Ўзбекистон | 11:03 / 17.06.2022
15440
3 дақиқада ўқилади

Икки судланувчи ва жабрланувчи ота-оналар. Самарқанддаги боғчада болаларга игна санчган тарбиячиларга оид иш судда кўрилмоқда

2022 йил март ойида Самарқанд шаҳридаги «Golden kids» хусусий болалар боғчасида тарбиячи болаларнинг қўлига игна санчгани акс этган видео тарқалганди.

Фото: Kun.uz

Кўп ўтмай ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилганди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида ушбу иш юзасидан суд жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Икки нафар боғча ходими айбланувчи сифатида жалб этилган, деб хабар бермоқда суд мажлисида бевосита иштирок этган Kun.uz мухбири.

Кеча, 16 июн куни бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчиларнинг адвокатлари, судланувчилар ва жабрланувчилар – «Golden kids» хусусий боғчаси тарбияланувчиларининг ота-оналари (бир қисми) тингланган. Прокурор, адвокатлар ва судланувчиларнинг талабига кўра суд мажлисидан фото ва видео тасвирга олишга рухсат берилмаган.

Судда жабрланувчи сифатида кўрсатма берган аксар ота-оналар фарзандининг танасида пайдо бўлган жароҳат изларига ҳолат бўйича видео интернетда тарқалганидан кейин эътибор берганини айтишди. Улардан бирининг айтишича, 3,5 ёшли боласининг танасида 5 та шундай игна изига ўхшаш жароҳат бўлган, аввалроқ ҳам фарзанди тарбиячи қорнига игна санчганини айтган, лекин она бундай бўлишига ишонмай эътибор бермаган.

Яна бир жабрланувчининг айтишича, видео тарқалгач боласининг қорни, бўйни ва тиззасида ўткир игна изларига ўхшаш жароҳатни пайқаган.

Яна бир жабрланувчи аввалига фарзанди боғчага хурсанд бўлиб боргани, мана шу воқеа содир бўлишидан аввал эса боғчага боришни истамай қолганини гапириб берди.

Яна бир жабрланувчи онанинг сўзларига кўра, боласининг танасидаги ўзгаришлардан кейин тарбиячиларга мурожаат қилганида доим бошқа болалар билан урушгани учун шундай бўлгани борасида жавоб олган ва шу сабаб бунга эътибор бермаган.

Судда иштирок этган руҳшунос-мутахассис болалар билан боғча ходимлари иштирокида психологик суҳбат олиб боргани, бундай турдаги руҳий зарба таъсири болада унинг руҳиятига қараб турли муддатгача сақланиб қолиши мумкинлигини маълум қилди.

Айбланувчилардан бирининг адвокати ҳимояси остидаги шахс қилган ишидан пушаймон эканини айтиб, жабрланувчилардан уни кечиришларини сўради. Ўз навбатида айбланувчи ота-оналардан кечирим сўрашни истагани, бунга боғча раҳбарияти йўл қўймаганини айтди.

Суд мажлиси танаффус эълон қилди.

Маълумот учун, Самарқанд шаҳридаги «Golden kids» хусусий болалар боғчаси ходимларига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси билан айблов эълон қилинган.

Ўткир Жалолхонов,  Kun.uz мухбири.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид