Ўзбекистон | 12:59 / 16.06.2022
17634
4 дақиқада ўқилади

«Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламентга киритилди

Қонун қабул қилинса, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари бўйича баённома тузиб, судга юбориш, ҳужжатларни бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколатини олади. Бироқ аввалроқ айтилганига қарамай, аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказишни Жиноят кодексига киритиш режада йўқ.

Фото: Shutterstock

“Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Лойиҳада манфаатлар тўқнашуви тушунчасига аниқлик киритилмоқда. Унга кўра, манфаатлар тўқнашувига давлат ташкилоти ходими, унинг яқин қариндошлари ва унга алоқадор шахслар шахсий манфаатлари билан фуқаролар, ташкилот ёки давлат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган ёхуд юзага келиши мумкин бўлган вазият, дея таъриф берилмоқда. 

Давлат ташкилоти ходимлари манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чоралар устидан юқори турувчи давлат ташкилотига, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга экани белгиланмоқда.

Давлат ташкилоти ходимлари мавжуд манфаатлар тўқнашувида ўз иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилинишидан олдин бевосита раҳбарига ёки махсус бўлинмага хабар бериши, давлат ташкилоти бошқа ходимлари бўйича ўзига маълум бўлган манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериши мажбурий этиб белгиланмоқда. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви олдини олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланмоқда. Агентликка қуйидаги ваколатлар берилмоқда: 

  • давлат ташкилотлари манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича давлат ташкилоти фаолиятини ўрганиш;
  • манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари тўғрисидаги хабарнома, тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация ҳамда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация намунавий шаклларини тасдиқлаш;
  • манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, битим, буйруқ ва бошқа ҳужжатни бекор қилиш тўғрисида давлат ташкилотига тақдимнома ёки уларни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш. 

Манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда:

  • давлат органи ходимлари манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермагани учун – БҲМ 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима (такроран бўлса – БҲМ 5 бараваридан 10 бараваригача);
  • мансабдор шахслар ушбу вазиятни тартибга солмагани учун – БҲМ 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима (такроран бўлса – БҲМ 10 бараваридан 15 бараваригача). 

Бунда маъмурий баённома тузиш ва судга юбориш ваколати Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юклатилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси ўтган ойда муҳокамага чиқарилган эди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева манфаатлар тўқнашуви қонун билан тартибга солинмаганини айтиб, шу билан бирга “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талаблари бузилгани, манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказилган бўлса-да, харид иштирокчиларига жиноий жавобгарлик белгиланмаганини танқид қилганди.

Айни пайтда парламентга “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан бирга, жавобгарлик белгилаш бўйича алоҳида қонун лойиҳаси ҳам киритилган, бироқ унда, юқорида таъкидланганидек, фақат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча қўшиш белгиланган.

Мавзуга оид