Ўзбекистон | 23:50 / 02.07.2022
20511
2 дақиқада ўқилади

“Қийин пайтда президентнинг ўзи келиши бизга ишонч берди” — Нукусда вазият яхши томонга ўзгаргани айтилди

Қорақалпоғистон касаба уюшмалари бирлашмаси раиси Улуғбек Жалменовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, президентнинг қорақалпоқ халқига мурожаатидан кейин Нукусдаги тартибсизликлар тўхтаган.

“Бугун президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрига келди. Фаоллар билан учрашиб юз берган ҳолат бўйича фикр алмашди. Шу ўринда Конституциянинг 70-75 моддалари билан боғлиқ ўзгаришларнинг киритилиши нотўғри талқин қилиниши оқибатида халқ орасида тушунмовчиликлар юзага келиб чиққан, тўлиқ тушунмасдан туриб намойиш уюштирилган ва одамлар кўчага чиқиб кетиб, шаҳарда вазият анча кескинлашган эди. Президентимиз келиб, учрашиб, ҳолатни ўрганиб, ўз фикрини билдирди.

Шу ўринда давлат раҳбарининг бир фикрларини айтиб ўтишим керак: “Мен ўзимни қорақалпоқ фарзанди ҳам деб биламан. Икки туғишган халқнинг биргаликда ривожланиши учун ҳаракат қиламиз. Бу ўзгаришлар ҳали лойиҳа сифатида турибди холос. Киритилаётган ўзгаришларни қайтадан кўриб чиқамиз. Барчаси ижобий ҳал этилади” деди. Бу юзлашув халқ томонидан жуда яхши кутиб олинди”, дейди Улуғбек Жалменов.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Нукусда вазият яхши томонга ўзгарган, намойишчилар тарқалмоқда.

“Бундай оғир вазиятда президентимизнинг ҳамма ишни ташлаб шахсан ўзи келиши, одамлар билан учрашиши биз учун катта эътибор бўлди. Ҳозир ҳаммаси ўз ўрнига тушмоқда.

Бир нарсани таъкидлашим керак, Мирзиёевнинг ўзи келганини аҳоли чексиз ғамхўрлик сифатида қабул қилди, уларга катта ишонч берди. Биз ўзбек халқи билан бир миллатмиз. Мақсадимиз – икки халқнинг бирга ривожланишидир”, деди Улуғбек Жалменов.

Мавзуга оид