Ўзбекистон | 15:49 / 16.06.2022
67935
2 дақиқада ўқилади

Чақалоғини калтаклаган она топилиб, устидан жиноят иши очилди

Маълум бўлишича, болага зулм ўтказилган ҳодиса Самарқандда, Пайариқ туманида рўй берган. Она айни шу чақалоғини даволатиш учун касалхонага борган. Унга нисбатан қийнаш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Видеодан кадр

Шифохонада чақалоғини ухлатолмагани учун уни калтаклаган аёл воқеаси 14 июн куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида рўй берган.

Вилоят ИИБ хабарига кўра, аёл тумандаги “Бошқўрғон” МФЙда эри билан яшайди, 1988 йилда туғилган, руҳий соғлом.

Қийноққа солинган чақалоқ эса 2020 йилда туғилган. Аёл касалхонага айнан шу боласини даволатиш учун ётган.

ИИБ ахборотида она боласини калтаклаганида “стресс, асабий ҳолатда” бўлгани айтилади. Бола қандай хасталикдан даволанаётганига аниқлик киритилмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми (вояга етмаган шахсни қийнаш) билан жиноят иши очилган. Бунинг учун онага 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

“Ушбу болакай улғаяётган оила билан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳозирда тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда белгилаб олинмоқда”, деди Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Жаҳонгир Саъдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, воқеа акс этган видео интернетда бугун, 16 июн куни тарқалди. Видеода шифохона палатасидаги аёл ҳамхонаси билан суҳбатлаша туриб, чақалоғини ухлатишга урингани, бироқ у уйқуга кетавермагач ғазаб отига миниб унинг бошига бир неча марта тарсаки туширгани, бу билан ҳам қаноатланмай уни қаттиқ силкилагани ва ўрнига отиб юборгани акс этган.

Мавзуга оид