Жаҳон | 20:40 / 10.06.2022
30231
9 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: «ДХР» яна бир муҳим шаҳар учун жанг бошланганини эълон қилди, аммо бу аниқ эмас

Фото: Getty Images

«ДХР» ҳудудий мудофаа кучлари бош штаби Донбассдаги яна бир муҳим шаҳар ҳисобланган Славянск учун жанг бошланганини маълум қилди. Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «республика» кучларига кўра, улар 231 та аҳоли пункти, жумладан Святогорск ва Татьяновка устидан тўлиқ назорат ўрнатишган. Аммо россиялик ва украиналик ҳарбийлар Славянск учун жанглар бошлангани ҳақида эълон қилмаган. Амалда Донбасс шимолида нималар бўлмоқда?

Чоршанба куни Олий раданинг собиқ депутати, 2014 йилда Россияга қочиб кетган ва Украинадан «Новороссия»ни («ЛХР» ва «ДХР») ажратиб олиш ҳаракати етакчиларидан бирига айланган Олег Царёв Славянск қўлга олингач, Россия армияси Донбассда ғалаба қозонгани ҳақида айтиш мумкинлигини айтди.

«Бизникилар Славянскка яқинлашмоқда. Ҳаммаси Славянскдан бошлангани бежиз эмас. Славянскни эгаллаб ёки ўраб олиб, бизнинг қўшинлар Донбассдаги бутун гуруҳни қопқонга туширади. Агар бунга эришилса, бу биз Донбассда ғалабага эришганимизни англатади», дея ёзган у твиттерда.
 
Донбасснинг Россия таркибига қўшилиши ғоясини қўллаб-қувватловчи интернет фойдаланувчилари Царевнинг твитига билдирган изоҳларида «агар» сўзидан норози бўлишган. «Олег, «агар» эмас, балки Қачон!!!» - дея жавоб ёзган унинг твитига аватарида Z белгиси қўйилган фойдаланувчи.

Ҳамма тезроқ ғалаба қозонилишини хоҳлашини билдирган.

Славянск нимаси билан муҳим?

Донецк области шимолидаги тахминан 100 минг киши яшовчи шаҳар 2014 йилда катта машҳурликка эришганди, ўшанда ФСБнинг (ФХХ) истеъфодаги полковниги Игорь Гиркин (у Стрелков номи билан ҳам танилган, Украинада уни ҳарбий жиноятчи сифатида билишади, Нидерландия прокуратураси эса уни Малайзиянинг «Боинг» йўловчи самолёти уриб туширилишида айбдор деб билади) эллик нафар атрофидаги жангчилари билан Украинага бостириб кирганди.

Стрелков Славянск маъмурияти биносини эгаллаб олиб, бу ерга ўз штабини жойлаштирган ва шаҳар ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «Донецк халқ республикаси» назоратига ўтганини эълон қилганди.

Икки ярим ой вақт ўтиб Украина армияси ҳужумлари остида Гиркин ва унинг бу вақт ичида маҳаллий айирмачилар билан тўлдирилган отряди шаҳарни тарк этган ва Донецк томон чекинган.

Кейинчалик Гиркин ўз амалиётини бошлаётганида кичик гуруҳ билан йирик шаҳарни эгаллай олмаслигини тушунгани, шу туфайли ўртача катталикда бўлган Славянск шаҳрини танлаганини айтганди: «Бир томондан, [шаҳар] етарлича аҳамиятга эга, бошқа томондан биз бу ерда халқ ҳокимиятини тезлик билан ўрнатишимиз мумкин эди. Халқ томонидан қўллаб-қувватланган ҳокимиятни».

«Рус баҳори» курашчилари учун Славянск рамзий аҳамиятга эга бўлса, Украина қуролли кучлари учун сиёсий томондан бу шаҳар бошқа ҳар бир аҳоли пункти каби муҳим, ҳарбий жиҳатдан эса - таянч пункти ва яхши мустаҳкамланган истеҳком сифатида.

Расмий манбалар нималар дейишмоқда?

Россия томонининг 9-10 июн кунлардаги брифингларида Славянск тилга олинмаган.

Украина Бош штаби пайшанба куни ҳам, жума куни ҳам Донбассда шиддатли жанглар давом этаётгани ҳақида хабар қилган.

«Русларнинг Cлавянск йўналишидаги ҳаракати Славянск ва Барвенково йўналиши бўйлаб ҳужумларни давом эттиришга қаратилган. [...] Ўт очиш тизимларидан фойдаланиш ҳисобига босқинчилар Богородичное ва Долгенькое яқинида штурм амалиётлари бошлаган, ҳарбий ҳаракатлар давом эттирилмоқда», дейилган Украина Бош штабининг 9 июн кунги ахборотида.

Богородичное қишлоғи Славянскдан 16 километр шимолда, Долгенькое - 22 километр шимоли-ғарбда жойлашган.

Украина армияси маълумотига кўра, Лиман йўналишида россиялик кучлар фаол ҳаракатлар олиб боришмаяпти.

«Рақиб Северодонецк мудофаасидаги заиф нуқталарни излаш бўйича бесамар ҳаракатларини давом эттирмоқда», дея қўшимча қилинади украинлар маълумотида.

10 июн куни эса Украина томони Россия қўшини Бахмут томон яқинлашаётгани тўғрисида хабар қилган, аммо Славянск йўналишида фаол ҳаракатларни қайд этмаган.

Бу нимани англатади?

Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) таҳлилчилари фикрича, Россия кучлари Святогорск ҳудудида ва Лимандан ғарбдаги ҳарбий ҳаракатларни давом эттирмоқда, бундан мақсад Изюм жануби-шарқидаги қўшинлар билан бирлашиб, Славянскка ҳужум бошлаш ҳисобланади. 

Славянскка ҳужум уч йўналишда - шимоли-шарқдан (яқинда босиб олинган Лиман томондан), шимолдан (шу кунларда эгалланган Святогорск томондан) ва шимоли-ғарбдан- Россия кучларининг йирик гуруҳи жойлашган Изюм плацдармидан амалга оширилиши мумкин.

Аммо бунинг барчаси осон эмас. Шимол ва шимоли-шарқдан Славянскка юриш табиий сув тўсиғи - баланд қирғоқларида Украина армияси кучлари мудофаа чизиғини ташкил этган Шимолий Дон дарёси билан тўсилган. Бу дарёни кечиб ўтиш учун аввалги уринишлар Россия армиясининг катта муваффақиятсизлиги билан якунланганди.

Славянскка шимоли-ғарбдан ҳужум қилиш учун россиялик ҳарбийлар Шимолий Донни кечиб ўтишига ҳожат йўқ, аммо шаҳар атрофидаги ҳудудларга етиб келиш учун ҳам эшелонларга бўлинган, бир неча қаватдан иборат мудофаа чизиғини ёриб ўтиш талаб этилади.

«ДХР»нинг Славянск учун жанглар бошлангани ҳақидаги баёноти ҳақиқатга мос келиши учун Шимолий Дон дарёси Лиман ёки Святогорск томондан кечиб ўтилиб, жануб ва жануби-ғарб томон тезкорликда ҳаракатланиш рўй берган бўлиши ёки Изюм йўналишидан ҳужум қилиниб, украинларнинг 15 километрлик мудофааси ёриб ўтилган бўлиши керак эди.

Аммо Россия-Украина уруши позицион босқичга ўтганидан буён тарафларнинг ҳеч бири томонидан бундай муваффақиятли юриш кузатилмаган, сўнгги кунларда рўй берган тақдирда эса - бу ҳақда россияпараст нашрларнинг барчаси жар солган бўлар эди.

«Хайрли тонг, Славянск! Тун сокин кечди. Троллейбуслар маршрутларга чиқишди. ПриватБанк банкоматлардан пул йиғишни режалаштирмоқда», дея ёзган чоршанба куни Славянск ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Лях.

10 июн куни Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко «ДХР» ҳудудий мудофаа кучларининг Славянскка ҳужум қилинаётгани тўғрисидаги маълумотини рад этди. Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари «мудофаани ушлаб турибди» ва россиялик ҳарбийлар шаҳар томон илгарилай олишмаган.

ISW таҳлилчиларининг навбатдаги ахборотида ҳам россиялик ҳарбийлар Славянскдан шимолдаги ҳудудларда айрим муваффақиятларга эришаётгани, аммо шаҳарнинг ўзини штурм қилишда тактик муаммоларга (бу Шимолий Дон дарёсини кечиб ўтиш билан боғлиқ) дуч келаётгани ҳақида хабар қилинган.

Северодонецкда эса украин позицияларини штурм қилиш давом этмоқда.

Северодонецк тинимсиз ўққа тутилмоқда. Фото: Getty Images

Северодонецк билан боғлиқ вазият қандай?

31 май куниёқ Рамзон Қодировнинг Северодонецкни «тозалаш ишлари» якунлангани ҳақида берган баёноти ҳисобга олинмаса, Россия нашрлари шаҳар атрофидаги вазиятни ёритишда камтар бўлишмоқда. Асосан ҳар куни оғир жанглар давом этаётганини айтиш билан кифояланишмоқда. Украина Бош штаби ҳам шундай.

«Душман бўлинмаларимизни миномётлар, артиллерия ва баравар ўт очиш реактив тизимларидан ўққа тутмоқда. Северодонецк, Лисичанск, Привил, Устиновка, Горное ва Екатериновка аҳоли пунктларида фуқаролик инфратузилмаларига ҳам зарбалар йўлланмоқда. Босқинчилар Тошковке бўйлаб авиазарбалар беришди ва муваффақиятсиз штурм ўтказишди», - дейилган Украина Бош штаби маълумотида.

Украиналик аскар Северодонецк фронтидаги жанглар вақтида жанговар позицияни эгалламоқда.
Oleksandr Ratushniak / AP / Scanpix / LETA

Северодонецк штурми бошланиши ва Россия ҳарбийлари Попаснаядан ғарбдаги ҳудудларга таҳдид сола бошлашидан кейин таҳлилчилар Украина қўмондонлиги бу мураккаб вазиятга қандай реакция қилиши борасида турлича тахминлар билдиришганди - жумладан Северодонецк гуруҳи жанубга чекиниши ва фронт чизиғи хавфли йўналишларда мустаҳкамланиши.

Аммо Украина қуролли кучлари қўмондонлиги ўз йўлини давом эттирди: Северодонецк гуруҳига ёрдам учун енгил қуролланган бўлинмалар жўнатилди, бу орқали айрим нуқталарда душманга жиддий зарбалар берилди ва бостириб келаётган қисмлар ортга чекинтирилди. Шу билан бир вақтда шаҳардан оғир артиллерия Лисичанскка олиб ўтилди, бу шаҳар бироз баландроқ жойлашгани ҳисобига атрофга барча йўналишлар бўйлаб ўт очиш имконияти оширилиб, қанотлар ҳам мустаҳкамланди.

Афтидан, Украина армияси Северодонецкни Мариупол билан бўлгани каби охиригача ушлаб турмоқчи - украин ҳарбийлари аввалига шаҳар кварталларида қаршилик кўрсатиб, кейин «Азот» кимёвий заводи ҳудудида мустаҳкам ўрнашилиши мумкин. Аммо бир фарқи бор, Северодонецк тўлиқ қуршовга тушмайди - мудофаачилар ортида денгиз эмас, дарё ва қўллаб-қувватловчи оғир батареялар бўлади.

Мавзуга оид