Ўзбекистон | 15:27 / 15.06.2022
6684
3 дақиқада ўқилади

“Очиқ бюджет”да ғолиб бўлган асакаликлар муаммоси нега пайсалга солиняпти?

Асака туманида “Ташаббусли бюджет”да ғолибликни қўлга киритган кўчаларни асфалтлаш бўйича амалий ишлар ҳамон бошланмаган. Мутасаддилар лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш вақт олаётганини айтмоқда.

2022 йил биринчи ярми учун “Ташаббусли бюджет”да Асака тумани бўйича фуқаролар томонидан билдирилган ташаббуслардан 20 таси овоз бериш натижаларига кўра ғолиб деб топилган ҳамда уларни молиялаштиришга жами 16 млрд 5 млн сўм маблағ ажратилган.

Ғолиб бўлган ташаббуслардан 5 таси ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ. Хусусан, тумандаги “Дастурхончи” МФЙнинг Бой кўчасини (895 млн сўм), “Қадим” МФЙнинг Узун кўчасини (820 млн сўм), “Қорақий” МФЙни (900 млн сўм), “Элашқипчоқ” МФЙ Қумқўрғон қишлоғини (960 млн сўм) ҳамда “Файз” МФЙнинг Байналмилал ва Маориф кўчаларини (995 млн сўм) асфальтлаштириш кўзда тутилган.

Ғолиб бўлган ташаббуслар молиялаштирилган. Бироқ бу кўчаларда асфальт ётқизиш ишлари ҳамон бошланмасдан, ортга сурилмоқда. Ҳудуд аҳолисида “Ташаббусли бюджет”га нисбатан саволлар пайдо бўла бошлаган.

“Бошқа туманларда, масалан, ОлтинкўлдаОпен бюджет”да ютилган маблағга йўллар аллақачон асфальт бўлмоқда. Асака туманида эса ҳали ҳам ҳаракат бошланмади. Ахир кундан кунга барча нарсанинг нархи ошмоқда, хусусан, асфальт тайёрлашга ишлатиладиган маҳсулотнинг ҳам. 1 580 метр йўлга асфальт ётқизишга мўлжалланган пулимиз ярмига ҳам етмай қолиши мумкин.

Июлда “Ташаббусли бюджет”нинг 2-босқичи бошланади. Бошқа муаммоларимиз, масалан маҳаллага табиий газ тортиш учун овоз беришимиз керак. Одамларда ишонч сўниб қоляпти: бўладими, йўқми деб ҳамма ҳайрон”, – дейилади таҳририятга йўлланган мурожаатда.

Асака тумани молия бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Жасурбек Юлдашевга кўра, иш қачон бошланиши аниқ эмас:

“Молия бўлими томонидан ушбу кўчаларни асфальтлаш ишлари тўлиқ молиялаштирилган. Ҳозирги кунда ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизага топширилган. Ҳужжатлар экспертизадан ўтгач, etender.uzex.uz сайти орқали пудратчини аниқлаш учун эълон берилади. Энг яхши таклиф билдирган пудратчи аниқлаб олинганидан сўнг асфальт ётқизиш ишлари бошланади”.

Kun.uz ҳолат юзасидан туман Ободонлаштириш бошқармаси ҳисобчиси Абдушукур Ҳожиқуловдан ҳам изоҳ олди. Унинг таъкидлашича, ишлар 10 кун муддатда бошланиши мумкин.

Ҳужжатлар экспертизада кўп ушланиб қоляпти. Экспертиза 25 кун муддатда кўриб чиқяпти лойиҳани. Ундан кейин тендерга қўйилади. Қурувчи аниқлангач, иш бошланади”, – дейди Абдушукур Хожиқулов.

Кўриниб турибдики, туманда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларини амалга оширишда сусткашлик кўзга ташланмоқда. Фуқароларнинг хавотири эса ўринли. Агар фуқаролик жамияти томон ташланган улкан қадам сифатида қаралган “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлган лойиҳалар вақтида бажарилмаса ёки пайсалга солинса, унга нисбатан ишончсизлик ортиши мумкин.

Мавзуга оид