Жаҳон | 12:44 / 30.06.2022
21400
4 дақиқада ўқилади

Миколайивда кўп қаватли уйга ҳужум, Запорижжяда асирлар алмашинуви. Уруш суратлари

29 июн куни Владимир Путин Украинадаги «махсус амалиёт»нинг якуний мақсади — Донбассни озод этиш ва Россия хавфсизлиги кафолатини олиш эканини айтди. У Россия фуқаролик объектларини ўққа тутмаётганини таъкидлади. Украина ва Россия йирик асирлар алмашинувини амалга оширди — 144 га 144 киши алмаштирилди, Украинага қайтарилганларнинг 94 нафари «Азовстал» мудофаачиларидир. НАТО алянснинг янги стратегик концепциясини қабул қилди: Россия «хавфсизлик учун энг жиддий ва бевосита таҳдид» деб аталди.

Урушнинг 126-куни. Асосий маълумотлар

  • Миколайив тонгда ракета зарбасига учради, снарядлар кўп қаватли турар жой биносига келиб тушган. Тўрт киши ҳалок бўлгани ва бир неча киши яралангани хабар қилинган.
  • НАТО давлатлари Россияни хавфсизлик учун асосий ва тўғридан тўғри таҳдид деб аташди. АҚШ президенти Жо Байден Америка Россиянинг Украинадаги тажовузи туфайли Европадаги ҳарбий контингентини оширишини маълум қилди.
  • Буюк Британия бизнесменлар Владимир Потанин, Михаил Гуцериев ва Путиннинг қариндоши Анна Цивилёвага қарши санкциялар жорий этди.
  • Северодонецкда Украинадаги энг йирик иссиқлик электр станцияси тўлиқ вайрон бўлган.
  • Сурия «ДХР» ва «ЛХР» мустақиллигини тан олди.

Қуйида 29 июн куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Киев области 

Sergei Supinsky / AFP / Scanpix / LETA

29 июн куни Володимир Зеленский билан учрашиш учун Украинага келган Индонезия президенти Жоко Видодонинг қўриқчилари Киев марказида кўргазмага қўйилган артиллерия установкаси олдида суратга тушишмоқда. Видодо Украинага «тинчликпарвар мақсади» билан ташриф буюрган. 30 июн куни у Москвада Владимир Путин билан учрашишни режалаштирган. 

Индонезия президенти матбуот хизмати / AFP / Scanpix / LETA

Индонезия президенти Жоко Видодо (чапдан бешинчи) ва унинг рафиқаси Ириана Йоко Видодо (чапдан тўртинчи) Индонезия делегацияси ва Украина томони вакиллари ҳамроҳлигида Ирпиндаги вайрон бўлган биноларни кўздан кечирмоқда.

Миколайив

George Ivanchenko / EPA / Scanpix / LETA

Украиналик қутқарувчилар Миколайивдаги вайрон бўлган кўп қаватли уйда ишлашмоқда. Област маъмурияти раҳбари Виталий Ким 29 июн кунги ҳужум натижасида тинч аҳоли вакилларидан уч киши қурбон бўлганини, яна беш киши яраланганини маълум қилган. Россия мудофаа вазирлиги шу куни «Россия ҳарбий космик кучларининг юқори аниқликдаги қуроллари билан Миколайив шаҳри ҳудудида хорижлик ёлланма жангчиларни тайёрлаш базаси йўқ қилингани» ҳақида хабар берган. 

Қутқарувчилар вайрон қилинган кўп қаватли бинодан миколайивлик ярадор кишини эвакуация қилмоқда
George Ivanchenko / EPA / Scanpix / LETA
Терговчи кўп қаватли бино ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлган киши устини ёпмоқда.
George Ivanchenko / EPA / Scanpix / LETA
Ракета келиб тушган уй харобалари орасида оилавий архивдаги фотосуратларни йиғаётган киши.
George Ivanchenko / EPA / Scanpix / LETA

Кременчуг 

Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA

Кременчуглик аёл қизи билан «Амстор» савдо маркази ўққа тутилиши оқибатида яраланган турмуш ўртоғидан хабар олиш учун шифохонага келган. Россия ҳарбийларининг Полтава области Кременчуг шаҳридаги савдо марказига ракета зарбаси йўллаши оқибатида тинч аҳоли вакиллари бўлган камида 20 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар бедарак йўқолган. Киев ҳодисани «фуқаролик объектига қасддан ҳужум қилиш» билан боғлиқ терроризм акти деб атаган. РФ мудофаа вазирлиги айбловни рад этмоқда. 

Вайрон бўлган савдо маркази тозаланиши жараёнининг дрондан олинган тасвири.
Metin Aktas / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Запорижжя области 

29 июн куни Украина ва Россия ўртасида ҳарбий асирлар алмашинуви бўлиб ўтди. Бу жараён «144 га 144 киши» формуласида амалга оширилган. Украинага қайтарилганлар орасида «Азовстал» мудофаачилари ҳам бор.
Фото: Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси
Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси 29 июн куни Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий асирлар алмашинуви жараёни акс этган фотосуратларни эълон қилди. Суратларда кимлар акс этгани — украинлар ёки россияликлар экани борасида аниқлик киритилмаган.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид