Ўзбекистон | 08:29 / 10.06.2022
6683
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат яна 2 та давлат хизмати бўйича маъмурий регламентни тасдиқлади

Ҳукумат қарори билан яна 2 та давлат хизмати бўйича маъмурий регламентлар тасдиқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Фото: Давлат хизматлари маркази

Улардан биринчиси - болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги экспертларни аккредитация қилиш бўйича.

Регламентга кўра, ариза берувчи ДХМга бевосита ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП (https://my.gov.uz/uz)) орқали электрон мурожаат қилади.

Ариза берувчилар олий маълумотга, педагогика, ёшга оид психология ва физиология, болалар психиатрияси соҳаларида билимларга (диплом ёки сертификатга) эга бўлиши керак.

Сўровнома тўлдирилиб, 7 иш кунида ўрганиб чиқилади. Ариза берувчини аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингач, талабгор 1 кун ичида аккредитациядан ўтказилади. Эксперт аккредитация қилинганлиги тўғрисида гувоҳнома 5 йил муддатга берилади.

Иккинчиси - давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш бўйича.

Регламентга кўра, ариза берувчи бунинг учун ДХМга бевосита ёки ЯИДХП орқали электрон мурожаат қилади.

Сўровнома тўлдирилади ҳамда ваколатли орган (президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) 15 иш кунида ариза берувчини аттестацияга қўйиш ёки қўйилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади. Ваколатли орган аттестация гуруҳи шаклланишига қараб талабгорларни аттестациядан ўтказади (5–10 та саволдан иборат оғзаки суҳбат). 

Аттестацияда қатнашишдан четлаштирилган талабгор 6 ой давомида кейинги аттестацияларга қўйилмайди. Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари ҳар 3 йилда аттестациядан ўтади.

Мазкур давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид