Ўзбекистон | 14:27 / 22.06.2022
39727
4 дақиқада ўқилади

Тўра Боболов сариосиёликларни ваҳимага тушмасликка чақирди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўпаланг сув омборидан туриб аҳолига видеомурожаат билан чиқди.

Сурхондарё вилояти вилоят ҳокими Тўра Боболов  Сариосиё туманида жойлашган Тўпаланг сув омбори тўғони ёрилиб кетгани ва натижада атрофни сув босгани ҳақида хабарлар ортидан сув омборидаги ҳолат юзасидан аҳолига мурожаат билан чиқди.

Вилоят ҳокими Тўпаланг сув омборида бўлиб, ҳақиқий ҳолатга изоҳ бериб, ваҳимага ўрин йўқлигини таъкидлаган.

«Бугун эрталаб соат 08:14 да Сариосиё тумани Тўпаланг сув омборининг Тўпаланг ГЭС қисмида сув тошқини ҳолати юз берган. Сув омбори тўғонига ҳеч қандай талафот, шикаст етмаган. Ҳозирда сув сизиб чиқиши тўхтатилган. Тўпаланг ГЭСнинг ички қисмида юзага келган кичик носозлик бугуннинг ўзида бартараф этилади. «Зарчоб-1» ва «Зарчоб-2» ГЭС эса маромида ишлаб турибди.

Ҳудудда тегишли комиссия иш олиб бормоқда. Фуқароларимиздан тушкунликка тушмасликни, саросимага берилмасликни сўраймиз. Ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ», деган вилоят ҳокими.

Аввалроқ Тўпаланг ГЭС унитар корхонаси директори Асрор Улуғов ва Сариосиё тумани ФВБ бошлиғи ижтимоий тармоқларда тарқалган Тўпаланг сув омборидан сув чиқаётгани акс этган видеолар бўйича баёнот берганди.

«Бугун ижтимоий тармоқларга чиққан Тўпаланг сув омбори ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида соат 10:28 да жонли эфирда чиқяпман. Мана, сув омборида кўриб турганингиздек ҳаммаси жойида. Ҳар доимгидек назорат ўлчов ишлари олиб борилиб, сув омборида ҳеч қандай [фавқулодда] ҳолат бўлгани йўқ», деган ГЭС раҳбари.

Таъкидланишича, 160 метр куб/сония сув сарфи миқдори Тўпаланг дарёси ўзани учун мутлақо хавфсиз ҳисобланиб (дарёнинг сув ўтказиш қобилияти 600 метр куб/сония), пастки қисмда яшовчи аҳоли хонадонлари ва корхоналар учун ҳеч қандай салбий оқибатларни келтириб чиқармайди.

Қўшимча қилинишича, сув омбор сиғими 500 млн метр кубга мўлжалланган, ҳозирги кунда 378 млн метр куб сув йиғилган. «Бу дегани [сув омборида] яна 120−130 млн метр куб сув сиғими мавжуд. Сув омборида ҳеч қанақа ортиқча ҳолат кузатилгани йўқ», дея қайд этди у

22 июн куни тонгида ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган Тўпаланг сув омбори тўғони ёрилиб кетгани ва натижада атрофни сув босгани ҳақидаги хабарлар ва видеолар тарқала бошлади.

Кейинроқ «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ахборот хизмати Тўпаланг сув омборида қурилган тўғон ёрилиб кетгани ҳақидаги хабарларни рад этди ва аҳолини ваҳимага тушмасликка чақирди.

Шунга қарамай, сув омбори атрофидаги қишлоқларда яшовчи маҳаллий аҳоли ҳудудни тарк этишга шошилди.

Энергетика вазирлиги Тўпаланг сув омборидаги вазиятга ГЭСнинг сув қувури тўсини шикастланиши сабаб бўлгани, авария оқибатида Тўпаланг сув омбори тўғонига зиён етмагани, авария юз берган босимли қувурда сув оқиши тўхтатилгани ҳақида маълумот берган.

Мавзуга оид