Ўзбекистон | 08:17 / 21.06.2022
9032
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида савдо дўкони ёниб кетди

Ёнғин оқибатида омборхона ва савдо дўконининг тахминан 210 метр квадрат майдонда шифт ва том қисми ҳамда омборхона ичидаги пахта тойлари ёниб кетган.

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 20 июнь куни соат 19:25 да Самарқанд шаҳри «Боғисарой» МФЙ, Спитамен шоҳкўчаси 68-уйда жойлашган, 1985 йилда туғилган фуқаро С.Т. га тегишли бўлган «Саидабегим» оилавий корхонасига қарашли омборхона ва савдо дўконида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган.

Ҳодиса жойига биринчи ёнғин қутқарув экипажи соат 19:28 да етиб бориб, соат 20:00 да қуршаб олган ва ёнғин соат 20:35 да бартараф этилган. Ёнғинни бартараф этишга ФВБнинг 6 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 2 та махсус сув ташиш техникаси жалб этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида омборхона ва савдо дўконининг тахминан 210 метр квадрат майдонда шифт ва том қисми ҳамда  омборхона ичида пахта тойлари ёниб зарарланган. Ёнғиндан савдо дўкони ва омборхонанинг 350 метр квадрат қисми сақлаб қолинган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган. Ёнғинга электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Ҳозирда ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги 2 ҳафтада Самарқанд вилоятида савдо дўконларининг ёниб кетиши бўйича бешта ҳолат қайд этилди.

5 июн куни Нарпай тумани Сарбозор маҳалласида жойлашган бозорда ёнғин содир бўлиб, 20 дан ошиқ савдо дўконлари бутунлай ёниб кетганди.

7 июн куни Самарқанд шаҳри Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган бир неча савдо ва хизмат кўрсатиш дўконларида ёнғин содир бўлиб, уларнинг том ва шифт қисми ёниб кетди.

9 июн куни Оқдарё туманидаги бозорда ёнғин содир бўлиб, бир нечта хўжалик моллари ва озиқ-овқат сотишга ихтисосланган савдо дўконлари ёниб кетди.

12 июн куни Самарқанд туманида жойлашган савдо дўконида ёнғин содир бўлиб, унинг 200 метр квадрат майдонда том ва шифт қисми ҳамда турли маҳсулотлар ёниб кетганди.

Мавзуга оид