Афғонистонда кучли зилзила: 300 га яқин киши ҳалок бўлган
Афғонистон жануби*шарқида ҳалокатли ер силкиниши рўй берди. Маҳаллий манбалар маълумотига кўра, қурбонлар сони 280 нафарни ташкил этмоқда, яна 600 нафардан ортиқ киши жароҳатланган.
21 июн куни Афғонистон жануби ва шарқидаги чекка ҳудудлар, Пактика ва Хўст вилоятлари ҳудудида кучли зилзила рўй берди. Америкалик сейсмологлар маълумотига кўра, 51 км чуқурликда 6,1 магнитудали ер силкиниши эрта тонгда, ҳали кўпчилик одамлар уйқуда эканида содир бўлган.
Ижтимоий тармоқларда вайрон бўлган уйлар, кўчалардаги синиқлар ва замбилга юкланган ярадорлар акс этган видеолар тарқалган.
Пактика вилояти расмийси қурбонлар сони ортиши мумкинлигини айтган. Bakhtar News Agency маълумотига кўра, жароҳатланганлар сони 600дан ошиқни ташкил этмоқда.
Зилзила эпимаркази Афғонистон жануби-шарқидаги Хўст шаҳри марказидан тахминан 44 километр масофада жойлашган.
Ер силкиниши мамлакат чегарасидан 500 километрдан ошиқ масофада, жумладан Покистон ва Ҳиндистонда ҳам сезилган. Америка сейсмологлари маълумотига кўра, зилзила кучини Афғонистон пойтахти Кобул ва Покистон пойтахти Исломободда ҳам сезишган.
«Афсуски, ўтган тунда Пактика вилоятининг тўрт туманида кучли зилзила рўй берди. Юзлаб фуқароларимиз ҳалок бўлишди ёки яраланишди, ўнлаб уйлар вайрон бўлган. Биз барча идораларни зудлик билан мазкур ҳудудларга ёрдам жўнатишга чақирамиз», деган маҳаллий расмийлардан бири Билол Каримий твиттер саҳифасида.
Афғонистонда, айниқса уйлар зарур қоидаларга риоя этиб қурилмаган қишлоқ ҳудудларида зилзилалар жуда талафотли бўлади.
Афғонистон сейсмик фаол минтақада жойлашган.
БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси маълумотига кўра, сўнгги 10 йилда мамлакатда зилзилалар туфайли 7 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Ҳар йили ўртача 560 киши зилзила қурбони бўлади.
Мавзуга оид
13:51 / 23.11.2024
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
21:47 / 17.11.2024
Япония қирғоқларида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди
17:22 / 17.11.2024