Афғонистон таассуротлари: Покистондан юк олиб келган ҳайдовчилар билан суҳбат
Шу вақтгача “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” йўналишида юкларни фақат покистонлик ҳайдовчилар ташиётган эди. Илк марта бу маршрут бўйлаб ўзбеклар ҳам юкларни олиб ўтишди. Эндиликда бу жараён узлуксиз давом этиши кутилмоқда. Kun.uz юк машинасида Тошкентдан Карачига бориб мол олиб келган ватандош ҳайдовчилар билан суҳбатлашди.
Улар “Тошкент – Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар – Карачи” йўналиши бўйлаб босиб ўтилган йўлдаги ҳадик, чарчоқлар ва қизиқарли воқеалар ҳақида сўзлаб беришди.
Суҳбатдошларимиз Дилмурод Норматов ва Ойбек Бегматов – узоқ йиллик тажрибага эга, юк машинаси рулида минглаб километр масофаларни босиб ўтган халқаро ҳайдовчилардир. Улар илк сафарларида Покистондан гўшт олиб келишди.
“Тескари дунёга тушиб қолгандек бўлдик”
Дилмурод Норматов:
— 1992 йилдан бери юк ташиш соҳасидаман. Покистонга бориб, юкни олиб келиш таклифи логистик компаниямизнинг раҳбаридан чиқди. Раҳбаримиз ҳам капитан Кусто бор-ку, ўшанга ўхшаган одам, саёҳатни жуда яхши кўради. “Кетдик, ўша ерлар (Афғонистон, Покистон)ни бир кўриб келайлик”, деди.
Йўлни билмаганингиздан кейин, қисқа бўлса ҳам узоқ бўлиб туюлаверади-да. Юрмаганмиз, биринчи маротаба. Афғонистонда ривожланиш оқсаган-да энди, уруш кўп бўлган у ерларда, шунинг учун у ердаги халқни тушунса бўлади, ҳамма кўп нарсалардан қўрқади. Талафот бўлган кўп жойлари бор, биз шу ёшга кириб, бу нарсаларни киноларда кўрганмиз-да. Лекин тирик кўрмаганмиз. Ҳақиқийсини кўрсангиз, бошқача бўлади.
Чегарадан ўтганда бизга ғалати кўринди. Умуман, бизнинг давлатда, бошқа томонларда ҳарбий кийимни кийган ёки формаси бор одамлар қурол кўтариб юрса, биз биламиз, бу – чегарачи, ҳарбий одам. Қурол уники. Энди у ерга ўтганидан кейин, ҳамма ўзининг кийимида, худди мен кийиб юрган оддий кийимда кўчада автомат билан юрибман, ҳаммага ғалати кўринади, бу жинни ёки террорист дейишади. Лекин ўрганиб кетдик бунга ҳам.
Мен ўзимнинг фикрим, тескари дунёга тушиб қолдик-да биз.
“ГАИ” йўқ, қонун-қоида йўқ”
Ойбек Бегматов:
— Беларусда юк ортиб турган вақтим, логист қизимиз қўнғироқ қилиб: “Покистондан Афғонистон орқали гўшт ташимоқчимиз, шу Афғонистонга борасанми?” деб сўради. Мен айтдим: “У ерга одам борганмикан, ўтганмикан? Агар ўтмаган бўлса, мен бормайман”, дедим. Бормайман деганларнинг биринчиси менман. Биз 4-5 нафар ҳайдовчимиз, шеригим ҳам бормайман деди бошида.
Беларусдан қайтганимиздан кейин у ерга қатновларимиз тўхтади. Ишламай ўтирган билан ҳеч қандай иш битмайди. Ишлаш керак. Хўжайинимиз бундан кейин яна шу таклифни айтган эди, “ўзингиз бирга борсангиз, бораман”, деб айтдим.
Хўжайин бирга борадиган бўлганидан кейин, ўзи ҳам кўрди борганида, қийинчилик барибир бўлади. Россияга борганда ҳам бўлади, Беларусга борганда ҳам. Умуман, ҳайдовчиликнинг ҳам ўзига яраша машаққати бор, ҳар бир ишда бўлгани каби.
Афғонистонда хизмат қилиб келган одамлардан сўрасангиз ҳам, улар Афғонистон қандай эканини айтишмайди. Ўз кўзингиз билан кўрмагунингизча, билиб ололмайсиз. Шароити оғир. Толиблар экан, “тўхта” деганида тўхтамасангиз, бўлмайди. Бу – тез айнидиган юк, ундай нарсани тушунмайди.
Қонун-қоида йўқ Афғонистонда, умуман йўқ. “ГАИ” йўқ, “ГАИ” бўлмаганидан кейин қандай бўлсин қонун-қоида. Қийин…
“Ўзбекистоннинг бир ҳовуч тупроғини бермайман...”
Дилмурод Норматов:
— Афғонистоннинг Ўзбекистонга яқин жойлари нисбатан яхши. Узоқлашганингиз сари ўзгариб кетаверади. Кўчаларига ахлат ташлаган ва ҳоказо. Ўзбекистоннинг бир ҳовуч тупроғини бермайман лекин, “бериб тур” деса ҳам бермайман... Очиқдан очиқ “съёмка” қилиш мумкин эмас, бир одамни расмга олиш мумкин эмас. Улар қаттиқ қарашади бу нарсаларга. Покистонда эса бемалол. Телефонни сал бурчакка қўйиб, ўзимиз учун эсдаликка оламиз барибир. Иложи йўқ: танишларимиз сўрайди: “Бординг, кўрсат бизга ҳам. YouTube'дагилар тўғрими?” Деярли бир хил тўғри.
Кейин бир нарсаси ёқди, Афғонистон довонига чиққанда, катта юк машиналари колонна бўлиб кетамиз-да. Орада ҳалиги бир бетайинлар чиқиб қолади, ўтмоқчи бўлган. Толиблар шуларни тўхтатиб, уриб жазолар экан. Шу ерига мен беш кетдим. Бошқа бу ишни қилмайди у. Биз ҳам кўрдик, биз ҳам қилмаймиз.
Мозори-Шарифдан Кобулнинг йўлига кетишда озиқ-овқат жуда ҳам кўп ўтар экан-да. Озиқ-овқат, кўмир, қурилиш материаллари. У тарафга икки кунда очиқ бўлиши учун рухсат берилар экан, қайтишга эса бир кунга рухсат. Шу туриб қолдик, 2 кун тоғда кутдик. Еб-ичишимиз, озиқ-овқатимиз бор эди, шуни пишириб еб ўтирдик.
Тунда машинада ухлаймиз, барибир кўп ухламаймиз, кун ботиши билан тонг саҳардан яна юрамиз. Чунки биз буёқдан чиқишимизда Афғонистон элчихонаси огоҳлантирди: “Кечаси юрманглар, ишониб бўлмайди” дейди. Ҳали ҳам жиннилари бор дейишади.
Лекин ўзбекларига нисбатан ҳурмати яхши. Ўзим шу нарсани билдим. Ўзбекистонданмиз десак, ўтказиб юборишади. Покистонда ҳам худди шундай, Афғонистондан Покистонга ўтганимизда покистонлик чегарачилар ўзбеклигимизни билиб кулиб кутиб олди.
Ҳайдовчиларнинг тўлиқ ҳикояси билан видеода танишинг.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
15:12 / 09.11.2024
Покистондаги станцияда теракт: 24 киши ҳалок бўлди
21:39 / 08.11.2024
Покистонда ҳаво ифлосланиши ортидан боғ ва музейлар ёпилмоқда
12:52 / 08.11.2024