Ўзбекистон | 07:26 / 18.06.2022
5585
1 дақиқада ўқилади

«Бунёдкор» стадионида чипта сотиб олмоқчи бўлган фуқароларга куч ишлатиш бўлмаган - Миллий гвардия

Айрим ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида жойлашган “Бунёдкор” стадиони кассалари олдида футбол бўйича U-23 Осиё кубоги финал ўйинига чипта сотиб олиш учун келган фуқаролар акс этган видеотасвир тарқатилди. Унда ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари тўғрисида турли фикрлар билдирилган.

Фото: Миллий гвардия

Миллий гвардия хабарига кўра, чипта сотиб олиш мобайнида фуқароларнинг бир-бирини ҳурмат қилмагани сабабли тирбандлик содир бўлган. Ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган ходимлар жамоат тартиби сақланишини талаб қилган ва айрим фуқаролар тартибга чақирилган, лекин ҳеч қандай куч ишлатиш ёки махсус воситалардан фойдаланиш ҳолатлари бўлмаган. Фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, тез орада улар тарқатилган.

“Ҳурматли фуқаролар, жамоат жойларида риоя қилиниши зарур бўлган тартиб-қоидалар мавжуд, сизлардан ушбу талабларга риоя қилишингизни сўраб қоламиз”, дейилади Миллий гвардия хабарида.

Аввалроқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ироқ ва Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги учрашувда тартибсизлик келиб чиққани учун 50 минг доллар жаримага тортилганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид