Жамият | 18:30 / 30.06.2022
19277
2 дақиқада ўқилади

Тойлоқда яшовчи келинчакнинг жасади кийим илгичга осилган ҳолда топилди

Ҳодиса юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Бош прокуратура матбуот котибининг Kun.uz сўровига берган маълумотига кўра, 2022 йил 27 июнь куни соат тахминан 04:30 ларда Тойлоқ тумани, Боғизағон маҳалласи, Самарқанд кўчасида яшаган 1991 йилда туғилган аёл Г.И. ўзининг яшаш уйи меҳмонхонасида кийим илгичга аёллар рўмоли билан ўзини осиб ўз жонига қасд қилган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, Г.И. Тойлоқ тумани Боғизағон маҳалласида яшовчи 1989 йилда туғилган Х.О. билан 2019 йил январ ойида қонуний никоҳдан ўтиб, бирга яшаб келган. Турмушлари давомида улар 2 нафар фарзанд кўришган.

Г.И.нинг ўз жонига қасд қилгани ҳолати бўйича ўлим сабабини аниқлаш мақсадида унинг мурдаси суд-тиббий экспертиза текширувидан ўтказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга қадар текшириш ҳаракатлари устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан тегишли идораларга ҳам хизмат текширувлари тайинланган.

Тойлоқда содир бўлган ҳодиса Самарқанд вилоятида сўнгги ҳафтада аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ иккинчи ҳолат ҳисобланади. 2022 йил 24 июн куни Самарқанд шаҳридаги Боғбонлар маҳалласида яшовчи 29 ёшли аёл сирка ичиб ўз жонига қасд қилган ва 27 июн куни шифохонада вафот этганди.

Бош прокуратура матбуот котибининг хабар беришича, 29 ёшли аёлнинг сирка ичиб ўз жонига қасд қилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид