Жаҳон | 19:40 / 22.06.2022
25795
6 дақиқада ўқилади

Ростовдаги нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин рўй берди. Унга дронлар билан ҳужум қилинган

Ёнғин ҳудудидан иккита дрон қолдиқлари топилган.

Фото: TASS

Ростов областининг Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводида иккита дрон орқали йўлланган зарбалардан кейин ёнғин рўй берди. Маҳаллий расмийлар бу ҳодисани украин ҳарбийларидан гумон қилмоқда. Бу сўнгги уч кун ичида бу каби иккинчи ҳужум бўлди - аннексия қилинган Қрим ҳукумати ҳам душанба куни Украина томонини  «Черноморнефтгаз» бурғилаш платформасига ҳужум уюштиришда айблаганди. Киев икки ҳодисага ҳам ҳозирча муносабат билдирмади.

Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводида маълум қилишларича, корхона ҳудудида ёнғин иккита учувчисиз учиш қурилмалари зарбаларидан кейин чиққан. Дастлабки зарба Москва вақти билан соат 08:40 да, иккинчиси соат 09:23 да қайд этилган. ФВВнинг Ростов области бўйича бошқармаси хабар қилишича, ёнғин тўғрисидаги хабар маҳаллий вақт билан соат 9:25 да (Москва вақти билан бир хил) етиб келган.

Завод сайти хабарида айтилишича, биринчи зарба ЭЛОУ-АВТ-2,5(I) нефтни қайта ишлаш блокининг технологик ускунасига келиб тушган. Ҳаво совиткичларининг босими тушиши натижасида углеводород гази ажралиб чиққан, портлаш ва ёнғин рўй бериб, ён атрофдаги завод ускуналарига тарқалган.

Иккинчи зарба нефт хомашёси сақланадиган объектларга йўлланган. Зарба натижасида резервуар парки ускуналари механик шикастланган, завод сайтида айтилишича, бу ҳолатда ёнғин рўй бермаган.

ФВВ маълумотига кўра, ёнғин майдони 50 квадрат метрни ташкил этган, соат 10:50 да ёнғин бутунлай ўчирилган. Қурбонлар ва жабрланувчилар ҳақида маълумот йўқ.

Завод Новошахтинск шаҳри яқинида, Украина чегарасидан 15 километр масофада жойлашган.

ТАСС маҳаллий ҳукумат органларидаги манбасига таяниб хабар беришича, ёнғин завод конструкциясига украинлар дрони келиб урилишидан кейин бошланган.

«Ёнғин арафасида ходимлар украинлар учувчисиз учар қурилмасини кўришган. У завод конструкциясига урилган, шундан кейин портлаш ва ёнғин рўй берган», деган агентлик суҳбатдоши.

Агентликнинг куч ишлатар тузилмалардаги манбаси завод ҳудудида иккита украин дрони учиб ўтганини маълум қилган.

Кейинроқ Ростов области губернатори Василий Голубев завод ҳудудидан иккита дрон бўлаклари топилганини хабар қилди.

«Версиялардан бирига кўра, ёнғин учувчисиз учиш қурилмаси билан заводнинг техник қурилмаларига ҳужум қилиниши оқибатида келиб чиққан. Завод ҳудудида иккита учувчисиз учиш қурилмаси бўлаклари топилган. Завод фаолияти тўхтатилган. Тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда», дея ёзган у ўз телеграм-каналида.

Ижтимоий тармоқларда завод ҳудудида ёнғин бошланиши арафасида дрон учиб ўтаётгани акс этган видео тарқалган.

Ҳарбий таҳлилчилар тахминига кўра, бу украинларнинг ҳаво разведкаси ва жанговар қўллаш учун мўлжалланган PD-1 ёки PD-2 дронлари бўлиши мумкин.

PD-1 ва PD-2 қурилмаларининг максимал юк ташиш имконияти 22 кг.ни ташкил этади, аммо бу ҳолатда дронлар катта ҳажмдаги жанговар каллакни ташиш учун модификация қилинган бўлиши ҳам мумкин.

Украина томони ҳозирча ҳодиса юзасидан муносабат билдирмади. Россия мудофаа вазирлиги ҳам бу борада баёнот бермаган.

20 июн куни аннексия қилинган Қрим яқинида жойлашган «Черноморнефтгаз» компаниясининг бурғилаш платформаларида ёнғин рўй берганди, бу ерга Одессадан қисқа вақт ичида ракета учиб келиши мумкин. Аннексия қилинган яриморол раҳбари Сергей Аксенов платформага украин ҳарбийлари ҳужум қилганини айтган. Киевдагилар буни тасдиқламаган.

Украинада уруш бошланганидан буён Россиянинг чегара ҳудудидаги областлари раҳбарлари артиллерия зарбалари ва портлашлар ҳақида хабарлар беришган, уларнинг кўп қисми давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши агар оператив вазият талаб этгудек бўлса, ҳарбий ҳаракатларни Россиянинг чегарадош ҳудудларига ўтказиш мумкинлигини истисно этмаганди. Шу вақтда президент Володимир Зеленский украин ҳарбийлари Россия ҳудуди бўйлаб зарба бераётганини рад этганди.

1 апрел куни Белгороддаги нефт базада портлашлар ва ёнғин рўй берганди. Базага иккита ҳарбий вертолёт орқали зарба берилган, Россия мудофаа вазирлиги ҳужумда Украинани айблаган. Украина ҳукумати бу ҳужум тўғрисидаги маълумотни изоҳламаган.

Завод ҳақида нималар маълум?

Новошахтинскдаги завод - Ростов областидаги ягона нефтни қайта ишлаш заводи ва Россия жанубини нефт маҳсулотлари билан таъминловчи энг йирик манба бўлиб, 2009 йилда фойдаланишга топширилган.

2019 йилда, завод сайтидаги маълумотга кўра, корхонада кенг кўламли модернизация дастури бошланган, унга кўра, «2027 йилга қадар унинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, маҳсулотлар қаторини кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш ва юзлаб янги иш ўринлари яратиш» кўзда тутилган.

2021 йил февралида завод украин санкцияларига учраган, ўша йил апрелида эса «ПЕТОН» қурилиш пудратчиси унинг 93 фоиз акцияларига эгаликни қўлга киритган (яна 7 фоиз акциялар заводнинг ўзида қолган).

Бунга қадар актив Кипрдаги икки офшор компаниялар - Ventolor Investments Ltd (60 фоиз) ва Teteos Global Ltd (33 фоиз)га тегишли эди, ОАВ маълумотига кўра, уларнинг ортида Украинага босқин бошлангач, давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинган украин сиёсатчиси ва бизнесмен, Путиннинг куми Виктор Медведчукнинг рафиқаси Оксана Марченко туради.

Мавзуга оид