Жамият | 19:00 / 07.07.2022
13193
8 дақиқада ўқилади

“Миллий меросга менинг ҳиссам!” акциясига Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти биринчилардан бўлиб старт берди

Фото: Миллий рассомлик ва дизайн институти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, Мўйноқни комплекс ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ҳудуддаги бугунги ўзгаришлар, аҳолининг турмуш тарзи ва кайфиятини рангтасвир асарлари орқали талқин қилиш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти томонидан институтнинг 17 нафар ижодкор талабалари устозлар ҳамроҳлигида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига ижодий сафарга юборилди.

Сафар давомида талаба-ёшлар Мўйноқ туманининг бугунги куни, табиати, инсонлари, Орол фожиаси ва асоратлари, туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари акс этган 100 дан ортиқ рангтасвир ва графика асарлари яратишди.

Жорий йилнинг 1 июль куни Тошкент фотосуратлар уйида талаба-ёшларнинг Мўйноқ сафари давомида яратилган ижодий асарлари ҳамда жараён фотоларини ўзида акс эттирган “Мўйноқ рассомлар нигоҳида: кеча ва бугун” деб номланган кўргазманинг очилиш маросими ҳамда мазкур ижодий сафарга бағишланган ижодий каталогнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирни институт ректори Аббосжон Мирзораҳимов очиб бериб, тадбир иштирокчиларига шундай деди: “Юртбошимиз Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзлаган нутқларида “Бағрикенг, танти, қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтаётган қорақалпоқ халқини эъзозлашини» таъкидладилар. Шунингдек, “Меҳр ва ғурур билан айтаман, мен нафақат Ўзбекистон, Қорақалпоғистоннинг ҳам фарзандиман”, деб таъкидлаганлар. Биз ҳам институт раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўзимизни нафақат Ўзбек, балки Қорақалпоқ фарзанди сифатида “Мўйноқ рассомлар нигоҳида: кеча ва бугун” лойиҳасини ўтказишга қўл урдик.

Ушбу лойиҳа доирасида Мўйноққа талабаларни юбориш, ёш ижодкорлар томонидан қизғин кутиб олинди. Ижодий сафар қисқа муддатга амалга оширилган бўлса-да, талабалар жуда катта таассурот билан қайтишди.

Ушбу лойиҳада Мўйноқда амалга оширилаётган ишлар, туманнинг экотуристик салоҳияти ва имкониятларини амалга ошириш, Мўйноқ ва Орол денгизи тарихи, ҳудуднинг табиати, аҳолининг анъаналари, урф-одатлари акс этган асарларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Хабарингиз бор, бугунги кўргазма доирасида Президентимизнинг 2022 йил 27 майдаги ПҚ-261 сонли қарорига мувофиқ 1 июль кундан бошлаб юртимиз бўйлаб “Миллий меросга менинг ҳиссам!” акцияси эълон қилинди. Мамнуният билан шуни таъкидламоқчиманки, Мўйноқда яратилган ижодий ишлардан 34 та ҳамда институт профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг 20 та, жами 54 та ижодий асарларни музейлар фондига беғараз топширишга қарор қилдик.

Талабаларнинг ижодий ишларида Орол фожиаси қанчалик таъсирли ифодаланган бўлса, янги Мўйноқда амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллий аҳолининг келажакка юксак ишонч билан қараётганлиги, қурилган бинолар ва яратилган инфратузилма ёрқин рангларда акс эттирилган.

Ушбу каталогда талабаларнинг ижодий ишлари билан бирга Мўйноқдаги ижодий фаолиятлари акс эттирилган фотоларнинг ҳам ўрин олиши жараённинг тўлиқ очиб берилишида муҳим аҳамият касб этади.

Шуни алоҳида эътироф этиш ўринлики, “Мўйноқ рассомлар нигоҳида: кеча ва бугун” лойиҳаси бундай амалий ишларнинг дебочаси. Институт жамоаси юртимизнинг диққатга сазовор ҳар бир гўшаси, ҳар бир ҳудудининг ўзига хос табиати ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини халқимизга бадиий жиҳатдан етук тасвирий санъат асарлари орқали етказишни мақсад қилган.

Чунки мазкур лойиҳа нафақат Мўйноқ ҳаёти ва ислоҳотлар акс эттириш, балки талабаларнинг ўзида ҳам амалий кўникмаларнинг шаклланишида муҳим ўрин эгаллайди”.

Талабалар томонидан яратилган “Ривожланаётган Мўйноқ”, “Балиқчининг уйи”, “Мўйноқда шом”, “Кекса дарахт”, “Саҳрога айланган Орол”, “Ёмғирдан кейин” ва бошқа асарлар томошабинлар ва санъат ихлосмандларининг эътирофига сазовор бўлди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 майдаги ПҚ-261 сонли қарорига мувофиқ 1 июль кундан бошлаб юртимиз бўйлаб “Миллий меросга менинг ҳиссам!” акцияси бошланган. Мазкур акцияга биринчилардан бўлиб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида старт берилди. Унда профессор-ўқитувчилар, ижодкорлар ва талабалар ўзлари яратган асарларини музейларга топшириш орқали, маданий меросимизнинг янада бойиши, миллий санъатимиз ва маданиятимиз дурдоналарининг сақланиши ва келажак авлодга етиб боришига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

Тадбир доирасида институт профессор-ўқитувчилари ва талабалар томонидан мазкур лойиҳа учун 54 та ижодий ишлар Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи, Олимпия шон-шуҳрати музейи, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи, Ўзбекистон давлат табиат музейи ва Ўзбекистон давлат санъат музейларига беғараз совға қилинди.

Мазкур асарлар ичида Содиқ Раҳмоновнинг “Сўқоқ”, Зиёдулла Фармоновнинг “Жейновлик гиламдўзлар” ва бошқа бир қанча ижодий асарлар маданий меросимизнинг янада кенгайишига ҳисса қўшиши табиий.

Ўз навбатида, мазкур асарларни қабул қиладиган Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Васила Файзиева:

Бугунги тадбир ҳақиқатан ҳам маданий меросимизни асраб-авайлаш, юртимиз музейларини мазмунли асарлар билан бойитиш сари ташланган катта қадам дея оламан. Зеро, айнан мана шундай хайрли тадбирлар келажак авлодларимизга юртимизнинг ҳар бир гўшасининг ўз тарихи, урф-одатлари, анъаналари борлигини англатишга катта кўмак бера олади”, деди.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат табиат музейи директори Азимжон Расулов:

Институт жамоаси томонидан музейимизга шундай асарларни совға қилинаётганидан беҳад хурсандмиз. Бу каби лойиҳалар албатта, халқимиз маданиятининг янада юксалишида муҳим аҳамият касб этади”, дея таъкидлаб ўтди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Дастгоҳли рангтасвир йўналиши 3-босқич талабаси Ғолиб Холмуродов сафар таассуротларини шундай ифодалади:

Биз бир ҳафта давомида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида ижодий сафарда бўлиб қайтдик. Табиат гўзаллигидан, ажойиботларидан баҳра олдик, уларнинг таъсирида илҳомланиб, расмлар чиздик.

Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари томонидан республикамизнинг барча жойларида бунёдкорлик, қурилиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Саёҳат давомида биз Қорақалпоғистонда ҳам худди шундай қурилиш ишлари давом этаётганини, хусусан Мўйноқ тумани ҳам йилдан йилга чирой очиб бораётганига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлиб келдик. Ҳафта давомида турли давлатлардан тинимсиз келаётган сайёҳларни ва уларнинг кўзларидаги ҳайратларини кўриб юртимизнинг гўзал масканлари билан фахрландик. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу ижодий сафар институтимизнинг ҳомийлиги остида ташкил этилди ва талабалар учун зарур бўлган барча сарф-харажатлар тўлиқ тўлаб берилди. Мана бугун эса ушбу чизган расмларимизнинг кўргазмаси ташкил этилиб, улар каталог ҳолида чоп этилди. Шу ўринда институт раҳбарияти томонидан талабаларга қилинаётган бундай эътибор ва рағбатлардан кўнглимиз тоғдек кўтарилаётганини фахр билан айтгим келди. 

“Мўйноқ рассомлар нигоҳида: кеча ва бугун” кўргазмаси 10 июльга қадар давом этади.

Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн институти
Матбуот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид