Жаҳон | 11:03 / 11.06.2022
50565
10 дақиқада ўқилади

Болалар қулатган самолёт: Россияда Airbus A310 нега ҳалокатга учраганди?

1994 йил 23 март куни Москва-Ҳонгконг йўналишида парвоз қилган Airbus A310 самолёти Кемерово вилоятида ҳалокатга учрайди, оқибатда унинг бортида бўлган 12 нафар экипаж аъзоси ва 63 нафар йўловчи ҳалок бўлади.

Фото: Kun.uz

Россия фуқаро авиацияси тарихида жуда кўп ҳалокатлар содир бўлган. Улар орасида 1994 йил Кемерово вилоятида ҳалокатга учраган Airbus A310 самолёти алоҳида ўрин эгаллайди. Мазкур самолётнинг ҳалокатга учрашига экипаж командири Airbus A310 бошқарувини вояга етмаган ўғли ва қизига топширгани сабаб бўлган.

Кемеровода ҳалокатга учраган Airbus A310 1991 йилда ишлаб чиқарилган ва ўша йили кузда илк синов парвозини амалга оширган. Самолётни 1992 йилда Аэрофлот авиакомпанияси лизинг шартлари асосида сотиб олган.

Airbus A310 ҳалокатга учраган кунгача унда бирон марта техник носозлик кузатилмаган ва самолёт 5 375 соат парвоз қилиб, 846 марта учиш-қўнишни амалга оширганди.

Airbus A310 самолёти қарийб 200 нафар йўловчи ўрнига эга бўлса ҳам, ўша куни унинг бортида 63 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзолари бўлган.

Йўловчиларнинг 40 нафари ва экипаж аъзолари Россия фуқаролари бўлган. Бундан ташқари Airbus A310 бортида 6 нафар Хитой, 6 нафар Ҳонгконг, 5 нафар Тайван, 4 нафар Буюк Британия, 1 нафардан Ҳиндистон ва АҚШ фуқаролари бўлган.

Йўловчилар орасида таниқли кинорежиссёр Игор Алейников ва Россиядаги «Химволокно» корхонаси бош директори ҳам бўлган.

Ҳалокат

Airbus A310 Москва вақти билан соат 20:39 да Шереметево аэропортидан ҳавога кўтарилади. Соат 00:26 да экипаж командири Кудринский учувчилар кабинасига 13 ёшли қизи Яна ва 15 ёшли ўғли Элдарни чақиради.

Самолёт Кемерово вилоятида жойлашган Новокузнецк шаҳри тепасидан учиб ўтаётганида Кудринский қоидаларга зид равишда самолёт бошқарувини қизи ва ўғлига беради. Бу пайтда экипажнинг бошқа аъзолари самолёт салонида дам олаётганди. Шунингдек, учувчилар кабинасида Кудринскийнинг дўсти ҳам бўлган.

Кудринский самолёт бошқарувини болаларига беришдан аввал автоматик бошқарув тизимини ёқади. Иккита штурвални болаларига топширгач, у хотиржам ҳолда дўсти билан самолёт салонига чиқади.

Самолёт бошқарувига ўтирган Элдар қизиқиш билан олдида қатор турган тугмаларни босиб кўра бошлайди. Ана шунда у ўзи билмаган ҳолда автоматик бошқарув тизимини ўчиради. Кейин эса самолётнинг аэродинамик бошқарув тизимини ишга тушириб юборади.

Шундан сўнг самолётнинг бошқарув тизими ўча бошлайди ва бу ҳақда огоҳлантириш чироғи ёнади. Аммо Airbus A310 самолётида автоматик бошқарув тизимининг ўчиш сигнали овозсиз бўлгани учун экипаж аъзолари буни сезишмайди. Оқибатда бошқарувсиз қолган самолёт силкина бошлайди. Учувчилар буни одатдаги ҳаво бўшлиғи билан тўқнашув деб ўйлаб эътибор беришмайди.

Фото: www.frequentflyers.ru

Самолётнинг силкиниб қулаётгани ҳақида биринчи бўлиб штурвални бошқариб кетаётган Элдар сезиб қолади ва дарҳол отасига хабар беради. Элдар штурвални ўнг томонга буриб юборгани учун самолёт қулаётганда кескин силкиниб, ўнг томонга оға бошлайди.

Кудринский ва яна бир учувчи аввалига самолётда нималар содир бўлаётганини, у нега қулаётганини тушунишмайди. Бироз ўтиб самолётда автоматик бошқарув тизими ўчирилганини сезиб қолишгач ўз ўринларига ўтириб, вазиятни қўлга олишга уринишади. Аммо самолёт жуда қаттиқ силкинаётгани учун бунинг иложи бўлмайди.

Учувчилардан бири амаллаб жойига ўтириб самолётни ўнглашга муваффақ бўлади. Аммо бу пайтда Airbus A310 ер сатҳига яқин келиб қолган эди. Самолётни тепага кўтаришнинг имкони бўлмайди.

Самолёт Кемерово вилоятининг Междуреченск туманида Кузнецк-Олатов тоғ ёнбағридаги ўрмонга қулаб тушиб, ёниб кетади. Оқибатда, самолёт бортида бўлган экипаж аъзолари ва йўловчиларнинг барчаси ҳалок бўлади. Бу пайтда соат тунги 2:00 эди. Самолёт қулаб тушгач, ёнаётиб 2 километрга сурилиб боради ва вафот этганларнинг жасади атрофга сочилиб кетади.

Фото: https://brodude.ru/

Қутқарув ҳаракатлари

Ҳалокат ҳақида биринчи бўлиб ўша атрофда жойлашган қамоқхона колониясида хизмат қилаётган ИИБ зобити хабар топади. У самолётнинг қулаб тушиб, ёниб кетганини кўриб қолганди. Зобит дарҳол ўз раҳбариятига ҳодиса ҳақида хабар беради.

1,5 ярим метр қалинликдаги қор, ўрмон ва ундаги ботқоқликлар қутқарувчилар, полиция ходимлари ҳамда ўт ўчирувчиларнинг самолёт қулаб тушган жойгача махсус техникаларда етиб боришига тўсқинлик қилади. Бунинг устига ҳаво ҳарорати 20 даража совуқ эди.

Қутқарувчилар чанғилар ёрдамида ҳалокат содир бўлган жойга тонгги соат 6:00 да етиб боришади. Бу пайтда самолётда тирик жон қолмаганди. Кейинчалик маълум бўлишича, йўловчилардан бири, ёш йигит ҳалокатда омон қолган ва у қутқарувчилар етиб боришидан бироз аввал вафот этгани ойдинлашади.

Барнаул шаҳридан келган махсус қутқарувчилар ҳалокат содир бўлган жойда тўрт кун ишлашади. Вафот этганларнинг жасадларини топиш, уларни катта йўлда кутиб турган транспортгача олиб чиқиш ишлари шунча вақтни олади.

Самолёт ҳалокатга учраган жойдан йўловчиларга тегишли бўлган кўп миқдорда АҚШ доллари, тилла тақинчоқлар ва бошқа қимматбаҳо буюмлар топилади. Қутқарувчилар уларни талаб кетмаслиги учун топилган нарсаларни, пулларни тўрт кун давомида ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмаси қўриқлашига тўғри келади.

Ҳодиса юзасидан ўтказилган суриштирувлар

Ҳалок бўлганларнинг жасадлари олиб кетилгач, самолёт бўлаклари ҳам йиғиштириб олинади ва қора қути билан биргаликда Новокузнецк аэропортига олиб борилади.

Фото: www.yaplakal.com

Ҳалокат сабабларини ўрганиш учун комиссия ташкил қилинади ва энг аввал қора қутидаги ёзувлар эшитилиб кўрилади. Ана шунда экипаж командирининг самолёт бошқарувига қизи ва ўғлини ўтқазгани маълум бўлади.

Қора қутидаги аудиоёзувлар эшитиб кўрилганда, самолёт қулаб туша бошлагач учувчилар анча вақт давомида ўз ўрнига ўтира олмагани ва Элдарга самолёт бошқарувини ўнглаш учун турли буйруқлар беришгани маълум бўлади.

Шунингдек, учувчилар анча уриниб, бошқарувни ўз қўлига олганда самолёт ер сатҳига жуда яқин келиб қолгани ойдинлашади.

Аудиоёзувларда Элдар учувчиларнинг махсус терминларини тушунмагани ва улар айтган буйруқларни тўғри бажара олмагани эшитилиб турарди. Масалан, учувчилар унга «штурвал тўғрига» дейишади. Элдар бу буйруқни эшитиб ўнгга оғаётган самолёт бошқарувини тўғрилаш ўрнига штурвални ўша ҳолатда қаттиқ ушлаб тураверади. Оқибатда Airbus A310 ўнг омонга оғишда давом этади.

Бундан ташқари, бир пайтнинг ўзида отаси, унинг дўсти ва иккинчи учувчининг баланд овозда кетма-кет бераётган буйруқлари Элдарни саросимага солиб қўяди. Оқибатда у учувчиларнинг биронта буйруғини эплаб бажара олмайди.

Россияда аввалига қора қутидаги аудиоёзувларни ва ҳалокат сабабларини яширишга уринишади. «Аэрофлот» таркибига кирувчи «Россия авиалиниялари» авиакомпанияси бош директори Валерий Эксузиан самолёт портловчи модда билан самонинг ўзида портлатилган, дейди.

У исбот тариқасида учувчилардан бири ва яна 3-4 нафар йўловчининг мияси текшириб кўрилганда улар портлашдан сўнг ҳосил бўлган ис газидан заҳарлангани ҳақида маълумотлар келтиради. Буларнинг барчаси ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига катта миқдорда товон пули тўлашдан қочиш учун эди.

Аммо Халқаро авиация қўмитаси Airbus A310 ҳалокатига самолёт бортидаги портлаш эмас, айнан учувчиларнинг масъулиятсизлиги сабаб бўлганини айтиб, далил сифатида қора қутидаги аудиоёзувларни келтиради.

Ҳодисадан 1 йил ўтиб, 1995 йил 22 март куни ҳалокат сабаблари бўйича якуний хулоса эълон қилинади. Унда, ҳалокат учувчиларнинг масъулиятсизлиги ва экипаж командири Кудринский бошқарувни 13 ёшли қизи ва 15 ёшли ўғлига топширгани ортидан содир бўлгани айтилади. Шу билан бошқа тахминларга нуқта қўйилади.

Шундан сўнг ҳодисада ҳалок бўлганларнинг яқинлари товон пули талаб қилиб авиакомпанияни судга беришади. Ҳодиса учун тўғридан тўғри жавобгар бўлган «Аэрофлот» ҳар бир ҳалок бўлган йўловчи учун 20 минг доллардан тўлаб беради.

Кейинчалик маълум бўлишича хорижий парвозлар билан муаммо келиб чиқмаслиги учун «Аэрофлот» ҳалок бўлган хорижликларнинг оила аъзоларига 40 мингдан 100 минг долларгача маблағ тўлаб бергани маълум бўлади.

Фото: rusplt.ru

Шундан сўнг россиялик йўловчиларнинг оила аъзолари кўпроқ товон пули олиш учун бир неча бор судга мурожаат қилишади. Аммо натижа бўлмайди.

Ҳалокатдан хулосалар

Airbus A310 ҳалокатидан сўнг Халқаро авиайўловчилар ассоциацияси собиқ иттифоқ республикаларида учувчилар ўз ишига масъулият билан ёндашмаётгани ва бу салбий оқибатларга олиб келаётганини айтиб чиқади. Ассоциация МДҲ давлатларидаги авиакомпанияларига бунинг олдини олиш лозимлиги ҳақида тавсиялар беради.

Ҳалокатдан беш ой ўтиб, 1994 йил 1 август куни «Аэрофлот» ўзининг ихтиёрида бўлган яна тўртта Airbus A310 самолётларининг парвозларини вақтинча тўхтатади.

Ҳалокатдан бироз ўтиб «Аэрофлот» Москва-Ҳонгконг йўналишидаги парвозда Boeing 777 самолётидан фойдалана бошлайди. Шунингдек, парвозлар вақтида учувчилар кабинасига бегона шахсларнинг киришини тақиқловчи қоида қаттиқроқ назорат қилина бошланади.

Шунингдек, Airbus компанияси Кемереводаги ҳалокатда A310 самолётида кузатилган жиддий камчиликлар устида ишлай бошлайди. Жумладан, компания Airbus A310 самолётларидаги автоматик бошқарув тизимини ёқадиган тугманинг ишлаш жараёнини ўзгартиради.

Кейинги ишлаб чиқарилган самолётларда мазкур тугмани 10 килограмм оғирликдаги куч билан ёки 30 секунддан кўп бўлган вақт мобайнида босиб турсагина ишлайдиган қилиб ўзгартиришади.

Бундан ташқари, компания автоматик бошқарув тизими бўйича яна бир ўзгариш қилади. Унга кўра, Airbus A310 бошқарилаётганида икки нафар учувчи маълум бир вақтда ҳеч қандай ҳаракат қилмаса самолётдаги автоматик бошқарув тизими ўз-ўзидан ишлаб кетадиган функция қўшилади. Шундан сўнг Airbus A310 самолётларидаги хавфсизлик тизимлари анча мукаммал кўринишга келади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид