Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хорижий тил ўрганишда бош жиҳат етук ўқитувчининг бўлиши — тилшунос профессор билан суҳбат
Устознинг меҳри дарё, дейишади. Узоқ йиллар давомида талабаларга дарс бериб, ўнлаб етук шогирдлар тарбиялаб чиқарган, улкан ҳаётий тажрибаси ва билимини ҳамон ёш авлодга тортиқ қилиб келаётган ана шундай устозлардан бири Самарқандда.
Филология фанлари доктори, профессор Шаҳриёр Сафаров айни кунда Самарқанддаги Конфуций институтининг Ўзбекистон томонидан фахрий директори бўлиб ишламоқда.
Самарқанд давлат университетининг инглиз тили йўналиши бўйича тугатгач, домла Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида номзодлик ва докторлик диссертацияни ёқлаган.
Меҳнат фаолияти давомида аспирант, кафедра доценти, кафедра мудири, проректор, жумладан, Самарқанд давлат чет тиллар узоқ йиллар институтида ректор бўлиб ишлаган. Шунингдек, жамоатчилик асосида Омбудсманнинг минтақавий вакили, инсон ҳуқуқлари бўйича республика комиссияси аъзо ҳамдир.
Домла бир қатор нуфузли хорижий университетларда тилшуносликка оид маърузалари билан чиқиш қилган
Бу йил муборак 77 ёшни қаршилаётган профессор Шаҳриёр Сафарович билан устознинг улкан илмий ва ҳаётий тажрибаси, бугунги кунда Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш усуллари ва муаммолари, келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашдик.
— Домла, шогирдларингиз ҳақида гапириб беринг.
— Олимнинг олимлиги шогирдлари сонида кўринади. Олим агар мевасиз дарахт бўлса, гарчи у фан доктори, ҳаттоки академик бўлса ҳам ундан фойда йўқ. Агар илм кишиси атрофида билимли шогирдларни тўплаб, мунтазам «ҳосил» бериб турадиган ўз мактабини яратмас экан, унинг қилган меҳнатлари зое кетади. У яратган билим ва кўникмалар кимларгадир мерос бўлиб қолиши, янада сайқалланиб бориши керак керак. Акс ҳолда кўп нарса йўқолиб, эскириб ё унутилиб кетади.
Ўзим ҳам давримизнинг забардаст олимларининг сабоғини олганим учун ўзим ҳам шогирдлар тарбиялаш ишига астойдил қараганман. Менинг биринчи аспирантларим илмий ишларини Ленинградда ёқлашган. Собиқ иттифоқнинг турли шаҳарларидан келган шогирдларим бўлишган. Шогирдларим Россия, Украина, Қозоғистон, Тожикистон, Доғистон, юртимизнинг турли шаҳарлари, жумладан, Қорақалпоғистонда ҳам бор.

Шаҳриёр Сафаров Ленинграддан Самарқандга қайтиб келганидан сўнг Самарқанд педагогика институтида кафедра мудири бўлиб иш бошлади. Сўнгра кўп йиллар давомида СамДУда халқаро алоқалар маркази директори, проректор бўлиб ишлаган.
Домла инглиз тилини ўқитиш борасида ўзбек тилшунослигига янгиликлар киритган, янги йўналишлар бўйича илмий мақолалар, монографиялар чоп этган. Замонавий ўқув китобларининг ўзбек тилидагисини яратишда бош-қош бўлган.
— Илмий ишлар, янгиликлар қайнаган жойда ёшларнинг ҳам соҳага қизиқиши орта бошлаши табиий. Атрофда ёшлар йиғилди, уларга тўғри йўл кўрсатиб, ҳозиргача улар билан биргаликда ишлашда давом этиб келаяпмиз, — деди профессор.
— Устоз, шогирд танлашда талабларингиз қандай? Сизнинг шогирдларингиз ва илмий мактабингиз дунё тилларидан қайсиларига татбиқ қилинди?
— Шогирд танлаш оғир масала. Айниқса ҳозир. Бизда ҳозир жуда кўпчилик илм билан шуғулланмоқда. Бирдан диссертация ёзиб ёқлашга ҳаракат қилмоқда. Менинг принципим бироз бошқача. Ёнимга суҳбатга келган ёш олимга аввало адабиётлар рўйхатини бераман. Шу адабиётлар билан пухта танишганидан сўнг у билан савол-жавоб қиламан. У босқичдан ўтса, кейин маълум бир вазифаларни бериб, унинг қандай ўзлаштираётганини кўриб, лаёқати борлигига ишонч ҳосил қилганимдан сўнг уни шогирдликка қабул қиламан. Агар лаёқати бўлмаса «биродар, ҳамма олим бўлиши шарт эмас, яхши ўқитувчи ҳам керак», деб маслаҳат бераман.
Кўпчилик менинг олдимга келишдан аввал обдон ўйлаб, ўз кучи ва билимига ишонганларигина келади.
Мен тилга олиб ўтган илмий ғоялар бўйича шогирдларим япон, хитой, испан, италян, немис, француз, ниҳоят, ўзбек ва рус тилларида диссертациялар тайёрлаб, ҳимоя қилишди. Қорақалпоқ ва тожик тилида илмий иш қилганлари ҳам бор.

— Домла, ҳозир инглиз тилини ўрганишга талаб ҳаддин ошган пайт. Турли хусусий тил ўргатиш марказлари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг фаолиятига мутахассис сифатида қандай баҳо берасиз?
— Ҳа, очиқ тан олиш керак, бу иш бизнесга айланиб кетди. Уларнинг фаолияти ҳам турлича. Орасида илғор ғоялар, ўқитиш методикаларидан фойдаланаётганлари ҳам бор. Унақалар етук мутахассисларни ишга жалб қилган, албатта. Менимча, болани бундай ўқитиш марказига берганда унинг бэкграундига қараб танлаш керак. Салоҳиятига эътибор бериш керак. Акс ҳолда маблағ ва вақт беҳудага сарфланади. Албатта, уларнинг кўп бўлгани яхши, албатта. Лекин улардаги таълим сифати назорати суст. Менимча, секин-аста одамларнинг ўзи сарагини саракка, пучагини-пучакка ажратиб олишади.
Хорижий тил ўрганишда асосий омил бир нарсани ёдлаб олиш эмас, моҳир ўқитувчининг бўлиши, деб ҳисоблайман. Бола ўқитувчининг талаффузи, ҳаракатларини тинглаб, кўриб ўрганиши лозим. Шу сабабли кўр-кўрона компьютердан ўрганишга ўтиб олиш ярамайди.

Шаҳриёр Сафаров Мухин сингари грамматика эмас, Гинзбург каби лексикологияда эмас, нега айнан когнитив тилшунослик, прагмалингвистика соҳасида истиқбол кўрган. Домладан бунинг сабабини сўрадик.
— Қайси соҳа бўлишидан қатъий назар, фан бир жойда депсиниб тўхтаб қолмайди. У мунтазам янгиланишда ва янги йўналишлар пайдо бўлади, янги вазифалар келиб чиқади. Тилшунослик ҳам бундан мустасно эмас.
Назарий фанларда асосий эътибор инсон ва тилнинг боғлиқлик томонига қаратилмоқда. Тил Аллоҳ томонидан инсонга ато этилган неъмат бўлгани билан, ҳар бир шахс ва ҳар бир жамоа тилни, бойликни ўзича қабул қилади. Ишлаб чиқариш ҳам ўзига хос. Миллатлар орасида ҳам, шахслар ўртасида ҳам, жамоалар ўртасида ҳам бир бирига тақлид бор.
Прагмалингвистика — тилни инсон қандай тасарруф этишини ўрганадиган йўналиш. Когнитив тилшунослик эса инсон кўраётган, идрок этаётган нарсаларни тилига қандай чиқариб беришни ўрганадиган соҳа. Бу тафаккур ва тил бири бири билан чамбарчас боғлиқлигини англатади. Буни бир-биридан ажратиб ўрганиш қуруқ бир схемани ўрганиш, дегани. Бунда тасаввур қандай яратилиши, қандай ишлаб чиқилиши ва унинг якунда тил маҳсулотига айланиш масаласини ўрганади. Шундан келиб чиқиб сўз, ибора ва матн яратилади ҳамда инсонлар ўртасида мулоқот кечади.
Ҳозир бу соҳага дунёдаги барча тилшуносларнинг қизиқиши баланд.
Профессор ўзи-туғилиб ўсган Ургут туманидаги 41-мактабда кутубхона ташкил қилганини гапириб берди. Домла ўзи ўқиган мактабга илмий ва ўқув адабиётларидан иборат китоблар тўплами, филмлар ва бошқа ўқув қўлланмаларини тақдим этган.
— Ургутдаги 41-мактабда ўтган йили 40 дан ортиқ болалар хитойча ўрганмоқда. Ўтган йили шундай ўқувчиларнинг орасида СамДЧТИга ўқишга кирганлари ҳам бўлди. Самарқандда ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарлик кўришда ўша болаларнинг хизматидан фойдаланиш ғояси ҳам пайдо бўлди. Ҳозир СамДЧТИ талабаларидан 10 нафари, Конфуций институти ўқитувчилари ҳар ҳафта бориб улар билан бирга машғулотлар ўташмоқда. Хитойча рақс, у-шу гимнастикаси, каллиграфия кабилар ўргатилмоқда.
Конфуций институти бутун дунёда тарқалган. Жаҳон бўйлаб 600 га яқин Конфуций институти очилган. Бундай ўқув даргоҳларининг очилишидан асосий мақсад — хитой тили ва маданиятини тарғиб қилиш. 2013 йилда ХХР раиси Си Жинпинг келганида Самарқандда ҳам Конфуций институти очилиши ҳақида келишилди. Унгача фақат пойтахтимизда очилган эди.
2014 йилда Шангҳай халқаро алоқалар институти билан алоқаларга киришилиб, Самарқандда ҳам очилди. Буни Хитой давлатининг ўзи тўлиқ маблағ, дарсликлар ва ўқув адабиётлари билан таъминлайди, ўқитувчилар юборади.
Конфуций институтида нафақат хитой тилини, бундан ташқари Хитой маданиятига оид рақслар, каллиграфия, кўргазмалар ва ҳоказолар ўргатилади. Пандемия туфайли бироз тўхтаб қолди, лекин маданий делегациялар алмашинуви ҳам ўтказиб келинаётган эди.
Яқинда Афросиёбдаги археология музейида ипакчилик тарихи бўйича кўргазма ўтказилади. Ҳангжоу шаҳрида ипакчилик музейи бор. Самарқанд ва Ҳангжоу музейи ҳамкорлиги самарасида мана шундай кўргазма ташкиллаштирилмоқда. Хитойдан жуда катта кўразма келтирилган, яқинда омма эътиборига ҳавола этилади.
— Домла, хорижий тиллардаги сўз ва атамаларнинг ўзбек тилида ифодалаш масаласи ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. Мустақил бўлганимизга 31 йил бўлган бўлсак, ҳамон Шарқий Осиё давлатларига хос жой номлари, одамларнинг исмлари ва бошқа жуда кўп ибораларни рус тили орқали қабул қилиб келяпмиз. Шуларни тўғридан тўғри оригинал талаффузидан олиб ўзбекчалаштириш масаласига қандай қарайсиз?
— Бу тўғри фикр. Биз жой номлари ва исмларнинг ёзилишини аввал рус тили орқали олиб, кўникиб кетганмиз. Кейинги пайтларда инглиз тили орқали олиш урф бўлмоқда. Бу ерда терминлар масаласи ҳам бор. Кўпчилик агар бирорта хорижий термининг форсча ёки арабча эквивалентни берсам, у миллийлашади, деган хато фикр юритади. Аслида ундай эмас, араб ё форс тилидан олинса ҳам хорижий иборалигича қолаверади.
Бу ерда иккита фарқли ҳолат бор. Биринчиси — ўша сўзнинг ўзбекча муқобилини топиш имкониятини излаш керак. Масалан, адабий тилимизда бўлмаса ҳам бирор вариант шеваларимиз ичидан чиқиб қолиши мумкин. Масалан, “икра” сўзини олайлик. Унинг адабий тилда муқобили йўқ. Айримлар фойдаланадиган “увилдириқ” варианти Хоразм шевасидан олинган.
Жой номлари ва исмлар масаласида жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. Ҳақиқатдан жуда кўп нарса рус тили орқали тилимизга кириб келган. Масалан, Пекин ҳам, Шанхай ҳам, Пхенян ҳам.
АҚШда йирик тилшунос ва сиёсатшунос олим бор. Америкаликларнинг ўзи Чомский (Chomsky) дейди. Руслар Хомский дейди, бинобарин, ўзбек тилига ҳам Хомский бўлиб ўтган. Мен доим уни оригиналидек, Чомский деб ёзиш кераклигини таъкидлаб ўтаман.
Тилда муқобил деган нарса бор. Лексик (луғавий) дуплет дейилади. Айрим ҳолатларда байналмилал терминни ҳам сақлаб қолиш мумкин. Масалан, бутун дунё тилларида тушунарли бўлган компютер, сайт, ракета каби сўзларда.
Яна бир ҳолат, миллий сўзларимизни четда ҳам тарғиб қилиш йўлларини излашимиз керак. Хорижий давлатларнинг университетларида социолингвистика фани бўйича маъруза ўқиганимда албатта ўзбек тилидаги сўз ва ибораларни қўшиб, тарғиб қилишга ҳаракат қиламан. Мақсад хорижда ўзбек тилининг мавжудлиги, унда мана бундай бойликлари бор деган нарсани кўрсатиш. Бу вазифани кўпчилик бўлиб амалга ошириш керак.
Миллий тилнинг тарғиби, тилимиз ичидан муқобил вариантларни топиш масаласида оқсайдиган бир жойимиз бор. Тилнинг бутун бойлигини қамраб оладиган миллий корпус деган нарса бор. Шу нарса яратилса, тарғибот учун ҳам, илмий тадқиқот учун ҳам осон бўлади. Қолаверса, тилнинг соф ҳолда сақланиши, тозалиги учун ҳам ўша нарса керак. Лекин бизда ҳанузгача бу нарса қилинмаган.
Мен ўтган йили Фанлар академиясида маъруза ўқиганимда бу борада ўз таклифларимни билдирдим. Олимларимиз ёзиб олишди. Энди тезроқ амалиётга татбиқ этиш керак. Бунинг устида жуда катта гуруҳ иш бошлаши керак. Унга нафақат тилшунос, филолог олимлар, яхши айти мутахассислар ҳам жалб қилиниши керак.

Профессор Шаҳриёр Сафаров узоқ суҳбатлашдик. Келгусида ҳам олимнинг тилшунослик муаммолари, фандаги янгиликлар ҳақидаги мулоҳазаларини ёритишга келишиб олдик.
Шуҳрат Шокиржонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:57 / 09.05.2025
Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйда газ портлади. 6 киши ҳалок бўлган
12:20 / 05.05.2025
10 метрлик жарлик ичидаги чангалзорга тушиб кетган икки киши қутқарилди
10:20 / 05.05.2025
Нурободда қарийб 17 минг гектар майдонда зарарли чигирткалар тарқалгани аниқланди
13:52 / 09.03.2025