Ўзбекистон | 17:58 / 24.06.2022
8389
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда буғдой ортиб кетаётган юк машинасида ёнғин содир бўлди

Ёнғин оқибатида юк машинасининг кабинаси ёниб яроқсиз ҳолга келган. Унга ортилган буғдойнинг 3 тоннаси сақлаб қолинган.

Фото: ФВБ ахборот хизмати

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, бугун, 24 июн куни соат 15:18 да М-37 Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши халқаро автомобил йўлининг Иштихон тумани ҳудудидан ўтувчи 52-километрида ҳаракатланиб кетаётган «Газ-52» русумли юк машинасида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган.

Шундан сўнг воқеа жойига 2 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Ўт ўчирувчилар ҳодиса жойига соат 15:26 да етиб борган ва соат 15:32 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида юк машинасининг кабина қисми қисман ёниб, зарарланган. Унга ортилган тахминан 3 тонна буғдой сақлаб қолинган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳодиса юзасидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Ургут туманида меъёрдан ортиқ сомон тойлари ортиб ҳаракатланган юк машинаси ёниб кетганди.

 

Мавзуга оид