Ўзбекистон | 07:23 / 25.06.2022
7393
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда «Борсакелмас» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил қилинади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасида “Борсакелмас” давлат буюртма қўриқхонасини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгашининг:

  • “Борсакелмас” давлат буюртма қўриқхонасини ташкил этиш учун Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига доимий эгалик ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Қўнғирот туманидаги 162 965 гектар ҳамда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига доимий эгалик ҳуқуқи асосида тегишли бўлган 88 500 гектар ер майдонларини захирага қайтариш;
  • давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида Қўнғирот туманида умумий майдони 300 000 гектар бўлган “Борсакелмас” давлат буюртма қўриқхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

“Борсакелмас” давлат буюртма қўриқхонасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериладиган ер участкалари, яъни Қорақалпоғистон Қўнғирот туманидаги Қўнғирот давлат ўрмон хўжалиги 162 965 гектар ўрмон фонди ерлари, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси 88 500 гектар яйлов ерлари ва туман ҳокимлиги тасарруфида бўлган 48 535 гектар захира ерлари табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилсин.

Белгиланишича:

а) буюртма қўриқхонаси қўриқланма зонасидаги ерлар ушбу ҳудудларда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолади;

б) буюртма қўриқхонаси Давлат экология қўмитаси таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

в) буюртма қўриқхонаси фаолиятини молиялаштириш 2022 йилда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига, 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон бюджети маблағлари, Давлат экология қўмитаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

г) буюртма қўриқхонаси ҳудудида табиий мажмуалар ва ландшафтлар, шу жумладан, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвон турлари муҳофазага олинадиган асосий объектлар ҳисобланади.

Мавзуга оид