Ўзбекистон | 22:02 / 18.06.2022
65106
6 дақиқада ўқилади

Финал чипталари сотувга чиқмасиданоқ эгаларини топган — Kun.uz суриштируви

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони олимпия жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионати финали учун энг яхши секторлар чипталарининг аксарияти сотувга чиқарилмай туриб эгаларини топиб улгурган. Kun.uz манбасига кўра, онлайн сотилиши керак бўлган минглаб чипталар амалдорлар ва “йўлини қилолган” таниши борлар учун аввалдан банд қилиб қўйилган. Улардан ортган чипталаргина сотувга чиқарилган.

Фото: KUN.UZ

Эртага, 19 июнь куни Тошкентда ўтаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги финали бўлиб ўтади. Кубок учун Ўзбекистон ва Саудия Aрабистони олимпия жамоалари майдонга чиқади.

Мусобақа Тошкентда бўлаётгани ва ҳал қилувчи баҳсда ўзбекистонликлар тўп сураётгани учун ҳам финал учрашувини бевосита стадиондан туриб кузатиш иштиёқида бўлган мухлислар сони ҳар қачонгидан юқори.

Бироқ футбол ишқибозларининг финал учун чипта топиши осон кечаётгани йўқ. “Бунёдкор” стадиони кассаларида 17 июн тушдан сўнг сотувга чиқарилган финал чипталари учун ҳали улар кассага етиб келмай туриб узундан узоқ навбатлар юзага келди.

Чипта олиш учун келган мухлисларнинг маълум қилишича, кассалар очилган вақтда марказий секторларда чипта бўлмаган, талабгорларга фақат дарвоза орти ҳамда чекка трибуналардаги жойлар таклиф қилинган.

Ижтимоий тармоқларда чипталар савдоси эндигина бошланган вақтда марказий трибуналардаги жойлар аллақачон олибсотарлар томонидан сотиб олингани ва четроқда белгиланган нархидан 3-4 баробар қимматга сотилаётгани ҳақидаги видеолар тарқалди.

Аввалроқ финал ўйини учун чипталар секторига қараб 100, 50 ва 25 минг сўмдан сотилиши маълум қилинганди. Бироқ талаб юқори жойлар ҳар доимгидек олибсотарларнинг қўлига ўтиб кетган, улар қисқа вақт ичида кўп миқдордаги чипталарни қандай қилиб қўлга киритишгани бизга қоронғи, лекин марказий ва бошқа секторларнинг чипталари аллақачон қўлда ва интернетда сотилмоқда.

Жумладан, Olx.uz сайтида 5D секторидан 8 та ёнма-ён жой 700 минг сўмдан, 1A ҳамда 6E секторларнинг чипталари мос равишда 50 ва 40 доллардан, 5А секторники 550 минг сўмдан, 6H секторники 500 минг сўмдан, 7А секторники 300 минг сўмдан сотилмоқда.

Интернет фойдаланувчилари стадионнинг CIP секторида жойлар 3,3 млн сўм нарх билан сотувга қўйилганини аниқлашди.

Шунингдек, 400 минг, 350 минг, 250 минг, 220 минг, 200 минг ва 100 минг сўм эвазига исталган жойингиздан хоҳлаган миқдорингизда чипта топиб беришини айтиб эълон жойлаганлар ҳам кўп.

Бироқ бу ҳаммаси эмас. Аслида булар “майда балиқлар” бўлиши мумкин. Чунки эълонлар орқали саноқли билетларни сотаётганлар шунчаки вазиятдан фойдаланиб қолиш истагидаги одамлар бўлиши эҳтимоли юқори. Ҳақиқий “акулалар” ҳали касса очилмай туриб марказий сектор чипталарини олдиндан сотиб оладиган даражада қўли узун кимсалардир.

Улар “бизнеси”ни стадион атрофига қуришган.

Шу боис ҳам кўплаб футбол ишқибозлари интернет оммалашган бугунги кунда чипталарни офлайн сотиш йўлга қўйилганини танқид қилаётган, онлайн савдо анча шаффоф ва ҳалол эканини айтиб, Ўзбекистон футбол ассоциациясини ишни тўғри ташкил этмаганликда айблашаётди. Лекин Kun.uz суриштируви давомида чипталарнинг онлайн савдоси ҳам қинғирликдан холи эмаслигини аниқлади.

Финал чипталарининг маълум қисми iticket онлайн платформаси орқали 17 июн соат 18:00да сотувга чиқарилиши хабар қилинганди, бироқ бу вақтга келиб сайт ишида узилишлар рўй бера бошлади.

ЎФА матбуот ва медиа департаменти бошлиғи Даврон Файзиевнинг маълум қилишича, iticket компанияси буни сайтга ташриф буюрувчилар сони кескин ошиб кетгани ва бунинг натижасида техник носозлик юзага келгани билан изоҳлаган.

Муаммо бартараф этилгач, соат 23:00гача 10 мингта, сўнгра ярим тунда қайта сотув бошланиб тонгги соат тўртгача iticket платформаси учун ажратилган барча чипталар тўлиқ сотилгани маълум бўлди.

Telegram-каналларда финал чипталари iticket.uz сайтида ҳали сотувга чиқмай туриб “брон” қилингани ҳақида маълумотлар тарқалди. Kun.uz манбаси бу маълумотни тасдиқлади.

Шахси очиқланмаслигини сўраган манбанинг айтишича, чипталар чиндан ҳам онлайн савдо бошланмасидан олдин эгаларини топиб улгурган. У бу сўзларини тасдиқловчи маълумотларни Kun.uz'га тақдим этди.

iticket.uz орқали чипталар 17 июн куни соат 18:00 да савдога чиқарилган бўлиб, унгача фойдаланувчилар сайтга кира олмаган. Бироқ юқоридаги скриншотларда кўриш мумкинки, 16 июн куни ҳамда 17 июн кунлари 18:00 гача кўплаб операциялар амалга оширилган, жойлар брон қилинган ёки сотилган.

Қизиғи, олғирлар оммавий савдолар бошланган 18:00 гача ҳам чипталарни олдиндан “бронлаш”ни давом эттиришган.

Kun.uz манбаси томонидан тақдим этилган скриншотларни таҳлил қилиш асносида қизиқ маълумотларга ҳам дуч келдик. Чунончи футболчиларнинг оилалари учун жами 580 та, “КДБ банк” учун 251 та, қандайдир “Мирсултон” учун 120 та, “Нодир ака Озода Нур” учун 100 та, “Лейла Payme” учун 23та чипта олдиндан банд қилиб қўйилган.

Шу билан бирга, таҳририятга тақдим этилган маълумотларда iticket.uz орқали талаб юқори бўлган секторлардаги жойлар кўтарасига “брон” қилингани акс этган. Бироқ негадир бу операцияларда харидорларнинг исмлари кўрсатилмаган.

3F секторидаги 208 та ва 237 та, 3E секторидаги 234 та, 3С секторидаги 235 та, 3А секторидаги 268 та, 2А секторидаги 257 та ва бошқа кўплаб жойларнинг чипталари оммавий брон қилиб қўйилган.

Юқорида таъкидланганидек, бу ишларнинг барчаси чипталар оммавий савдога чиқарилгунча амалга оширилган.

Ижтимоий тармоқда iticket.uz сайти орқали Равшан Эрматов 400та, Одил Аҳмедов 100 билет сотиб олгани акс этган скриншотлар тарқалди. Ҳозирга қадар ЎФА бу скриншотларнинг ҳақиқатга тўғри келиши ёки келмаслиги ҳақида баёнот бергани йўқ.

Мавзуга оид