Жаҳон | 12:08 / 25.06.2022
19158
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ болаларда келиб чиқиши номаълум бўлган гепатитнинг 900 дан ортиқ ҳолатини аниқлади

Дунёнинг 33 мамлакатида болаларда номаълум этиологияли оғир ўткир гепатитнинг 920 та эҳтимолий ҳолати мавжуд.

Фото: Alamy stock

Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботида айтилади.

Таъкидланишича, бу маълумотлар 2022 йил 22 июнь ҳолатига тўғри келади. Олдинги ҳисобот 27 май куни эълон қилинганидан бери ЖССТга 270 та янги эҳтимолий ҳолат ҳақида, жумладан, тўртта янги мамлакатдан хабар келиб тушган.

«ЖССТ бешта ҳудудда болаларда номаълум этиологияли оғир ўткир гепатитни аниқлагани ноодатий ҳолат, айрим ҳолатларнинг оғир клиник оқибатлари эса батафсил ўрганишни талаб қилади», дейилади хабарда. 

Ёш болаларда келиб чиқиши номаълум бўлган гепатит касаллиги биринчи марта апрель ойида Буюк Британияда қайд этилган ва ўша пайтда ўнта бундай ҳолат кузатилган. Кейинчалик аниқланган ҳолатлар сони, жумладан, ретроспектив тарзда қайд этилган касалликлар туфайли 900 дан ошди. Гепатитнинг эҳтимолий ҳолатлари орасида 45 тасида (5 фоиз) болага трансплантация талаб қилинди, 18 тасида (2 фоиз) бемор вафот этди.

ЖССТ маълумотларига кўра, хабар қилинган аксарият ҳолатлар бир бири билан эпидемиологик жиҳатдан боғлиқ эмас, фақат Шотландия ва Нидерландиядаги ҳолатлар бундан мустасно.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид