Ўзбекистон | 22:19 / 20.06.2022
33242
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Мустақиллик декларациясига 32 йил. У қандай қабул қилинганди?

1990 йил 20 июнда Ўзбекистон тарихидаги энг муҳим ҳужжат – Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Бугун ушбу ҳужжат қабул қилинганига 32 йил тўлди.

Хўш, Мустақиллик декларацияси қандай ҳужжат ва унинг халқимиз учун аҳамияти нимада? Кимлар унинг қабул қилиниши учун курашганди ёки қарши бўлганди?

Kun.uz шу ва бошқа саволлар билан 1990-1995 йилда Олий Кенгаш депутати бўлган Карим Баҳриевга юзланди.

— Карим ака, Мустақиллик декларацияси ўзи қандай ҳужжат ва унинг ўзбек халқи учун аҳамияти нимада?

— Ўз номи билан декларация бу – улкан баёнот. Тарих учун аҳамияти жуда катта. Катталиги шундаки, у СССР мавжуд бўлган ва тарқамаган бир вақтда эълон қилинган. Яъни бу ҳужжат СССРга қарши исёндек ва бутун халқнинг азми иродасидек жаранглайди. Масалан, биз мустақил давлат бўламиз, мустақил давлатмиз, эркин яшамоқчимиз, ўзимизнинг қонунларимизни яратиб, ўзимиз шунга риоя қилиб яшаймиз, дея бир халқ, мамлакат ва шу мамлакат вакиллари чиқарган баёнот. Бу ҳужжат давлатнинг бурилиш нуқтаси ҳамда мустақилликнинг бошланғич нуқтаси деб қаралиши керак.

Энди шу ҳужжатнинг тақдирига қарасангиз, албатта, у бир амбициянинг қурбони бўлгандек бўлди. Яъники ўша вақтда шу декларацияга қарши бўлган одам кейинчалик мустақиллик тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, ўзбек халқининг мустақиллиги, Ўзбекистоннинг мустақиллик иродасини орқага чўзди. Агарда уни, мустақил бўлган вақтимиз санасини 1990 йил июндан деб бошласак, биз ўша собиқ иттифоқ давлатлари таркибида ҳам олдинги сафларда туриб мустақилликни эълон қилган бўлар эдик. Биздан олдин, эҳтимолки, Болтиқбўйи республикаларидан бири эълон қила бошлаган эди. Бу иттифоқда олдинги сафда бўлиб, Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинган эди.

Биринчидан, ўзи доим шундай бўлган, мен бўлмаган демайман. Ўзбекистон мустақиллик декларацияси бўлган ва бугун бизлар биринчи бўлиб мустақилликка чиққанмиз ва мустақилликни эълон қилганмиз деб фахрланиб юрсак бўлади. Ўртадаги шу ҳодисани эсламасликка, байрам қилмасликка тиришган бир тузум узоқ йиллар эслатмасликка ҳаракат қилдики, бу жараёнда бизнинг халқимиз бу ҳужжатнинг салобатини сезмай яшади анча вақтгача.

— Умуман, бу ҳужжатнинг қабул қилиниши, қабул қилинаётган кунлар ва мана шу ҳужжат қабул қилиниши учун курашган, фаоллик кўрсатган ҳамда бунга қарши бўлган шахслар ҳақида нималарни билишимиз керак, нималарни гапиришни истаган бўлар эдингиз?

— Албатта, бошиданоқ гапириб ўтаман, ҳар бир инсон субъектив бўлади. Яъни субъектив дегани, ҳар бир инсон ўз билганини, ўзи ҳақ деб ҳисоблаган нарсани гапиради. Шунинг учун мен ўз номимдан гапираман, лекин вазият қандай эди? Вазият қайта қуриш бўлган, миллатлар ўзини англай бошлаган, масалан, муайян жойларда одамлар чиқиб ўзини танклар тагига ташлай бошлаган, бошқа бир республикаларда норозилик бўлаётган, умуман, СССРнинг қулаб бораётган шароитини кўз олдингизга келтиринг. Шундай бир шароитда деярли биламанки, Ўзбекистоннинг халқи ҳам, элитаси ҳам мустақилликни истаган. Ва ҳар кимнинг мустақилликдан истаган нарсаси ҳар хил бўлади. Масалан, дейлик, зиёли инсон, миллатини севган инсон миллатининг мустақил бўлишини, ўзининг тили, дини, эътиқоди, ерига, маданиятига соҳиб бўлишини истайди.

Демакки, қайсидир бир амалдор олган пораларининг кўп қисмини Москвага ташиган ёки бўлмасам, бирор қарорни қабул қилиши учун 10 марта СССР давлат қўмитаси, СССР министрлар совети, СССР ҳукуматидан розилик олиши керак бўлган, яъни келишиши керак бўлган ҳукуматдан ўша амалдор ҳам мустақил бўлишни истар эди. “Қанийди, ўз халқимни ажратиб олсам-у, Москва билан қўшилиб эмас, бир ўзим яшасам эди” – деган қарор бўлса ҳам мустақилликни истамайди дея олмаймиз. Лекин шуни эълон қилиш, ҳужжат тайёрлаш жараёнида энди, албатта, ҳалиям ўша одамларда ҳам 60 йиллик пропаганда, ташвиқотдан, туғилганидан то ўша кунигача СССРни кўрган, ҳар куни телевизорда кўрган бу қудратли давлат, улкан армия. Мана бугун ҳам ҳозир Россия улуғ, барибир унга бас келиб бўлмайди деган хаёл бор-ку. Бунақа эмаслигига ҳеч кимни ишонтириб бўлмаяпти. Анча-мунча одам бор бундай. У пайтда шунақа одам, ўша пайтда ҳам 80-90 фоиз одам, албатта, озодлик истар эди, Ўзбекистон мустақил бўлишини истар эди – деб боболаримиз шу ерда ўлганини, жадидларни, босмачиларни халқ билмайди дейсизми?! Халқ ҳаммасини билади, биларди.

Лекин бу қадар армияси бўлган, бу қадар бюрократик машинаси бор бўлган бир давлатда бу нарсалар жуда қийин деб тасаввур қилишар эди. Шунинг учун билишимиз керакки, Мустақиллик декларацияси эълон қилинганда мана шу вазият шу, қилайлик нима бўлса ҳам, ўлсак ҳам қилайлик, эртага нима бўлишидан қатъи назар бу декларацияни қабул қилайлик деган миллатпарвар, жасоратли депутатлар, инсонлар, зиёлилар ва шу депутатларнинг орқасида турган ҳаракатлар бор бўлиши қаторида, қандай бўларкан, йўқ, нотўғри бўлади деганлар ҳам бўлган.

Масалан, машиналаримиз бошқа давлатники, Москваники ёки эртага тракторлар бермаса, Камаз машиналарини оёқ чармлари келмаса, машиналар кўчада тўхтаса, бензин билан ўзимизни таъминлай олмасак, самолётларимиз учмай қолса, биз уларга қаттиқ боғланиб қолганмиз-ку, Мустақиллик декларациясини эълон қилсак, мустақил бўлсак, улар шу нарсаларни бермаса нима қиламиз – деган бир гаплар бўлган ва ҳатто залда, жараёнда айнан шу гаплар айтилган эди. Биз мустақил бўлсак, эртага оч қоламиз – деган одамлар бор эди.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид