Жамият | 20:15 / 11.06.2022
2666
2 дақиқада ўқилади

Зоминда сел келиб, ҳовлиларни ва экин майдонларини босди

Кучли ёмғир учта қишлоқда сел оқишига ва аҳоли яшаш уйларининг ҳовлиси, экин майдонларини сув босишига сабаб бўлган.

Фото: ФВБ матбуот хизмати

Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, бугун, 11 июнь куни Зомин туманининг «Дуоба» ҚФЙда қисқа муддатли кучли ёғингарчилик оқибатида сел оқимлари кузатилган.

Кучли жала ёмғирлари ёғиши оқибатида, Усмонлисой, Сувлисой ва Саркамар қишлоқларидан ўтган ариқ сувлари ўзандан тошиб чиқиб, ёндош ҳудудда жойлашган айрим аҳоли яшаш уйларининг ҳовлиси, экин майдонларини сув босган.

Мазкур вазият юзасидан вилоят ФВБ раҳбарияти ва қутқарув бўлинмалари зудлик билан ҳодиса жойига етиб боришган.

«Ҳозирда қутқарувчилар томонидан сув оқимларини хавфсиз ўтказиб борилишини таъминлаш бўйича барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Вазият тўлиқ назорат остига олинган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ», дейилади вилоят ФВБ хабарида.

Аввалроқ, «Ўзгидромет» 10−14 июн кунлари Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир, айрим жойларда дўл ёғиши сабабли тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел келиш хавфи ҳақида огоҳлантирганди.

Мавзуга оид