«Мен ҳали бу ерга кўп келаман» — АҚШ қўмондони Ўзбекистонга сафари таассуротлари билан ўртоқлашди
Куни кеча Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла келишдан асосий мақсади минтақа хавфсизлигини таъминлашда зарур бўлган муносабатларни ўрнатиш эканлигини билдирди.
«Ўзбекистон минтақада етакчи, Ўзбекистоннинг хавфсизлиги эса минтақа хавфсизлигидир. Бу мен учун «бошқаларни тинглаш»га асосланган ташрифнинг бир қисмидир, бу Марказқўм масъул бўлган ҳудудлардаги мамлакатларга ташрифдир. Мен ҳар бир мамлакат раҳбариятидан улар дуч келаётган таҳдидлар, муносабатлардаги бўшлиқлар ва энг муҳими, шерикчилигимизни мустаҳкамлаш учун истиқболдаги имкониятлар ҳақида эшитишни истайман. Бу сафар якунида мен ўзимнинг 90 кунлик ҳисоботимни АҚШ раҳбариятига топшираман.
…Мен ўз кузатувларимда АҚШдаги бош қароргоҳимизда турган ҳолда эмас, балки шахсан ва юзма-юз учрашувдаги суҳбатларимизга асосланаман», – дейди АҚШ расмийси.
Генерал Курилла, шунингдек ташриф давомида унга Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов ҳамроҳлик қилгани ва у билан кўплаб муҳим масалаларни муҳокама қилганини таъкидлаган.
«Муҳокамалар чоғида биз ҳарбийларимиз 20 йил давомида тўплаган жанговар тажрибалардан олган сабоқлар билан бўлишиш имкониятини изладик. Бу сабоқлар қаторида жанговар тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳам бор. Сўнгги 20 йилдаги жанглар давомида қуролли кучларимиз технология, ҳарбий техника ва илғор тажрибалар тўплаш борасида кўп нарсаларни ўрганишди. Энди биз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан ўша олган тажрибамизни ўртоқлашамиз. Шунингдек, биз ўзбекистонлик ҳарбийлар америкалик ҳарбийлар учун қимматли бўладиган жанговар тайёргарлик, техника ва қоидаларни ҳам ўрганиб олишга умид қиламиз».
АҚШ Марказқўм раҳбари Ўзбекистон раҳбариятини Яқин Шарқдан ўз ватандошларини қайтариш бўйича қилган саъй-ҳаракатларини олқишлашини айтган.
Шунингдек, Майкл Курилла учрашувларда махсус амалиётлар бўйича икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўллари муҳокама қилинганини таъкидлаган.
«Бизнинг махсус амалиёт кучларимиз бўлишиш учун жуда катта тажрибага эга, аммо улар бу борада ўзбекистонликлардан ҳам ўрганишлари мумкин. Икки мамлакат махсус амалиёт кучлари ўртасида аллақачон мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган ва биз бу ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш йўлларини изламоқдамиз. Дарҳақиқат, ташрифим чоғида қўшма ўқув машғулотларида иштирок этаётган Америка ва Ўзбекистон махсус кучлари раҳбарлари соҳа янгиликлари борасида менга қисқа ҳикоя қилиб беришди», – дейди у.
Самарқандга ташрифи таассуротлари билан ҳам ўртоқлашган америкалик генерал ўзи гувоҳи бўлган кўпкари – халқ ўйинига қаттиқ қизиқиб қолганини ва кейинги сафар қатнашиш учун яна келишини айтган.
«Бир муддат ўзбек халқи билан бўлиш ҳаётимга катта маъно олиб кирди. Офисда ўтирган ҳолда бирор халқ маданиятини ҳис қилиб бўлмайди. Дунёнинг нариги чеккасида тураркан, видеоанжуман орқали мураккаб, жасур ва ажойиб бир жамиятни тушуниш ҳам осонмас. Бунинг ўрнига, Ўзбекистонни чин маънода англашни истаган киши вилоятларга бориб, рақсларини томоша қилиши, қўшиқларини эшитиши, кўпкарида беллашаётган тулпорларнинг жиққа терга ботишини кўриши, «Регистон» мажмуаси меъморчилигидан завқланиши лозим.
Ташрифим чоғида кўрганим кўпкари иштирокчиларининг маҳорати, шижоати ва саботи мени шу қадар қизиқтириб қўйдики, бу йил салқин ойларда бу мусобақада ўзим ҳам иштирок этиш учун яна қайтиб келишга қарор қилдим
Бу мен учун ажойиб ташриф бўлди. Лекин бу охирги сафарим эмаслигига ишончим комил. Айниқса, бу ерда кўрганларим, эшитганларим ва учрашганим дилкаш одамлар мени бу ерга яна келишга ундамоқда. Мен ҳали бу ерга кўп келаман. Тез орада мени Ўзбекистонда кўпкари ўтказиладиган майдонда кўрасиз, деган умиддаман», – дейди генерал.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди. Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги амалий алоқаларни давом эттиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиққан.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва генерал Майкл Курилла ўртасидаги учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла ва Мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ўртасидаги учрашувда эса алоқалардаги бўшлиқлар ва ҳамкорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар борлиги муҳокама қилинган.
Мавзуга оид
21:34 / 27.11.2024
Хитой ва АҚШ «учга уч» формуласи бўйича маҳбуслар алмашди
19:34 / 27.11.2024
ФҚБ томонидан энг кўп қидирилган шахс Буюк Британияда ҳибсга олинди
09:19 / 27.11.2024
Италиядаги хушманзара қишлоқ Трамп бошқарувидан норози америкаликларга 1 доллардан уй таклиф қилмоқда
23:52 / 26.11.2024