Жаҳон | 09:23 / 05.07.2022
24754
9 дақиқада ўқилади

Россияга қарши гапирган собиқ шоумен. Исроилнинг янги бош вазири Яир Лапид ҳақида нималар маълум?

Ўтган ҳафта охирида Исроил ҳукумати раҳбарлиги расман амалдаги бош вазир Нафтали Беннетдан («Янги ўнгчилар» партиясидан) Яир Лапидга («Еш Атид» партиясидан) ўтди. Ҳукуматнинг янги таркиби эълон қилингунга қадар Лапид уни бошқариб туради. Яъни сўнгги уч йил ичида бешинчи марта ўтказиладиган навбатдан ташқари парламент сайловларига қадар.

Лапид келишув доирасида Беннетнинг ўрнини эгаллади. Фото: Reuters

Телевидениедаги шоу бошловчилигидан сиёсатчига айланганидан кейин ўтган 10 йил давомида Исроил бош вазири бўлишни орзу қилган Яир Лапид ниҳоят ўзи истаган лавозимни вақтинча бўлса-да эгаллади. У мамлакатдаги энг юқори лавозимни узоқ вақт давомида эгаллашга муносиб эканини исботлашни истамоқда, лекин бу осон иш эмас. Ахир Исроилда охирги уч йилда бешинчи марта парламент сайловлари ўтказилади.

Ўз вақтида ҳаваскор боксчи ҳам бўлган жаноб Лапид ҳукумат тепасида қолиш учун консерватор Бинямин Нетаняҳунинг «зарбаларига ҳам дош бериши» керак бўлади. Ўтган йил бош вазирликни топширишга мажбур бўлган Нетаняҳу бу лавозимни мамлакат тарихида энг кўп вақт давомида эгаллаган сиёсатчи ҳисобланади. Аммо Лапид ҳам Нетаняҳу учун жиддий рақиб ҳисобланади. Собиқ бош вазир 2021 йил айнан Лапиднинг саъй-ҳаракатлари билан бирлашган 8 та партиялар алянсига имкониятни бой берганди.

Исроил ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Яир Лапид охирги бир йилда мамлакат бош вазири бўлган Нафтали Беннет билан келишилган ҳукумат тақсимоти келишуви доирасида вақтинча бош вазир бўлади. Собиқ журналист бу лавозимни ўтиш даврида, яъни октябр ёки ноябрдаги сайловлар ўтказилиб, янги ҳукумат ташкил этилгунга қадар эгаллаб туради. Агар коалиция тузиш имкони бўлмаса, ундан кейин ҳам бош вазир бўлиб қолиши истисно этилмайди.

«Биз бир неча ойдан кейин сайловга борсак ҳам дуч келаётганимиз муаммо кутиб турмайди», деди Лапид Нафтали Беннет билан биргаликда тузган коалицияси фаолиятини якунлаганини эълон қилар экан. Коалициядаги ички низолар парламентдаги кўпчилик мавқеси бой берилишига олиб келди.

Исроил сиёсатида ўн йиллардан буён фаол бўлиб келадиган Лапид мамлакатдаги асосий муаммоларини санар экан, аввало ҳаёт тарзининг қиммат эканини келтирди. Шунингдек, Ғазо секторидаги хавфсизликка таҳдид, Ливан ва Эрондан бўладиган хатарларни ҳам таъкидлади.

Яир Лапиднинг марказчи «Еш Атид» партияси 2013 йилги сайловда кутилмаганда иккинчи ўринни эгаллаган. Фото: AFP

Лапид ҳукуматда бўлган вақтида Исроилни демократик бўлмаган давлатга айлантиришни истаётганларга қарши курашишини ҳам айтди.

Сиёсатчи ушбу гапи билан айни дамда ҳам коррупция айблови бўйича суд иши объекти бўлиб турган собиқ бош вазир Бинямин Нетаняҳуга ишора қилди.

Катта сиёсатга йўл

Яир Лапид 1963 йил Тел-Авивда туғилган. Унинг онаси ёзувчи бўлган, ҳолокостдан омон чиққан отаси эса журналист бўлиб ишлаган, кейинчалик сиёсатга ўтиб секуляризм тарафдори сифатида танилган.

Лапид армияда хизмат қилган вақтида ҳарбий журналда мухбир бўлиб ишлаган. У олийгоҳга ўқишга кирмайди, лекин газеталарда мақола ёзади, китоб чоп эттиради, сценарий ва қўшиқ матнлари ёзиб, ҳатто киноларда ҳам суратга тушади. Кейинчалик телевидениеда ишлаб танилади.

Телебошловчи бўлган вақтида Лапид ҳукумат вакиллари билан яқинлашади, аммо бу фаолиятида ноқулай аҳволга тушган вақтлари ҳам бўлган. Масалан, ўша вақтда ғазначилик раҳбари бўлган Бинямин Нетаняҳу билан интервю вақтида «Мен иқтисодиётда ҳеч нарсани тушунмайман» деб айтган. Бугун эса Лапид ҳақида гапирганда айнан ўша гапи тез-тез эсланади.

Лапиднинг сиёсий фаолияти 2011 йилги ижтимоий-иқтисодий намойишлар вақтида бошланган. У ўзининг «Еш Атид» (Келажак бор) партиясини тузади-да, асосий эътиборни ўрта синф одамларининг кундалик муаммоларини ҳал қилишга қаратишини айтади. 2013 йилги сайловларда партия яхши кўрсаткич қайд этиб, 14 фоиз овоз тўплайди. Лапид сайлов кампаниясида уй-жой нархи қимматлиги, таълимдаги ислоҳотлар борасида ҳам таклифлар беради. Шунингдек, диний жамоа вакиллари бўлган яҳудийларни ҳарбий хизматдан озод қилиш таклифини илгари суриб, дунёвий исроилликларнинг эътирозига сабабчи бўлади.

Охир-оқибат «Еш Атид» партияси Бинямин Нетаняҳунинг «Ликуд» партияси бошчилигидаги коалицияга қўшилади. Лапид 2014 йил охирига қадар молия вазири бўлиб ишлайди. Ҳамкорлар билан муносабатлардаги кескинлик унинг истеъфосига сабаб бўлади.

Лапид 2013-14 йилларда Бинямин Нетаняҳу даврида молия вазири бўлган. Фото: Getty Images

Кейинги сайловлар ўтгач эса Лапид мухолифат етакчисига айланади. 2018 йил полиция Нетаняҳуга нисбатан коррупция айблови бўйича иш очишни таклиф қилганда Лапид ҳал қилувчи гувоҳ сифатида кўрсатилади.

Лапид ва Россия

Лапид охирги бир йил давомида коалицион ҳукумат таркибида ташқи ишлар вазири бўлиб ишлади. Бу лавозимда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ҳитлер яҳудий бўлгани ҳақидаги гапига жавоб беришига тўғри келганди. Бу иш эса Исроил учун «муваффақиятли якунланди» – Путиннинг ўзи Беннетдан Лавровнинг гапи учун узр сўради.

«Россия ташқи ишлар вазири Лавровнинг гаплари нафақат кечириб бўлмас ва даҳшатли, балки тарихий хато ҳамдир. Яҳудийларнинг ўзини антисемитизмда айблаш бу миллатга қарши қилиниши мумкин бўлган энг ёмон ирқчиликдир», деганди Лапид бу борада илк марта Исроил позицияси ҳақида гапирар экан.

Исроил Россияга қарши санкцияларга қўшилмаётган, урушда қайси томонда эканини давлат сифатида яққол намоён қилмаётган бўлса-да, Лапид Россия босқинини қоралашини айтганди. «Буни оқлаб бўлмайди. Россияни ўт очишни ва ҳужумни тўхтатишга чақирамиз. Барча масалалар музокаралар столида ҳал қилиниши лозим», деганди у.

Яир Лапид Исроил сиёсатчилари орасида биринчи бўлиб Россияни тўғридан тўғри Украинада ҳарбий жиноят содир этганликда айблаган. У 5 апрел куни Афинада ўтган матбуот анжуманида ҳам Россиянинг ҳаракатларига қарши гапирганди: «Украинадан келаётган суратлар ва далиллар шунчаки даҳшатли. Россия ҳарбийлари қуролсиз тинч аҳоли вакилларига қарши жиноят содир этган. Бу ҳарбий жиноятларни кескин қоралайман».

Лапид уруш бошланишидан бироз аввал Украинага бостириб кирса, Россияга қарши санкция қўллаш кераклиги ҳақида гапирган, Исроил ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда бу жараёнга қўшилишини айтганди.

Лапид Исроил бош вазири сифатида камида иккита йирик тадбирда иштирок этиши аниқ: июлда АҚШ президенти Жо Байден билан унинг Исроилга ташрифи доирасида учрашади. Шунингдек, сентябрда БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлайди.

Лапид ва Фаластин

Янги бош вазир Фаластин масаласида олдинги ҳамкасбларига қараганда нисбатан мўътадилроқ позицияда.

Лапид Исроил тарихидаги энг йирик коалицияда турли партияларни бирлаштира олган. Фото: Reuters

У икки давлат концепциясини қўллайди, аммо ҳал қилувчи масалаларда аёвсиз бўлиш тарафдори. Масалан, интервюларида Қуддус бўлинмаслиги, Исроил пойтахти сифатида қолиши кераклигини айтган. Унинг фикрича, фаластинликлар Қуддуснинг шарқий қисмини келажакда ўз давлати пойтахти сифатида қараш учун тарихий асосга эга эмас.

Лапид билан эски таниш бўлган ва олтинчи марта бош вазир бўлишга уринадиган Нетаняҳу унга Эрон ва терроризмга қарши кураш масаласида аёвсиз эканини кўрсатиш орқали қаршилик қилмоқчи. Лапиднинг олдида жуда мураккаб вазифа турибди: ички бирдамликни таъминлаш ва ташқи кучлардан ҳимоя қила олишини кўрсатиш. Шунингдек, Лапид мухолифат томонидан иддао қилинаётганидек Тел-Авивдаги тор доирали имтиёзга эга элита вакили экани ҳақидаги саволларга жавоб беришига тўғри келади.

Ҳар хил шериклар билан ишлай олиш маҳорати

Лапидни диний жамоалар етакчилик қиладиган партия вакиллари ёқтирмаслиги кўриниб қолди, аммо у турли шериклар билан ишлай олишини кўрсатган. У ўз вақтида ҳозирда мудофаа вазири бўлган Бенни Ганц билан 2019 йилги сайловларда бирлашганди. Кейинчалик Нетаняҳуни бош вазирликдан кетказган коалицияни туза олганди.

Илк марта Араблар ислом партияси таркибига кирган ҳукумат халқаро тасдиқдан ўтди. Лапид коронавирус пандемиясининг иккита тўлқинига «бас келган», уч йил ичида илк марта Исроил бюджети қабул қилинишига эришганди. У Вашингтон билан ҳам, араб давлатлари билан ҳам муносабатларни яхши ўрната олган.

Жамоатчилик фикрига кўра, Бинямин Нетаняҳу бошчилигидаги «Ликуд» партияси кейинги сайловларда энг кўп овоз олади, аммо барча шериклари билан биргаликда ҳам парламентда кўпчиликка эга бўла олмайди. Яир Лапид сайловлардан кейин ҳам бош вазир лавозимида қола олиши учун яхшигина сиёсий маҳорат кўрсатиши талаб этилади.

Мавзуга оид