Ўзбекистон | 19:40 / 02.07.2022
10035
5 дақиқада ўқилади

“Конституция ҳам эскиради, шу боис у замонга қараб ўзгариб туриши керак” — комиссия аъзоси

Конституция – тирик қонун, у ҳам эскиради, шунинг учун албатта ўзгариб туриши керак, дейди Конституциявий комиссия аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Мирзаюсуф Рустамбоев. У бу сўзларини мустақилликдан сўнг қабул қилинган конституцияда СССР конституциясида мавжуд бўлган кўплаб нормалар тушириб қолдирилгани билан изоҳлади.

 

– Нега айнан ҳозир конституцияга янги “қон” киритиш, уни ислоҳ қилишга эҳтиёж туғилди. Нима деб ўйлайсиз?

– Шўро даврида ҳам конституциямиз бор эди, лекин мустақилликка эришганимиздан сўнг янги конституцияни ишлаб чиқишга мажбур бўлганмиз. Сабаби СССРдан ажралганимиздан сўнг бир кун ичида ҳамма қонунларимиз йўққа чиқди. Миллий қонунчилигимизни қабул қилишимиз учун эса асосий қонун керак бўларди.

Дунёда конституциянинг модели йўқ. Мамлакат асосий қонуни мана шунақа бўлиши керак деган тушунча йўқ. Шунинг учун Ўзбекистон конституциясини ишлаб чиқишда анча қийналганмиз. Олимлар, мутахассислар, парламентимиз вакиллари анча қийинчиликларга дуч келишган. Шунга қарамай бу вазифа бажарилди, яъни конституция ёзилди, уни қабул қилганимизга ҳам 30 йил бўлди. Бу даврда амалдаги асосий қонунимиз ўз вазифасини бажариб берди, деб ҳисоблайман.

Мустақилликдан кейинги 30 йил ичида Ўзбекистон бир жойда тургани йўқ. Иқтисодиётимизда ўзгаришлар бўлди, одамларимиз ўзгаряпти, сиёсатимиз бошқа бўляпти. Конституциявий комиссия аъзоси сифатида шуни айтмоқчиманки, асосий қонунимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича 60 мингдан зиёд таклиф келиб тушди. Уларнинг орасида ҳар хил таклифлар бор. Айримлар тушунмасдан ўзининг шахсий масаласи бўйича мурожаат қилган ҳолатлар ҳам бор.

Шунақа таклифлар ҳам келдики, оддий фуқароларимиздан мана шундай таклифлар чиққанини кўриб ўзимиз ҳам ҳайрон қолдик. Умуман олганда халқимиз бу сафар жуда фаол бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтишим керак. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Бу – аҳолимизнинг ҳуқуқий онги ва маданияти анча юксалганининг белгиси.

Мирзаюсуф Рустамбоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, ю.ф.д, профессор

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, конституция догма эмас. У тирик қонун десам ҳам бўлади, у албатта ўзгариб туриши керак. У эскиради ҳам, шунинг учун ҳам конституция замонга қараб, ислоҳотларимизга қараб ўзгариб туриши керак. Яъни янги “қон” киритиб туриш керак.

Масалан, биз 1992 йили конституцияни қабул қилганимиздан кейин ўша ҳужжат асосида бошқа қонунларни ҳам қабул қилганмиз. Жумладан, Жиноят кодексини. СССР вақтидаги Жиноят кодексида чайқовчилик, яъни олиб сотарлик учун жавобгарлик белгиланганди ва бундай жиноятни содир этишда айбли деб топилганлар 15 йилгача озодликдан маҳрум қилинарди. Ваҳоланки, бу бизнес, бу савдо. Жамиятга бунинг қандай хавфи бор эди?

Мустақил Ўзбекистоннинг Жиноят кодексини ишлаб чиқаётганимизда кўпчилик айнан шу нормани қолдиришни ҳам таклиф этган. Тасаввур қилинг, чайқовчиликка доир норма қонунчилигимизда қолганида нима бўларди? Қандай қилиб иқтисодиётимиз ривожланарди?

Бундан ташқари, эски Жиноят кодексимизда “яшаш майдони қаватлари сони нормаларини бузиш” деган норма бўларди. Ҳар битта фуқаро фақат бир қаватли уй қуриши мумкин эди. Бир квадрат метр ортиқча қурса, жиноий жавобгарликка тортиларди. Қандай қилиб бундай нормаларни қолдириш мумкин эди?! Бу қонунлар ўша даврда ЎзССР конституцияси асосида қабул қилинган. Демак, конституция ўзгариб туришга муҳтож. Илгари мантиқли кўрилган нормалар вақт ўтиб мантиқсизга айланиб қолиши ва бундан кўпчилик азият чекиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев бугунги кунда инсон қадри энг олий қадрият деган тамойилни илгари суряпти. Биринчи ўринга инсон, ундан кейин жамият, сўнгра давлат манфаатлари қўйилмоқда. Эски қонунларимизда биринчи ўринда давлат манфаатлари турарди. Ўша пайтдаги ЖКни очсангиз биринчи боби “Давлатга қарши жиноятлар” деб номланган. Ҳозир бунинг акси бўлмоқда, биринчи ўринда шахснинг ҳуқуқ-манфаатлари инобатга олинмоқда.

– Конституцияга киритиш илгари сурилаётган таклифлардан бири сифатида қайсидир масала бўйича инсон ва давлат манфаатлари тўқнашадиган бўлса, у инсон фойдасига ҳал қилиниши айтилмоқда...

– Худди шундай. Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилиши кутилаётган нормага кўра, тергов кетаётганда ҳамма далиллар тўпланган бўлса-ю гумонланувчи жиноятни содир этгани юз фоиз аниқ бўлмаса, вазият гумонланувчи ёки айбланувчи фойдасига ҳал бўлади. Давлат фойдасига эмас.

Сир эмас, илгари битта ариза билан одамлар қамалиб кетган. Буни халқимиз жуда яхши эслайди. Бу бало ўша пайтлар кўп одамларнинг бошига етганди. Энди бунга 100 фоиз чек қўйилади. Юртбошимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашганда ҳам худди шунақа таклифларни ўртага ташладилар.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид