Жамият | 16:25 / 23.06.2022
59605
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар нега қозоқ унини маъқул кўрмоқда? 

Дон масаласига масъуллар бу йил Ўзбекистонда ҳар йилгидан-да кўпроқ ғалла ҳосили кутилаётганини айтишади. Аммо нега ўзбекистонликлар нон ва турли пишириқлар учун қозоқ унини  кўпроқ маъқул кўришади? 

Июн – Ўзбекистонда ғалла ўриб олинадиган пайт. Дон масаласига масъуллар бу йил Ўзбекистонда ҳар йилгиданда кўпроқ ғалла ҳосили кутилаётганини айтишади.  Аммо бугун қайси бир хонадонга ёки новвойхонага борманг, у ерда пиширилаётган нонларнинг асосий қисми қозоқ унидан ёки ҳеч бўлмаганда, қозоқ унига ўзбек унини қўшиш орқали тайёрланаётганига гувоҳ бўласиз.

Савол туғилади: нима учун ўзбекистонликлар нон ва бошқа турли пишириқлар учун учун қозоқ унини афзал кўришади? Қозоқ уни сифат борасида ўзбек унидан нимаси билан устунроқ?

Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволлар билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдулла Мансуровга юзланди.

— Абдулла ака, сиз ишлайдиган бошқарма вазирликда қандай вазифани бажаради?

— Бошқармамиз номи – Ғаллачилик ва дуккакли дон экинлари бошқармаси. Бу бошқарма бошоқли ва дуккакли донли экинларини республика бўйича жамлаштириш, навларни танлаш, жойлаштириш бўйича ишларни олиб боради. Бу экинларнинг вегетация, ўсув даврида мониторингини олиб борамиз. Яъни суғориш, ўғитлаш…

— Нега ўзбек уни сифат борасида қозоқ унидан ортда қолмоқда?

— Халқаро стандартлар бўйича буғдой дони 5 та синфга бўлинади. Биринчидан – учинчи синфгача бўлган донлар озиқ-овқат, нон ёки кондитер маҳсулотларини пишириш учун мўлжалланган. Тўртинчи ва бешинчи синф донлари эса кўпроқ чорвага озуқа сифатида бериш учун етиштирилади. Демак, дунёдаги асосий майдонларда биринчи ва иккинчи синф буғдойлари етиштирилмайди, уларни ўстириш учун ўзига яраша шароит керак, ўзига яраша тупроқ, иқлим шароити талаб этилади. Шунинг учун дунёда асосан учинчи синф буғдойлари етиштирилади ва ейилади.

Нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистонда, балки Европа ва Америка давлатларида ҳам учинчи синф буғдойидан нон қилиб ейилади. Учинчи, тўртинчи ёки биринчи синф буғдойларининг фарқи, ўша сиз айтгандек, клейковинада фарқ қилади.

Бу миқдорнинг фоизларда ўлчанадиган кўрсаткичлари бор. Масалан, 23 фоиздан 27 фоизгача бўлган клейковина учинчи синф буғдойига тўғри келади. Қозоғистонда ҳам учинчи синф буғдойларининг клейковинаси 27 фоиз бўлса, бизнинг ўзбек буғдойининг ёпишқоқлиги 27 фоизни беради.

Клейковина сифатида бироз фарқ бўлади. Индикатор деформация клейковина дейди, яъни хамир қилгандан кейин клейковинанинг қайтариш кўрсаткичи. Қозоғистонникида бу юқорироқ бўлади, бизникида эса сал камроқ. Шунинг учун уларнинг хамирида шишиш бироз фарқли бўлади.

Бу кўрсаткичлар нима сабаб юқори? Қозоғистонда ғалла кўпроқ лалми ерларда етиштирилади. Ҳа, суғориладиган ерларда дунё бўйича кўп йиллик тажрибалар ҳам бор, кўп йиллик натижаларда ҳам суғориладиган ерларда етиштириладиган буғдой лалми ерларда етиштирилганига нисбатан сифати бир мунча пастроқ бўлади. Бу – дунё амалиётидаги нарса.

Ўзбекистон шароитида 3 та илмий-тадқиқот институти бор, булар 1997 йилда очилган ва ҳозиргача ишлаб келаётган Андижондаги Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти, Қашқадарёда Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ва Жиззахда Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти. Бу учала институтлар ҳам буғдойнинг сифати, эртапишарлиги ва республика бўйича турли ҳудудларга мос келадиган навларини яратиш билан шуғулланади.

Бугунги кунда шу 3 та институтнинг соҳада кўплаб ютуқлари бор. Улар ҳозиргача давлатга 50дан ортиқ янги навларни топширишди. 

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид