Ўзбекистон | 08:36 / 10.06.2022
12923
4 дақиқада ўқилади

Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти ташкил этилди

Президент “Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Наманган вилояти ҳокимлигининг Наманган шаҳрида Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Белгиланишича, институт юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади.

Қуйидагилар институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

халқаро баҳолаш дастурларидан (PISA, TALIS, PIRLS) фойдаланган ҳолда ўқитишнинг замонавий шакллари ҳамда методларини жорий этиш, ушбу билим ва кўникмаларга эга бўлган олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;

ўз таълим дастурларини халқаро тан олинган ташкилотлар олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим муассасаларининг дастурлари асосида шакллантириш;

чет тилларини ўқитишнинг интерфаол воситаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида чет тилларини ўрганишни оммавийлаштиришга кўмаклашиш;

таълимни замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этиш, ўқув жараёнига рақамли технологияларни татбиқ қилиш, талабаларда синхрон, бадиий, кетма-кет ҳамда илмий-техник таржима кўникмаларини шакллантириш;

чет тиллар бўйича маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар билан ҳамкорликда янги авлод ўқув адабиётларини яратиш, ахборот-ресурс марказларни замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш ҳамда уларни мунтазам янгилаб бориш;

институт илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;

таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, қўшма таълим дастурлари ҳамда илмий лойиҳаларни амалга ошириш.

Институтда ўқув жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади. Институтга қабул параметрлари белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб институт бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан 4 та кўникмани (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади. Бунда, чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади, чет тили бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан ўқишга кириш синовларида касбий (ижодий) имтиҳонсиз максимал балл берилади.

Институтда талабаларга иккита хорижий тил бўйича квалификация бериш амалиёти йўлга қўйилади. Институтнинг хорижий тилда мутахассислик фанларидан дарс берадиган С1 даражадан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга ўқитувчиларига уларнинг базавий лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб борилади.

Мавзуга оид