Жаҳон | 15:16 / 14.06.2022
9764
3 дақиқада ўқилади

Украина суди иккита россияпараст партия фаолиятини тақиқлади 

Апелляция суди бундан аввал Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши томонидан тақиқланган «Социалистлар» ва «Адолат ва тараққиёт» партияларининг фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди.

Фото: MAGO

Львовдаги саккизинчи маъмурий апелляция суди иккита россияпараст партиялар - «Социалистлар» ва «Адолат ва тараққиёт» партияларининг фаолиятини тақиқлади. 13 июнь, душанба куни у Адлия вазирлиги томонидан май ойида тақдим этилган даъво аризаларини қисман қаноатлантирди.

«Сизларга шуни маълум қиламизки, суд Украина Адлия вазирлигининг даъволарини қисман қаноатлантирди: «Социалистлар» сиёсий партиясининг фаолияти тақиқланади; партиянинг маблағлари ва бошқа мол-мулки, унинг област, шаҳар, туман ташкилотлари, бошланғич ташкилотлари ва бошқа таркибий тузилмалари давлат мулкига ўтказилди», дейилади суд сайтида эълон қилинган баёнотда. Худди шундай баёнот «Адолат ва тараққиёт» партияси ҳақида ҳам эълон қилинди. Украина Адлия вазирлиги партия маълумотларини россияпараст деб ҳисоблади. Саккизинчи апелляция судининг қарори устидан Адлия вазирлиги ва Олий раданинг сайтларида эълон қилинган кундан бошлаб 20 кун ичида Украина Олий судига шикоят қилиниши мумкин.

«Социалистлар» партияси 2015 йил бошида рўйхатдан ўтган, 2019 йил ноябридан эса уни Евгений Аноприенко бошқариб келмоқда, дея таъкидлайди «Украинские новини» агентлиги. «Адолат ва тараққиёт партияси» дастлаб 1998 йилда «Халқ фаровонлиги ва ижтимоий ҳимояси учун» Умумукраина Чернобил халқ партияси сифатида ташкил этилган. 2018 йил апрель ойида у ҳозирги номини олди ва Алексей Шевченко унинг раҳбари бўлди. 

Март ойида - Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бир неча ҳафта ўтгач - Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши 11 та партиянинг фаолиятини тўхтатишга қарор қилди: «Мухолифат платформаси - Ҳаёт учун», Шарий партияси, «Бизникилар», «Мухолифат блоки», «Сўл мухолифат», «Сўл кучлар иттифоқи», «Держава», Украина прогрессив социалистик партияси, Украина социалистик партияси, «Социалистлар», «Владимир Сальдо блоки». 8 июнь куни суд «Мухолифат блоки» фаолиятини тақиқлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид