Жамият | 22:42 / 30.06.2022
21710
8 дақиқада ўқилади

Юнусободда Equinox машинасидаги эркакларга қилинган ҳужум бўйича суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди ўтган йилнинг октябр ойида шу туманда рўй берган оммавий жанжал (воқеанинг бир қисми қуйидаги видеода акс этган) иштирокчилари устидан ҳукм ўқиди.

Маълум қилинишича, Ж. А., М. Х., С. М., С. Х. ва дастлабки терговда аниқлашни имкони бўлмаган шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 2021 йил 31 октябрь куни соат 22:00 ларда пичоқ ва бошқа буюмлар билан қуролланиб, Юнусобод тумани Боғишамол кўчасида жойлашган “СамПИ” савдо мажмуаси олдида Ж. И., А. Т., А. К., С. А. ва Д. М. ни ўлдириш ва зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш мақсадида уларга ҳужум қилган.

Бундан хавфсираган Ж. И., А. Т., А. К., С. А. ва Д. М. ҳодиса жойидан қочиб яширинган.

Б. Т. Тошкент вилояти Юқорчирчиқ тумани “Ийк ота” МФЙ Бахт кўчаси 41-уйда жойлашган “Шодлик” номли кўнгилочар масканнинг ҳаммом-саунасида маъмур бўлиб ишлаб, 2021 йил ноябрь ойининг бошларида С. М. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, мазкур кўнгилочар маскан иш юритувчиси Д. Ш. нинг кўрсатма ва талабларига зид равишда, фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириб, ўзларини кўнгилочар маскан ҳаммом-саунаси эгасидек фараз қилиб, ушбу ҳаммом-саунада фоҳишахона ташкил қилиб, у ерга келган мижоз ва хизмат кўрсатувчи фоҳиша аёллар ўртасида улар томонидан қўйилган талабларнинг риоя этилишини таъминлаб, Д. Ш. нинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказганлар.

Бундан ташқари, С. М. билан Б. Т. ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, мазкур объектда 2021 йил ноябрь ойининг бошларидан 2021 йил 1 декабрь кунига қадар мижозларга Р. А., Н. С., У. Я., Р. А., А. В. ва бошқа аёлларнинг шаҳвоний хизматларини таклиф қилиш йўли билан пул эвазига уларга жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб бериб, кўрсатилган интим хизматлар учун ҳар бир мижоздан олинган 200 минг сўм миқдоридаги пуллардан 50 минг сўмини улуш сифатида қўлга киритиб келганлар.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:

Ж. А. Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, Ж. А. 2021 йил 6 ноябрдан 2022 йил 27 июнга қадар қамоқда сақланганини эътиборга олиб, тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тўлиқ ўтаган деб ҳисобланиши белгиланиб, унга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинди ва у суд залида қамоқдан озод қилинди.

Ҳукм қонуний кучга киргунга қадар Ж. А. га нисбатан “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

М. Х. га нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 1-қисми билан юритилган жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси (айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар) 5-қисми 2-бандига асосан айблилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб ҳаракатдан тугатилди.

М. Х. Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Жиноят кодексининг 60- (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) ва 61- (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2020 йил 5 июндаги ҳукмига кўра тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан М. Х. га узил-кесил ўташ учун 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, М. Х. 2021 йил 6 ноябрдан 2022 йил 27 июнга қадар 7 ой 21 кун қамоқда сақланганини эътиборга олиб, тайинланган озодликни чеклаш жазосидан чегириб ташланди ҳамда узил-кесил 10 ой 9 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

М. Х. га нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залида қамоқдан озод қилинди. Ҳукм қонуний кучга киргунга қадар М. Х. га нисбатан “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

С. М. Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми, 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 3-қисми ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59- (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Б. Т. Жиноят кодексининг 131-моддаси 3-қисми ва 229-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

Б. Т. га нисбатан қўлланилган “гаров” тарзидаги эҳтиёт чораси “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартирилиб, суд залида қамоққа олинди.

С. Х. Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 60 ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2021 йил 25 январдаги ҳукми билан тайинланган жазони ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан С. Х. га узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 11 150 000 сўм жарима ва 2 йил 7 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Тайинланган жарима С. Х. томонидан 2021 йил 2 февраль куни тўлиқ тўлангани инобатга олинди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан С. Х. ни 2022 йил 4 апрелдан 2022 йил 8 апрелга қадар 4 кун қамоқда сақланганини эътиборга олиниб, тайинланган озодликни чеклаш жазосидан чегириб ташланди ҳамда узил-кесил 2 йил 6 ой 26 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

ЖПК талабларига мувофиқ, апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 20 сутка ичида, маҳкум ва жабрланувчи-фуқаровий даъвогар томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхалари топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкинлиги маълум қилинади.

Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоят ёки протест оқибатсиз қолдирилади.

Мавзуга оид