Жаҳон | 19:21 / 09.07.2022
11344
2 дақиқада ўқилади

Британия мудофаа вазири бош вазирликка номзодини қўймаслигини билдирди

YouGov компанияси ўтказган сўровга кўра, Бен Уоллес бош вазирликка фаворит ҳисобланаётганди.

Фото: Reuters

Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес бош вазир лавозимини эгаллайдиган Консерватив партия раҳбарлигига ўз номзодини илгари сурмаслигини билдирди

«Узоқ ўйлаганимдан ва ҳамкасблар ҳамда оилам билан муҳокама қилганимдан сўнг Консерватив партия раҳбарлигига курашда иштирок этмасликка қарор қилдим»,— деб ёзди Уоллес ўз Twitter аккаунтида.

YouGov компанияси ўтказган сўровга кўра, Уоллес бош вазирликка фаворит ҳисобланаётганди. Консерватив партиянинг 716 аъзоси орасида ўтказилган экспресс сўровда у 13 фоиз овоз билан етакчи бўлганди.

7 июл куни Борис Жонсон Консерватив партия раҳбарлиги ва Буюк Британия бош вазирлигидан кетишини эълон қилди.

Британия ҳукуматида бош вазирга ишончсизлик билан боғлиқ жиддий инқироз бир неча ойдан буён ривожланиб, шу ҳафтада авжига чиқди.

Жонсоннинг кетиши унинг ҳукумати аъзолари томонидан кўрсатилган мисли кўрилмаган даражадаги босим натижаси бўлди. Сўнгги кунларда 50 дан ортиқ вазирлар ва вазирликларнинг юқори мартабали амалдорлари, шу жумладан Жонсоннинг айрим яқин тарафдорлари - молия вазири Риши Сунак ва соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ҳам ўз лавозимини тарк этишди.

Ўз карьераси учун Борис Жонсондан миннатдор бўлса арзийдиган ички ишлар вазири Прити Пател ва транспорт вазири Грант Шаппс ҳам бош вазирни истеъфога чиқишга чақирган.

Пайшанба куни тонгида Риши Сунак ўрнига тайинланган янги канцлер Надим Заҳави, бу лавозимни эгаллаганига 48 соат бўлмай туриб Жонсонни ваколатларини топширишга чақирди ва «мавжуд вазиятга тоқат қилиб бўлмаслиги, вақт ўтиб вазият фақат ёмонлашиши»ни айтди.

Мавзуга оид