Жаҳон | 10:19 / 11.07.2022
13168
3 дақиқада ўқилади

Франция Россиядан газ етказиб бериш тўхтатилишини «энг эҳтимолий сценарий» деб атади 

Франция иқтисодиёт вазири Россиядан газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилишига тайёр туришга чақирди, аввалроқ Германия ҳукумати ҳам бундай сценарий ҳақида огоҳлантирган эди.

Фото: Getty Images

Франция ҳукумати Россия гази етказиб берилиши тўлиқ тўхтатилишига тайёргарлик кўрмоқда, чунки у бундай сценарийни энг эҳтимоли юқори ҳолат деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Франция иқтисодиёт, молия, саноат ва рақамли суверенитет вазири Брюно Ле Мэр 10 июль, якшанба куни маълум қилди. 

«Менимча, Россия гази етказиб берилишининг тўлиқ тўхтатилиши жуда реалдир ва биз бунга тайёргарлик кўришимиз керак. Бу сценарийни эътиборсиз қолдириш мутлақо масъулиятсизлик бўларди», - дея вазирнинг сўзларини келтирган Reuters. Ле Мэр ушбу ҳолатни «энг эҳтимоли юқори сценарий» деб атади. 

Ҳукумат етказиб беришда узилишлар юз берган тақдирда устувор ҳимояга эга бўлиши керак бўлган компаниялар рўйхатини аниқлаш устида ишламоқда, деди вазир. «Биринчи мудофаа чизиғи» уй хўжаликлари ва компанияларнинг энергия сарфини камайтириш бўлса, кейинги босқич - янги инфратузилмани барпо этиш, масалан, суюлтирилган газни хориждан етказиб бериш учун сузувчи терминални қуриш, деди вазир. 

Reuters маълумотларига кўра, Россиядан етказиб берилаётган газ Франция умумий газининг 17 фоизини ташкил қилади ва бу мамлакатни Россиядан Европанинг бошқа давлатларига қараганда анча камроқ қарам қилади. Агентлик мамлакатдаги кўплаб ядровий реакторлар техник хизмат кўрсатиш учун ёпилишини қийинчиликларидан бири деб атади, бу ядро энергиясига қисқарган ҳажмларни тезда тўлдиришига имкон бермайди. 

Германия электр тармоғи агентлиги (Bundesnetzagentur, BNetzA) ҳам аввалроқ Россиядан газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатиб қўйилишидан хавотирда эканини билдириб, мамлакат аҳолисини энергияни тежашга чақирган эди. BNetzA раҳбари Клаус Мюллер профилактик ишлар туфайли «Шимолий оқим» газ қувури орқали етказиб беришнинг режалаштирилган тўхтатилиши «сиёсий сабабларга кўра узлуксиз техник хизмат кўрсатиш»га айланиши мумкинлигини тан олганди.
 
Германия эҳтимолий энергетика инқирозига тайёрланмоқда, дея маълум қилди Германия канцлери Олаф Шольц. «Биз тақчилликка тайёр бўлишимизга ёрдам берадиган кўплаб қарорлар қабул қилдик», деди у. Шольц газ омборларини тўлдириш ва газни тежаш учун кўмирда ишлайдиган электр станцияларидан фойдаланиш бўйича саъй-ҳаракатлар ҳақида маълум қилди. «Биз қувурлар, суюлтирилган газ терминалларини қурмоқдамиз», деди канцлер. 

Бавария бош вазири Маркус Зёдернинг таъкидлашича, агар Германия жорий қишда юз бериши мумкин бўлган, иситиш учун электр ва газ тақчиллиги оқибатларини олдини олиш юзасидан шошилинч чоралар кўрмаса, мамлакат иқтисодиёти «ҳақиқий инсульт»га дуч келиши мумкин, шундан кейин у тикланмайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид