“Халқ назорати” платформаси ўзини оқлаяптими? – Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари билан интервью
Тошкентни тоза ва ораста шаҳар деб бўлмайди. Кўпчилик ҳовли, йўл ва бошқа манзилларда шаҳар чиройини бузиб турган чиқинди уюми, қувурдан тошиб чиққан сув ёки носоз йўлларга тез-тез дуч келса керак.
Шу каби ҳолатларни кўрганда, кимнидир жаҳли чиқади, кимдир сўкинади, яна кимдир муаммога шунчаки беэътибор ўтиб кетолмайди – фуқаролик позициясини намоён қилиб, унга ечим излайди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2021 йил феврал ойида айни шу каби муаммоларни манзилли аниқлаш ва ечишни мақсад қилган “Халқ назорати” платформасини ишга туширган эди.
Хўш, бугунги кунда илова орқали кутилган мақсадларга қанчалик эришилмоқда? “Халқ назорати” ишончни оқлаяптими? Қайси туман портал фаолиятига тўғри ёндашяпти-ю, қай бири эътиборсиз муносабатда?
Kun.uz мухбири айни платформа фаолияти бўйича Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Алексей Хен билан интервью уюштирди.
— Алексей ака, сўнгги вақтларда “Халқ назорати” платформаси ҳақида кўп гапириляпти. Масалан, ундаги охирги рейтингга қарайдиган бўлсак, айрим туманлар яхши ишлаган, айримлари ёмон ва яна айрим туманлар ваъдабоз бўлиб чиққан. Лекин шундай бўлса-да, ҳаммани ҳам бу иловадан хабардор деб бўлмайди. Дастлаб, мана шу илова тўғрисида тўлиқроқ маълумот берсангиз.
— Президентимизнинг 2020 йил 17 мартда “Рақамли Тошкент” дастури бўйича қарори чиққанди. Мана шу дастур доирасида “Халқ назорати” порталини яратиш бўйича шаҳар ҳокимиятига топшириқ ҳам берилган эди. Шундан кейин, бу вазифани бажаришга Рақамли ривожланиш департаменти масъул этиб белгиланди ва шу департаментнинг кучи билан портал ташкил қилинди.
Ҳозирга келиб бу порталнинг фаолият юритаётганига бир йилдан ошди. Унинг бошқа порталлардан фарқи 3 та жиҳатдан иборат.
Биринчиси – ортиқча бюрократиядан холи. Дейлик, портал – мобил илова. Исталган одам шаҳар инфратузилмаси, қурилиш ёки ободонлаштириш тизими бўйича қандайдир камчиликни кўрса, илова орқали суратга олади ва автоматик равишда манзилини кўрсатади ҳамда қисқача изоҳ беради. Бу ердаги асосий йўналишлар – қурилиш, ободонлаштириш ҳамда шаҳар инфратузилмаси ҳисобланади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу – инсонларнинг шахсий муаммоси билан шуғулланадиган портал эмас. Айнан шаҳар муаммоси билан боғлиқ ишларга масъул ҳисобланади.
Демак, биринчи афзаллиги – ортиқча бюрократик жараёнларнинг камайгани. Фуқаролар муаммони суратга олади, автоматик равишда қаерда жойлашганини аниқлайди ва қисқача изоҳдан кейин мурожаат тегишли мутасаддига автоматик юборилади. Ортиқча жараёнлар йўқ.
Кейинги фарқи – юборилган мурожаатни фуқароларнинг ўзи назорат қилишидир. Қилинган ишлардан аҳоли норози бўлса ёки унга масъул ижрочи ишни бажармасдан, “қачондир бажарамиз” деб хат берган бўлса, фуқаро рад этиши мумкин. Масалан, одамлар “розиман” деган махсус тугмани босмагунича, масала ҳал бўлмайди. Ҳақиқатан, жойига чиқиб, ишлар қилинганини кўрганидан кейин, тугма босилса, масала ҳал бўлган саналади.
— Тизимнинг ишлаши ва мурожаатлар натижадорлиги қандай назорат қилиб борилади?
— Бошида тизимни жорий қилганимизда, мурожаатлар тўғридан тўғри туман ҳокимликларига борар эди. Бу жараёнда масалалар туманларга етиб боради ва ҳал қилинади, деб ўйлаган эдик. Лекин бундай бўлмади. Сабаби ҳокимликдагиларнинг ҳам иши жуда кўп, бу янги тизим ҳисобланади. Портални ўрганиш учун вақт керак. Кейин алоҳида битта модераторлик гуруҳини ташкил қилдик. Шу босимни, яъни ишлашдаги босимни мазкур гуруҳ ўз бўйнига олди. Жараённи кузатиш, назорат қилиш, бажарилиши қандай ва шуларга мувофиқ ҳисоботини яратиш – буларнинг барчасини шу гуруҳ амалга оширади.
“Халқ назорати” портали 7 та асосий параметрдан иборат. Шу 7 та параметр бўйича Тошкент шаҳар ҳокимияти ишларни баҳолайди.
Биринчи параметр – қанча мурожаатлар бажарилганидир. Бу – энг асосий параметрдир.
Иккинчи параметр – аҳолининг фаоллиги. Тошкент шаҳрида туманларнинг майдони, аҳоли зичлиги ҳар хил. Шуни ҳисобга олган ҳолда фаоллик параметрини чиқарганмиз.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
23:47 / 26.11.2024
Тошкентда юк машинаси билан тўқнашган Isuzu ҳайдовчиси ҳалок бўлди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
21:02 / 26.11.2024
Тошкент шаҳридаги айрим автобуслар ҳаракати йўналиши вақтинча ўзгартирилади
22:20 / 25.11.2024