Жаҳон | 12:46 / 11.07.2022
4029
3 дақиқада ўқилади

Байден Яқин Шарқ бўйлаб сафари чоғида Украинага қурол етказиб бериш масаласини муҳокама қилади

Жо Байден 13-16 июль кунлари Исроил, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ва Саудия Арабистонига ташриф буюради. Америка матбуоти хабарига кўра, Украинага қурол етказиб бериш ва энергия ресурслари билан боғлиқ вазият муҳокама қилинади.

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден шу ҳафта Яқин Шарқ бўйлаб сафарини бошлайди. Сафар арафасида Америка маъмурияти раҳбари The Washington Post газетасида мақола эълон қилди, уни нашр 9 июль, шанба куни чоп этди.

Минтақанинг энергия ресурслари Россиянинг Украинадаги уруши «глобал таъминотга» таъсирини юмшатиш учун жуда муҳим, деди Байден. 

Унинг сўзларига кўра, маъмурияти Эрон ядровий дастури, проксигуруҳларнинг фаоллиги, Суриядаги фуқаролар уруши, Украинадаги уруш фонида озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози, террорчилик бўлинмалари фаолияти, Ироқ, Ливия ва Ливандаги сиёсий инқироз билан боғлиқ муаммоларни, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стандартлар бўйича камчиликларни тан олади. «Биз бу муаммоларни ҳал қилишимиз керак», деб ёзади Америка раҳбари. 

Америка етакчисига кўра, «можаролар натижасида парчаланиш ўрнига дипломатия ва ҳамкорлик орқали бирлашган» минтақада экстремизм, АҚШга таҳдид ёки янги урушлар пайдо бўлиши эҳтимоли камроқ. 

Жо Байден 11 сентябр терактларидан кейин – минтақада Америка жанговар миссиялари бўлмаганда, Яқин Шарққа ташриф буюрган биринчи АҚШ президенти бўлишини таъкидлади. «Менинг мақсадим - позициянинг ўзгаришсиз қолиши», дея қўшимча қилди у. 

Ўз навбатида, The New York Times (NYT) Вашингтон учинчи давлатларни Украина яхшироқ фойдалана оладиган, совет иттифоқида ишлаб чиқарилган қуроллар қолдиқларини беришга чақираётгани ва бу масала Байденнинг Яқин Шарққа сафари кун тартибига киритилганини ёзади. У ерда президент бир пайтлар Москва билан қурол-яроғ етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилган араб давлатлари раҳбарлари билан учрашади. 

АҚШ расмийларининг тан олишича, АҚШ ва Европадаги қурол-яроғ захиралари қачонлардир тугайди, Киевга яна 54 миллиард доллар (53 миллиард евро)лик ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатиш эса яқин орада кутилмаяпти, деб ёзади NYT.

Шу фонда Байден жамоаси узоқ муддатли стратегия изламоқда, чунки Европада катта кескинликнинг авж олиши хавфи кучаймоқда, Россия-Украина урушини музокаралар йўли билан ҳал қилиш истиқболлари эса узоқ, Қўшма Штатларда ҳам, ундан ташқарида ҳам жамоатчилик урушдан чарчай бошлади, дея қайд этади нашр. 

АҚШ президентининг Исроил, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ва Саудия Арабистонига ташрифи 13-16 июль кунларига мўлжалланган. 

Аввалроқ, июнь ойи охирида Жо Байден Украинага 800 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилган эди. Америка раҳбарининг сўзларига кўра, бу пакетга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия ва ўқ-дорилар, аксилбатарея радарлари, шунингдек, HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун ракеталар киради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид