Жаҳон | 21:13 / 15.06.2022
28371
6 дақиқада ўқилади

Ҳаммаси ҳам бахтли якун топмаган: Қудуққа тушиб кетган болаларни қутқариш операциялари

Фото: KUN.UZ

Чироқчи туманидаги қудуққа тушиб, деярли бир сутка қолиб кетган 6 яшар болакайнинг қутқарилишига оид қисқа лавҳа ҳаммани тўлқинлантириб юборди. Кўпчилик ФВВ қутқарувчиларининг ҳаракатларини олқишлади, кўзига ёш олди.

Бундай қутқарув операциялари анча ноёб бўлса-да, дунё бўйича яқин йиллар ичида бир неча марта амалга оширилган. Ҳатто Ўзбекистонда ҳам кузатилган. Қуйида ана шулар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Алинани қутқариш

Фото: Associated Press

2001 йилда Руминиянинг Пипера номли шаҳарчаси кутилмаганда машҳур бўлиб кетди. Гап шундаки, 2 ёшли Алина Паскару исмли қизалоқ қудуққа тушиб кетади ва уни қутқариш учун ҳамма оёққа туради.

Қудуқ тор, бола эса ниманидир тушунишга ва ип ушлаб чиқишга ёшлик қиларди. Қудуқ атрофида ўра қазилади, аммо барибир кимдир юрак ютиб қудуққа осилиб тушиши ва болани олиб чиқиши шарт эди. Чунки қизалоқ 5 метр чуқурликда челак ва девор орасига тиқилиб қолган, қудуқнинг ўзи янаям чуқур, тезроқ қутқарилмаса, янаям пастга тушиб кетиши мумкин эди.

Қутқарувчилар тупроқ босиб қолишидан эҳтиёт бўлиб ишлашлари зарур бўлиб, 6 соат давомида турли йўлларни излашади. Бу пайтда ОАВ вакиллари етиб келишган, воқеа жойидан жонли эфирлар ҳам бошланганди. Шунда ўсмир қиз, озғингина Оана Фурника қудуққа тушишга тайёр эканини билдиради. Уни бели, оёғидан боғлаб, боши билан қудуққа туширишади. Дастлабки уриниш натижа бермайди. Оана ўзини тортиб олишларини сўрайди.

Бироз ўзига келиб олганидан кейин яна тушади ва Алинани қўллари билан тортиб чиқади. Ҳамма кўз ёшлар билан бу вазиятни олқишлайди. Шаҳар мэри Оанага ер участкаси ҳадя қилади, томошабинлар эса жасур қизга 5 минг доллар пул йиғиб беришади.

Хэнандаги операция

Хитойнинг Хэнан шаҳридаги қутқарув операцияси анча мураккаб кечган. Чунки 2 ёшли болакай роса 10 метрли бетон қудуққа тушиб кетган, ҳаёти жиддий хавф остида эди. Боланинг дўмбоқлиги иш беради ва у қудуқ ярмига бориб тиқилиб қолади. Дастлаб қутқарувчилар бола ёнига кислород қувури туширишади. Кейин қудуққа сиғадиган ходим топилади ва у болани олиб чиқади.

Болакай қалин кийиниб олгани боис озгина шилинмаларни айтмаса деярли жароҳат олмаганди.

Эркак болалигиданоқ эркак

Навбатдаги ҳодиса ҳам Руминияда содир бўлган. Уч ёшли бола қудуққа тушиб кетади ва ҳаёт-мамот орасида қолади. Яхшики қудуқда сув кам, боланинг белидан келарди. Лекин ўзини йўқотиб қўйган бола бир неча марта йиқилиб, бўкиб қолай деб турганди.

Шунда вазиятни кузатиб турган 13 ёшли Луи Кристиан исмли ўсмир қудуққа тушишга тайёрлигини билдириб, ҳаммани ҳайрон қолдиради. Қутқарувчилар унга қудуқ жуда торлиги, тиқилиб қолиб, ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигини билдиришади. Аммо Кристиан ўз сўзида қатъий туради ва оёғидан боғланиб қудуққа туширилади.

Кристиан болани олиб чиққандаги ҳолат ҳамманинг кўзини ёшларга тўлдирди. У “Мардлик” дипломи билан тақдирланади. Энг катта мукофот эса у бир боланинг ҳаётини қутқариб қолгани, ота-онани катта кўргиликдан асрагани эди.

Оддий болакай Райанни қутқариш ва катта фожиа

2022 йилнинг 1 февраль куни Марокаш шимолида жойлашган Игран қишлоғида Райан исмли бола 32 метр чуқурликдаги қудуққа қулаб тушади. Райаннинг отаси уни бир неча соат давомида қидирган, сўнгра унинг ер остига тушиб кетганини билиб қолган.

Қутқарувчилар дастлаб болани қандай қутқариш мумкинлиги ҳақида бош қотиришди. Чунки чуқурлик тор бўлиб, у ердан катта ёшдаги одамнинг пастга тушиши имконсиз эди. Содир бўлган воқеа Марокаш қироли Муҳаммад VI’ни ҳам бефарқ қолдирмади. У мутасадди идораларга болани қутқариш учун барча чораларни ишга солиш ҳақида топшириқ бериб, воқеалар ривожини шахсан ўзи узлуксиз кузатиб борди.

Райан тушиб кетган қудуқ диаметри 45 сантиметр бўлиб, у тоза ҳавосиз бўғилиб қолмаслиги учун чуқурликка кислород ниқоби, шунингдек, сув, овқат ва камера туширилди. Камера орқали боланинг аҳволи мунтазам кузатиб борилди. Жараён ОАВда тўлиқ ёритиб борилди.

Орадан 5 кун ўтиб қутқарувчилар қўлида бола билан туннелдан чиқиб келишди. Бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Маълум бўлишича, ер остида узоқ вақт давомида қолиб кетгани, шунингдек, бошидан олган жароҳати унинг ўлимига сабаб бўлган.

“Ҳайдар, мен билан гаплаш”

Жорий йил февралдаги яна бир воқеа. Афғонистоннинг Зобул музофотида 6 ёшли Ҳайдар 25 метрли қудуққа тушиб кетади. Дарҳол қутқарув операцияси бошланади, атроф қазилиб, тупроқ ташилади. Отаси ўзи адо бўлса-да боласи билан гаплашаркан унинг кўнглини кўтаришга ҳаракати қилади:

“Ҳайдар, мен билан гаплаш, ўғлим. Биз сени тез орада қутқарамиз. Хавотир олма”, – дейди у.

“Хўп ота, мен гаплашиб тураман” – жавоб беради болакай.

Операция 4 кун давом этади ва бола олиб чиқилади. Аммо унинг бор иродаси ота-онасини кўришгагина етганди. Бир неча марта ютоқиб нафас олган Ҳайдар ота-онасининг кўз ўнгида жон беради.

Ангрен ва кучук боласи

Қудуқдан қутқариш операцияси бўйича Чироқчидаги ҳолат Ўзбекистонда ҳам ягона эмас. Жорий йилнинг 7 январь куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳри Бунёдкор кўчасида бир фуқаро 16 метрли қудуқ ичига тушиб кетган кучук боласини олиб чиқмоқчи бўлган.

Аммо у осилиб тушаётган арқон кутилмаганда узилиб кетиб, қудуққа тушиб кетади. Қутқарувчилар фуқаро ва кучук боласини қудуқ ичидан олиб чиқишади.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзуга оид