Жамият | 18:51 / 04.07.2022
29580
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида поликлиника шифокори автомобилда шошилинч туғуруқни амалга оширди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Тошкент вилоятининг Қибрай тумани Чинобод кўчасидан автомашинага чиққан ҳомиладор аёлни йўлда тўлғоқ тутган. ССВ матбуот хизмати хабар беришича, унга ҳамроҳ бўлган қайнонаси такси ҳайдовчисига энг яқин тиббиёт муассасасига олиб боришни сўраган. 

«Пойтахтимиздаги Улуғбек шаҳарчаси 1-сон поликлиникаси ҳудудига «Матиз» русумли автомашинада олиб келинган ҳомиладор аёлга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишга киришилди. 

Бу вазиятда ҳар бир сония ҳисобли эди. Туғуруқ жараёни эса аллақачон бошланган. Шошилиш зарур! Аслида оилавий поликлиника гўдакни дунёга келтириш учун мўлжалланмаган бўлса-да, аёлни шундоққина рўпарадаги ушбу муассаса биносига олиб ўтишга ҳам фурсат етмади. 

Поликлиника мудираси Ҳилола Жамилова ўта тезкорлик билан бутун масъулиятни зиммасига олиб, автомобилнинг ўзида аёлга доялик қилишга киришди.

Мутахассислиги акушер-гинеколог бўлган мудира ва унинг жамоаси саъй-ҳаракати ва қатъияти сабабли туғуруқ муваффақиятли амалга оширилди», дейилади вазирлик хабарида.

Шундан сўнг она ва бола соғлом ҳолда поликлиникага энг яқин ҳисобланган Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги туғуруқ комплексига мутахассис ҳамроҳлигида олиб борилган. 

Ҳозир она-боланинг аҳволи яхши, улар саломатлиги туғуруқ комплекси шифокорлари назорати остида.

Мавзуга оид