Ўзбекистон | 22:37 / 21.06.2022
25750
4 дақиқада ўқилади

Eltuz таҳририяти Комил Алламжоновдан узр сўраб, жарима тўлашга тайёрлигини билдирди

Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжоновни Ўзбекистонга ноқонуний равишда 4,2 млн долларлик тақинчоқлар олиб кирганликда айблаган Eltuz нашри ўз хабарига раддия берган ҳолда, Алламжоновдан узр сўради. Нашр Германия қонунчилиги асосида суд томонидан тайинланиши мумкин бўлган жаримани тўлашга тайёрлигини билдирган.

Фото: Комил Алламжонов / Telegram

Феврал ойида Eltuz ва унга асосланган ҳолда Uzmetronom нашрлари Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжоновни 4,2 млн долларлик тилла ва бриллиант буюмларни божсиз олиб киришда иштирок этгани иддао қилинган мақолалар эълон қилган эди.

Ҳар иккала материалда ҳам айбловларни тасдиқловчи фактлар келтирилмаган, иккинчи тарафнинг позицияси олиб чиқилмаганди. Алламжонов буни туҳмат деб атаб, айрим нашрлар “ҳаддидан ошиб кетгани”ни таъкидлаган ва ҳуқуқ органларига мурожаат қилганини билдирганди.

21 июн куни Eltuz нашри мақоладаги иддаолар “тўлиқ тасдиғини топмагани важидан” ўз сайти ва тармоқлардаги барча саҳифаларидан олиб ташлаганини маълум қилди. Шунингдек, таҳририят мақолани қайта чоп этган нашрлар, жумладан Uzmetronom сайти ва унга Twitter'да ҳавола берган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотини ўз қароридан расман хабардор қилган.

Нашр мақолани чоп этишдан “ҳеч бир шаклда ҳеч бир шахсни обрўсизлантириш ёки унга туҳмат қилиш қасд этилмагани”ни таъкидлаган.

“Таҳририят репутацион зарар учун мақолада кўрсатилган шахс Комил Алламжоновдан узр сўраган холда, унинг Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларига омад тилайди. Таҳририят Германия қонунчилиги асосида суд томонидан тайинланиши мумкин бўлган жаримани тўлашга тайёрлигини билдиради”, дейилади расмий билдиришда.

Аввалроқ, 19 июн куни Uzmetronom сайти ҳам Eltuz'га таяниб берилган мазкур мавзудаги иккита хабарини ўчирганини маълум қилганди. Нашр бу борадаги хабарига “Бирламчи манба орқага ҳаракатлана бошлади” дея сарлавҳа қўйган.

Хабардан маълум бўлишича, нашр бош муҳаррири Сергей Ежков устидан туҳмат моддаси билан жиноят иши очилган. Иш тафсилотлари маълум эмас.

Мазкур хабарлар ортидан Комил Алламжоновнинг маълум қилишича, унинг ҳуқуқшунос ва адвокатлари бу масалага жиддий киришиб, ўтган вақт давомида кўплаб ҳуқуқий чораларни қўллаган.

“Eltuz таҳририятига Германия қонунчилиги асосида ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳозирда Германия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларига берилган. Uzmetronom сайти эса Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган”, деди Масс-медиа фонди раҳбари.

“Сўз эркинлиги ҳамма хоҳлаган нарсасини гапириши мумкин дегани эмас: шахснинг қадр-қиммати, бирор бир шахс ҳақидаги маълумот берилса, у албатта ишончли далилларга суянилган бўлиши керак. Туҳмат, ҳақорат ҳеч қайси давлатда, ҳеч қайси жамиятда мумкин эмас. Бунга жавобгарлик белгиланган. Шу жумладан Ўзбекистон қонунчилигида ҳам

Ҳозирда Uzmetronom сайти масаласи судгача оширилган. Суд органлари – олий ҳакам, улар бу масалага баҳо бериши ва қонунда белгиланган чоралар кўрилиши керак”, деди у.

Комил Алламжонов ОАВни сўз эркинлигини тарғиб қилган ҳолда қонунга итоаткор бўлишга, ҳар қандай маълумотни ёритишдан аввал уни яхшилаб текширишга чақирди.

“Ўйлайманки, мен билан боғлиқ ҳолатлар барча учун намуна бўлади. Яна бир марта айтаман, сўз эркинлиги бу ҳамма нарса мумкин дегани эмас, унинг тартиб-қоидаси бор, ўзига яраша этикаси бор. Унга амал қилсаккина биз ҳеч қачон ютқазмаймиз”, – деди Алламжонов.

Мавзуга оид