, шунчаки машинасини жарима майдонигача ўзи ҳайдаб боришини айтганди холос. Бироқ бу таклиф инспекторга ёқмайди.

Автомашина вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилиб, ҳайдовчига нисбатан ходимнинг қонуний талабига бўйсунмаганлиги учун МЖтКнинг 194-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди дея расмий баёнот ҳам берилди. Аммо нимагадир, кўп ўтмай вилоят ЙҲХБ томонидан берилган бу видеобаёнот ўчириб ташланди.
Орадан қарийб 3 ой вақт ўтди. Шу бўйи бу ҳодисани ҳамма эсдан чиқарди. Расмий муносабатда электрошокер йўллаган ходимга нисбатан хизмат текшируви тайинлангани айтилганди. Ўтган вақт ичида на хизмат текшируви натижаси очиқланди ва на қонунбузар инспекторга чора кўрилди. Ўртада оддий бир фуқаронинг жаримага тортилгани қолди.
Ички ишлар идораларида хизмат қилувчи бир биридан мустақил икки манбанинг Kun.uz’га маълум қилишича, наманганлик бу “электрошокер устаси”га нисбатан на хизмат текшируви тайинланган, на номига бўлса ҳам интизомий жазо берилган. У ҳозир ҳам ички ишлар тизимида хизматини давом эттирмоқда.
Самарқанд, 2022 йил май
Марказий Осиёнинг туризм маркази дея таърифланадиган Самарқандда тунги рейдни амалга ошираётган пост-патруль хизмати ходимлари ўзлари билибми ё билмай, хорижлик сайёҳлар гуруҳини “отдел”га олиб боришга ҳаракат қилиб кўришди.
Бу ишларни “планни тўлдириш” учун қилаётганини яшириб ўтирмаган ходим ўзининг талаби бажарилавермагач ихтиёридаги электрошокер билан сайёҳлардан бирининг “таъзири”ни бериб қўйганди.
Буни қарангки ҳодиса акс этган видеотасвирлар тарқалиб кетгач “осмондан оёғини узатиб тушган” бу зўровон ходимларнинг ўзлари таъзирини едилар.

Зудлик билан хизмат текшируви ўтказилди, улар фуқарога нисбатан электрошокерни ноқонуний қўллаган бўлиб чиқди, вазият халқаро тус ола бошлаган ҳам эдики икковлон хизматдан ҳайдалди. Шу билан кифояланилмади - патрул пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш батальони командири ҳамда унинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Бевосита хизмат бошлиғи “ҳайфсан” олди. Ҳолат бўйича жиноят иши ҳам очилган, айни пайтда иш терговда.
Маълум бўлишича, ходимлар туристлар билан муомалада қатор процессуал тартибларга хилоф иш қилишган. Хорижлик туристлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликка ҳуқуқий баҳо бериш учун Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларини жалб қилиниши керак бўлган ҳолда ўзбошимчалик билан иш тутишган. Ишга Қозоғистон томони ҳамаралашгани учун самарқандлик “мелиса”лар зўр бериб туристлар билан содир бўлган кўнгилсизликда қўшни давлат фуқаролари жабрланмагани, электрошокер қўлланган шахс ўзбекистонлик эканини бот-бот такрорлашди.
Бироқ мутасаддилар ўзларини оқлайман деб каттароқ қовун тушириб қўйишганини ҳали англаб етишмадиёв. Нега масъуллар электрошокер қўлланган шахс ўзбекистон фуқароси бўлганига урғу бермоқдалар? Бу билан нимани тушунтиришмоқчи? Хорижлик бўлса одам-у, ўзимизнинг фуқаро одам эмасми? Қонун талаби чет эл фуқароси учун бошқа, маҳаллий аҳоли учун бошқача ишлайдими?
Дўппи тор келса...
Самарқанд вилоят ИИБда бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтилган яна бир маълумот диққатимизни тортди. Бошқарма бошлиғи электрошокер қандай ҳолатларда қўлланилиши, ходимларнинг фуқаролар билан мулоқотида муомала маданиятини оширишга қаратилган махсус йўриқнома ишлаб чиқилганини, фуқаролар билан ҳар куни муомалада бўладиган соҳавий хизматларнинг ходимларига китобча кўринишида ушбу қоидалар тарқатилганини таъкидлаб ўтди.

Қизиқ, бу каби ишлар ходимларга электрошокер тарқатилишидан олдин қилиниши керак эмасмиди? Туризм маркази бўлмиш Самарқанддаки аҳвол шундай бўлса, қолган ҳудудлардаги вазият ҳақида ўйлашга ҳам қўрқасан киши. Агар шу воқеа баҳона бошқа ҳудудларда ҳам электрошокер қандай қўлланиши, ходимлар билан муомалада қонун доирасидан четга чиқмаслик тушунтирилаётган бўлса-ку, хўп-хўп, аммо бундай бўлмаса-чи?! Ахир Наманганда ҳайдовчи электрошокерни қонунга зид равишда қўллаган ходим жазосиз қолиб кетди-ку.
Самарқанд ҳамда Намангандаги воқеалар ва унга ИИВ ҳамда прокуратуранинг реакциясини кўриб ўйланиб қоласан киши... Бир мамлакат, бир қонун, аммо муносабат ва қарорлар ҳар хил. Хулосани эса ҳар кимнинг ўзига қолдирамиз.
Жамшид Ниёзов, журналист
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо
Мавзуга оид
09:15 / 26.05.2025
Сурхондарёда ЙПХ ходими ҳайдовчига электрошокер қўллади
20:32 / 18.05.2025
Бир ойда 590 мингдан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланди — ИИВ
18:26 / 15.05.2025
ИИВ тақдим этадиган айрим хизматлар электрон шаклга ўтказилади
14:22 / 13.05.2025