Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қийноққа қарши норма энди Конституцияда ҳам бўлади. Бу нимани англатади?
Ўзбекистоннинг яқин ўтмишида ҳибсга олинган шахсларнинг турли қийноқларга солингани, уларга нисбатан ғайриинсоний ҳаракатлар содир этилгани бор гап. Конституцияни қийноққа солишни чеклайдиган норма билан тўлдиришга сабаблардан бири шу бўлган бўлса ажаб эмас.
Амалдаги Жиноят процессуал кодексининг 17-моддасига мувофиқ, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Энди ушбу қоида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи сифатида мустаҳкамлаб қўйилиши кутилмоқда.
Муҳокамага қўйилган Конституция лойиҳасига кўра, 25-моддага жиноят қонунчилигига оид нормалар қўшиляпти:
- ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас;
- ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.
Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишини таъкидлар экан, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилганди. Мазкур долзарб масала Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияда ҳам ўз аксини топган.
Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий механизмларни такомиллаштириш мақсадида 2021 йил 26 июнда «Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинган.
World Prison Brief ташкилотининг ҳисоботига кўра, ҳанузгача бир қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар таҳлилларида Ўзбекистонда гумон қилинувчилар қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши тўғрисида маълумотлар тарқатилади.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 235-моддаси «Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш» деб номланган. Унга асосан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш уч йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор қилишни таъқиқлаш конституциядан ўрин олиши давлатимиз инсонпарварлик ғояларига қанчалик содиқ эканлигимизни кўрсатади.
2022 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга асосан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилишини назарда тутувчи қўшимча киритилди.
1966 йил 16 декабрда қабул қилинган «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пактнинг 7-моддасига асосан «ҳеч ким қийноқларга ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомалага ёки жазога дучор этилмаслиги керак. Жумладан, ҳеч бир шахс устидан ўзининг эркин розилигисиз тиббий ёки илмий тажриба ўтказилиши мумкин эмас». 1984 йил 10 декабрда қабул қилинган «Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенция» пактда белгиланган талабни аниқлаштиради.
Қийноқларга йўл қўймаслик 2015 йилдаги «Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартлари», яъни Нельсон Мандела қоидаларида ҳам белгилаб қўйилган. Мазкур талаб Германия, Швеция, Норвегия, Испания, Нидерландия, Хорватия, Словения ва бошқа бир қатор давлатлар конституцияларида мустаҳкамлаб қўйилган.
Мавзуга оид
16:03 / 07.10.2022
Сенатор амалдаги Конституцияда бор нормани янги Конституция лойиҳасига киритишни таклиф қилди
11:05 / 07.10.2022
«Халқчил Конституцияни яратиш учун шошилмаслик керак» – Шавкат Мирзиёев
15:57 / 03.10.2022
Журналистлар фаолиятига тўсқинлик жавобгарликка сабаб бўлиши Конституцияга киритилмоқда
19:06 / 20.09.2022