Жаҳон | 21:39 / 14.06.2022
47631
11 дақиқада ўқилади

Северодонецкдаги кўприклар яксон қилинди: «Азот» «Азовстал» тақдирини такрорлайдими?

Россия қўмондонлиги Северодонецк ғарбидаги «Азот» кимёвий комбинатида ҳимояланаётган украин ҳарбийларига қуролларни ташлаб таслим бўлишни таклиф қилган ва бунинг эвазига уларнинг ҳаёти сақлаб қолиниши ҳамда инсоний муносабатда бўлиниши ваъда қилинган.

Северодонецкнинг Лисичанскдан кўриниши. Фото: Getty Images

Россия мудофаа вазирлиги «Азот»да бошпана топган тинч аҳоли вакилларини эвакуация қилишни ҳам таклиф этмоқда. «Бунинг учун 15 июн куни Москва вақти билан соат 08:00 дан соат 20:00 га қадар шимолий йўналишда Сватово шаҳри томон гуманитар йўлак очилади», деган РФ мудофаасини бошқариш миллий маркази бошлиғи Михаил Мизинцев.

Северодонецк учун май ойи охиридан буён шиддатли жанглар давом этмоқда, украин ҳарбийлари қатор қарши ҳужумлар амалга оширди, аммо якунда барибир чекиниб, шаҳардаги «Азот» кимёвий заводида мудофаани эгаллади. Завод ҳудудида кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳам яширинган. Шаҳардан дарё ғарб томон чекиниш мумкин бўлган барча кўприклар бузиб ташланган.

DW билан суҳбатда Украина мудофаа вазирлиги маслаҳатчиси Юрий Сакнинг айтишича, гуманитар нуқтайи назардан Северодонецкдаги вазият «жуда ва жуда оғир» ва бу вазият қамалдаги Мариуполни эслатади.

«Кўча жанглари олиб борилмоқда. Алоҳида жойларда Украина армияси қарши ҳужум уюштирмоқда, Украина қисқа муддат ичида керакли оғир қуролларга эга бўлса, бундай ҳужумлар янада самаралироқ бўлиши мумкин», - деган Сак.

Душанба куни Шимолий Дон орқали ўтган, шаҳарни қўшни Лисичанск билан боғловчи сўнгги кўприк ҳам яксон этилгани маълум бўлди. Шаҳарни ҳимоя қилаётган украин ҳарбийлари чекинишга ва «Азот» заводида ўрнашишга мажбур бўлган, энди эса улар асосий кучлар билан қуруқлик орқали алоқани йўқотган.

Украин ҳарбийлари 2,5 ой давомида тўлиқ қуршовда қолган ҳолда мудофааланган ва охир-оқибат таслим бўлган Мариупол ва «Азовстал» билан ўхшашлик мавжуд. Аммо Северодонецк ва «Азот» заводи билан боғлиқ вазиятга улар қанчалик мос?

«Азовстал» ва «Азот» учун жангларнинг ўхшашлиги

«Азовстал» ва «Азот» каби йирик корхоналар - совет саноатининг ҳарбий-йўналтирилган мероси ҳисобланади. Улар аввалбошдан уруш даврида ишлаб чиқариш билан шуғулланиш, душман яқинлашганда эса мустаҳкамланган истеҳкомга айлантирилиши мўлжалланган.

Украина армияси бундан аллақачон фойдаланди. Саноат ҳудудида мудофааланиш бостириб келаётган қисмларни жиддий даражада ҳолдан тойдиради, муҳими рақибнинг катта кучини ўзи билан ушлаб туради ва бу орқали захирадаги кучларни тайёрлаш ва янги мудофаа чизиғини эгаллаш учун вақтдан ютилади.

Метин деворлар ва томлар, бомбапанагоҳлар ва ерости коммуникация тизимлари мавжудлиги, ўқ-дори ва озиқ-овқатнинг улкан захираларини яратиш имконияти борлиги, бу вақтда душманда аниқ режа ва схемалар бўлмаслиги - буларнинг бари ҳужум қилувчи томоннинг ҳаракатларини жуда қийинлаштиради.

Мариупол ва «Азовстал» учун жанглар март ойи бошидан май ойи ўрталарига қадар давом этди. Икки томоннинг йўқотишлари ҳақида ҳам аниқ маълумотлар йўқ. Россия мудофаа вазирлигига кўра, «Азовстал» ҳудудида бўлган жами 2439 нафар украин ҳарбийси асир тушган. Киев улар шаҳар мудофаасида Россиянинг йирик гуруҳларини ушлаб туриш орқали ўз вазифасини адо этганини маълум қилган.

Россиялик ҳарбийлар Северодонецкка май ойи охирида етиб келишди. Ўшандан буён шаҳарда қақшатқич кўча жанглари давом этмоқда. Мариуполда бўлгани каби Украина қуролли кучлари жангчилари саноат ҳудудида мустаҳкам ўрнашган, улар билан эвакуациядан бош тортган ёки кетишга улгурмаган тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.

Украина ҳукумати маълумотига кўра, «Азот»да 500 нафар атрофида оддий фуқаролар яширинган, шундан 40 нафари - болалар.

Аммо жиддий фарқлар ҳам бор

Мариупол ва «Азовстал» билан таққослаганда Северодонецк ва «Азот» заводи мудофаасида «плюс» ва «минус»лар бор.

«Плюс»лар

Ҳозирча россиялик ҳарбийлар қўшни Лисичанскни эгаллай олишмаган, шундай экан, гап Северодонецкдаги бутун украин ҳудудини қуршаб олиш ҳақида кетмайди. Мудофаачилар ортидаги Шимолий Дон тўсиқ, аммо умуман ўтиб бўлмайдиган тўсиқ эмас.

Россия жанговар катерлари билан тўсиб қўйилган Азов денгизидан фарқли ўлароқ, дарё орқали кечиб ўтишни ташкил қилиш ва у орқали таъминотни давом эттириш мумкин. Бу осон эмас, аммо у орқали сузиш имкони мавжуд.

Душанба куни Луганск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай ҳам коммуникация ва «Азот»дан яраланганларни олиб кетиш имконияти борлигини тасдиқлади.

Комбинатда мудофааланаётган украин бўлинмалари Лисичанскда жойлаштирилган артиллерия орқали жиддий қўллаб-қувватланмоқда - бу қуролларнинг бир қисми қулайроқ позицияда бўлиши учун Северодонецкдан олиб чиқилган. Бу икки шаҳар бир-бирига ёндош жойлашган ва душман «Азот»га яқинлашиб келгудек бўлса, кичик масофадан ўқ узувчи қуроллар учун ҳам осон нишонга айланади.

«Минус»лар

Северодонецкдаги «Азот» заводи майдони Мариуполдаги «Азовстал»никидан қарийб икки баробар катта, шу туфайли унинг чеккаларини ҳимоялаш учун кўпроқ аскарлар жойлаштириш керак бўлади.

Северодонецкда қанча украин ҳарбийси борлиги ва Украина қуролли кучлари шаҳарни қачонгача мудофаа қилмоқчи экани номаълум.

Бундан ташқари, «Азов»да ҳам бомбапанагоҳ ва ерости туннеллари бўлса-да, заводдаги бошпаналар Мариуполнинг «Азовстали»даги каби мустаҳкам эмас. Бу ҳақда 2 июн куни Сергей Гайдай ҳам айтганди. «Азот» бу ҳудудида улкан ерости шаҳар жойлашган «Азовстал» эмаслиги аниқ», деганди у.

«Азот»ни эгаллашнинг мураккаблиги нимада?

Жиддий мустаҳкамланган «Азов» кимёвий комбинатини эгаллашнинг уч асосий йўли мавжуд: қамал, штурм ва артиллерия ҳамда авиация орқали мудофаа иншоотларини йўқ қилиш. Бири иккинчисини истисно этмайди, бу ҳаракатлар бирлаштирилиши ҳам мумкин, аммо нюанслар бор.

Қамал

Кимёвий комбинат ҳудудида яширинган гарнизонни қамал қилиш варианти Россия қўмондонлигини қаноатлантириши даргумон. Биринчидан, қамал қилувчи қўшинлар қўшни Лисичанск шаҳридан туриб мунтазам равишда артиллериядан ўққа тутилади ва бу катта йўқотишларга олиб келиши мумкин. Қолаверса, бу шаҳар дарёнинг бу томонида ва анча юқорида жойлашган. Умуман олганда, амалиётнинг чўзилиши бостириб келувчи томон учун фойдали эмас.

Иккинчидан, украинлар қарши ҳужумга ўтса, завод ҳудудидан плацдарм сифатида фойдаланилиши мумкин - россияликлар дарёни кечиб ўтиб, кучларини рақиб назоратидаги қирғоқда жойлаштиришидан кўра украинлар ўз кучларини олдинги чизиқдаги ҳарбийлари назоратида қолаётган участкага ўтказиши осонроқ кечади.

Учинчидан эса, украин қўшинини «Азот» заводи ҳудудидан сиқиб чиқармай туриб, Северодонецк эгаллангани ҳақида ҳисобот бериб бўлмайди.

Штурм

Душманнинг ўт очиш нуқталари бостирилмаган (аксарининг позицияси ҳали аниқланмаган ҳам) шароитда узоқ вақт мудофаага тайёрланган бундай йирик комплексга юзма-юз бориш жуда хавфлидир. Бостириб борувчи томон катта йўқотишларга учраши кафолатланади.

Ва ҳатто «Азот» муваффақиятли штурм қилинган тақдирда ҳам бу Украина қуролли кучлари назоратида қоладиган Лисичанск муаммосини ҳал қила олмайди. Украина батареялари завод ҳудудига кирган россиялик ҳарбийларига тўғридан тўғри зарба бериши мумкин.

Лисичанск ҳам деярли ҳар куни ўққа тутилмоқда. Фото: Marcus Yam / Los Angeles Times via Getty Images

12 июн куни «Интерфакс» «Луганск халқ республикаси» халқ кенгаши вакилига асосланиб, «Азот» заводини штурм қилиб олиш режалаштирилмаётгани ҳақида хабар берди - у ердагилар украин ҳарбийлари бу ерда ҳам таслим бўлишга мажбур бўлишини кутишади.

Режали ўққа тутиш ва авиазарбалар

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини бутунлай йўқ қилишнинг уддасидан чиқилмагани туфайли Россия авиациядан фойдаланишда чекланишга мажбур.

Мариуполни бутунлай қуршовга олиш бошқа иш - у ерда қамалнинг ташқи ҳалқаси шаҳардан 100 ва ундан ортиқ километрга чўзилган, ўрта ва катта масофага отувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари йўқ қилинганди. Бундай шароитда россияликларнинг бомбардимончи самолётлари ҳеч қандай тўсиққа учрамаган ҳолда «Азовстал» устига турли бомбалар ёғдириб, мудофаа истеҳкомларини йўқ қилиши мумкин эди.

Северодонецк осмонида авиация қўллаш эса жуда таҳликали - бутун ҳаво кенглиги украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кузатувида турибди. Қолаверса, бу ерда қўққисдан ҳужум қилиш омили йўқ - ҳужум объекти аниқ, рақиб қаердан ҳужум бўлишини тахминан билади ва уни қайтаришга тайёр туради.

Аммо украин позициялари бўйлаб силлани қуритувчи зарбалар беришга қодир оғир артиллерия бор.

14 июн куни Луганск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайнинг хабар қилишича, шаҳарни штурм қилиш давом эттирилмоқда, душман кўп қаватли турар жой биноларини ва саноат объектларини вайрон қилишда давом этмоқда.

«Азот» ва «Стеклопластик»даги объектларга зарбалар берилди. Кўприк ва област фавқулодда вазиятлар хизмати биноси вайрон бўлди, атрофдаги Синецкий ва Павлоград посёлкалари ўққа тутилмоқда. Ҳар куни қурбонлар ҳақида хабарлар келмоқда, отишмалар тўхтамаётгани туфайли уларга етиб бориш қийин бўлмоқда. Северодонецкнинг эски районларида жуда кўп қаватли уйлар шикастланган, уларнинг айримларини Россия армияси шундай ўққа тутмоқдаки, бинолар ер билан битта бўлмоқда», - деган у.

Американинг Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) экспертлари ҳисоблашича, Россия армияси ҳамон Лисичанскни ўраб олиш  учун ундан жанубдаги мудофаа линиясини ёриб ўтишга ёки Шимолий Донни кечиб ўтишга мажбур бўлмаслик учун унга ғарбдан ҳужум қилиш имкониятига эга бўлишга интилмоқда.

ISW нинг Украинадаги жанглар тўғрисидаги кунлик ҳисоботига кўра, жанубдаги рус қўшинлари Лисичанск томон юришни давом эттириш учун (шимолга) Лисичанскдан жануби-шарқда жойлашган Тошковка посёлкасига муваффақиятсиз юриш қилмоқда.

Мавзуга оид