Ўзбекистон | 19:11 / 10.07.2022
16905
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун қабул муддати узайтирилади – ОТВ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қорақалпоғистондаги интернет муаммоси туфайли қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун қабул узайтирилишини маълум қилди. Вазирлик қабул муддатига аниқлик киритмаган.

Фото: KUN.UZ

Вазирлик ҳозирда Қорақалпоғистон ҳудудида интернет тизимида айрим техник носозликлар туфайли ҳужжатларни онлайн топширишда узилишлар кузатилаётгани сабабли, қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун қабул узайтирилишини маълум қилди.

«Бу жараён ҳукумат томонидан тўлиқ назоратга олинган бўлиб, ҳозирда ҳужжат топширишга улгура олмаган қорақалпоғистонлик ёшлар учун онлайн рўйхатдан ўтиш муддати узайтирилиши кутилмоқда.

Ушбу масала тез орада ижобий ечимини топади ва бу ҳақидаги маълумот қорақалпоғистонлик абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналарига (Beeline, Uzmobile, Ucell, UMS, Perfectum mobile) SMS хабар тарзида, шунингдек, ҳудудий телеканаллар орқали етказилади», дейилади расмий хабарда.

Маълумот учун, бугун, 10 июл – ОТМнинг чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари ҳамда академик лицейларга қабулнинг сўнгги куни ҳисобланади.

2022/2023 ўқув йили учун олий таълим муассасалари ҳамда касб-ҳунар мактабларига онлайн ҳужжат топшириш жараёнлари 20 июл кунига қадар давом этади.

Аввалроқ, Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов Kun.uz’га берган интервюсида қорақалпоғистонлик абитуриентлар қабулдан қолиб кетмаслиги ва тенг имконият берилишини маълум қилганди.

Мавзуга оид