Жамият | 12:15 / 28.06.2022
9533
6 дақиқада ўқилади

Суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш тақиқланади. Бу қоидани конституцияга киритишга зарурат борми?

Амалдаги Жиноят процессуал кодексининг 226-моддасига кўра ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан эътиборан кўпи билан қирқ саккиз соатни ташкил этади. Энди ушбу қоидани Конституцияга киритиш орқали мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда. Бу нега керак?

Амалдаги Конституциянинг 25-моддасига кўра, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга ва ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

Муҳокамага қўйилган Конституция лойиҳасига кўра, 25-моддага жиноят қонунчилигига оид нормалар қўшиляпти:

  • Ушлаб туришга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга ёки озодликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суд қарор қабул қилмагунича 48 соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмас;
  • Агар ушлаб туриш ёки озодликни бошқача тарзда чеклаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда суд томонидан қабул қилинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши керак.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида «“Хабеас корпус” институтини ривожлантириш зарурлиги, яъни, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқа турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш керак экани»ни таъкидлаганди. Давлат раҳбарининг фикрича, бу муҳим нормани ҳам мамлакат асосий қонунида акс эттириш зарур ва бундай қоидалар инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият деган эзгу тамойилга ҳар томонлама мос келади.

Дарҳақиқат, ушбу киритилаётган қўшимчанинг зарурияти шундаки, инсоннинг фундаментал ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиши, унинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқининг конс­титуциявий кафолати сифатида мустаҳкамлашдир.

Шунингдек, миллий қонунчилигимизни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш, демократик тамойиллар ва халқаро ҳуқуқий талабларга тўлиқ жавоб берадиган қонун нормаларини қабул қилишда “Хабеас корпус” институтини кенгайтириш, жумладан, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида суд назоратини кучайтиришни ўз ичига олади.

Маълумки, жиноий таъқибга учраган фуқаронинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқи “Хабеас-корпус” (Habeas Corpus) дея номланади. Бу атама 1679 йил 26 май куни Англия парламенти томонидан қабул қилинган қонун – “Хабеас Корпус Акт” атамасидан олинган. Fapб мамлакатларида жиноий таъқибга учраган, ҳибсга олинган ёки қамоқда сақланаётган фуқаронинг адолатли суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқини “Хабеас-корпус” деб номлаш одат тусига кирган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда 2005 йилда қабул қилинган қонун асосида 2008 йил 1 январдан бошлаб жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар ваколатига ўтказилган. Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2012 йилда қабул қилинган қонунга асосан лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллашнинг суд тартиби амалиётга киритилган ва бугунги кунга қадар давом эттирилмоқда.

Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар биринчи навбатда фуқаролар ҳуқуқларини суд томонидан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлашга, қолаверса суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бўлган жиноят ва жиноят процессуал қонунчилигини янада демократлаштириш ва либераллаштиришга хизмат қилади.

Жиноят-процессуал кодексининг 12-моддасига мувофиқ, жиноят ишлари бўйича одил судловни фақат суд амалга оширади. БМТ Бош Ассамблеясининг 1966  йил 16 декабрдаги резолюцияси билан қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 9-моддасига кўра, ҳар бир инсон эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга; ҳеч ким ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас; ҳеч ким қонунда белгиланганидан бошқача асос ва тартибда озодликдан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Халқаро ҳужжатда қайд этилишича, ҳибсга олинган ҳар бир кишига ҳибсга олиш чоғида унинг ҳибсга олиниши сабаблари айтилади ва дарҳол унга қўйилган ҳар қандай айблов маълум қилинади. Жиноий айблов бўйича ҳибсга олинган ёки ушлаб турилган ҳар бир шахс зудлик билан судья ёки қонун бўйича суд ҳокимиятини амалга ошириш ҳуқуқи бўлган бошқа мансабдор шахс ҳузурига келтирилади ва оқилона муддатда суд муҳокамаси ўтказилиши ёки озод қилиб юборилиши ҳуқуқига эга.

Суд муҳокамасини кутаётган шахсларнинг қамоқда сақланиши умумий қоида бўлмаслиги керак, бироқ озод қилиш судга келиш кафолатлари берилишига, суд муҳокамасига унинг ҳар қандай босқичига келишга ва зарур ҳолларда ҳукм ижро этилиши учун келишга боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 9-моддасига кўра, ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақлаб турилиши туфайли озодликдан маҳрум этилган ҳар бир шахс ўз ишининг судда кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга, токи суд унинг ушлаб турилиши қанчалик қонуний эканлиги борасида дарҳол қарор чиқара олсин ва агар уни ушлаб туриш ноқонуний бўлса, озод қилиш ҳақида фармойиш бера олсин, деб мустаҳкамланган.

АҚШ Конституциясининг 5 ва 6-қўшимчаларида ҳеч ким жиноий ишларда ўзига ўзи қарши гувоҳлик беришга мажбур қилиниши; ҳеч бир шахс қонуний судда кўрилмай ҳаёти, эркинлиги ёки мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, шунингдек, айбланувчи айбловнинг моҳияти ва асосларидан хабардор бўлиш ҳуқуқига эгалиги, у ўзига қарши кўрсатув бераётган гувоҳлар билан юзма-юз учрашиши, ўзи томонидан гувоҳларни мажбуран келтириш ёки ўз ҳимояси учун адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Шунингдек, мазкур талаб бир қатор давлатлар, хусусан, Испания, Греция, Нидерландия, Хорватия, Словения конституцияларида мустаҳкамлаб қўйилган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид