Ўзбекистон | 08:19 / 11.07.2022
8944
5 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича президент қарори қабул қилинади

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Тошкент шаҳри – яшил майдон” ғояси асосида Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш, биохилма-хилликни асраш ва тиклаш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги қўмитаси, Фанлар академияси биргаликда ишлаб чиққан Тошкент шаҳрида экологик ҳолатни яхшилаш, бутун дунёда глобал исиш, иқлим ўзгариши салбий оқибатларининг (қурғоқчилик, ўртача ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, биологик турларнинг камайиши ва қирилиб кетиши натижасида биохилма-хиллик бузилиши) олдини олиш, яшил майдонлар ва дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи “Тошкент шаҳри ва шаҳар атрофида кўкаламзорлаштириш ва биохилма-хилликни асраш ва кўпайтириш чора-тадбирлар дастури – Йўл харитаси” тасдиқланади:

  • Тошкент шаҳрида дарахтзор, бутазорлар ва яшил майдонларни кенгайтириш, яшил майдонларни суғориш тизимида замонавий сув тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда дунёнинг етакчи яшил шаҳарларидан бирига айлантириш;
  • Тошкент шаҳри атрофида яшил ўрмонзор ва дарахтзорлар ташкил этиш орқали “Яшил белбоғ” (Тошкент яшил белбоғи) лойиҳасини амалга ошириш;
  • Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи каналлар ва очиқ сув ҳавзалари биохилма-хиллигини таъминлашда маҳаллий гидробиотоп шароитига мос сазан (Cyprinus carpio), оқ амур (Valenciennes) балиқлари чавақларини қўйиб юбориш орқали сув ҳавзаларини балиқлаштириш, “табиий сув тозалиги индикатори”ни таъминлаш;
  • Тошкент шаҳрида майда чумчуқсимон қушлар (дала чумчуғи, Бухоро читтаги, сариқтўш читтак, қизилиштон), кичик бойқушлар (Бойўғли, чўл соғи, оддий соғ) турларини кўпайиши учун қулай муҳит ва шароит яратиш орқали биохилма-хилликни кўпайтириш;
  • Тошкент шаҳри бўйлаб 2022-2023 йилларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини кўрсатувчи ўлчов воситалари ўрнатиш ва уларни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Рақамли Тошкент” вазиятлар марказига интеграция қилган ҳолда доимий мониторинг тизимини жорий этиш;
  • Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи каналлар ва сув объектларида сувнинг тозалиги ва ифлосланишини доимий равишда лаборатория таҳлиллари асосида ўрганиб, “ифлосланиш ҳудудлари”ни аниқлаш орқали сув тозалигини таъминлаш бўйича манзилли ишларни амалга ошириш;
  • кичик саноат зоналари, ёшлар саноат зоналари ва тадбиркорлик зоналари (кейинги ўринларда – саноат зоналари) ҳудудида ҳосил бўлаётган  чиқинди сувларни тозалаш локал станцияларини барпо этиш ва чиқинди сувларни тозалангандан сўнг очиқ сув ҳавзаларига оқизишни таъминлаш;
  • Тошкент шаҳрида ҳосил бўлаётган қаттиқ маиший чиқиндиларни, автомобил шиналарини қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш орқали чиқинди полигонларига кўмилаётган чиқиндилар миқдорини камайтириш;
  • 2023-2026 йилларда Тошкент шаҳрида манзарали дарахтлар ва кўп йиллик буталарни экиш ва ўғитлашни кўзда тутувчи кўкаламзорлаштириш дастурини амалга ошириш асосий вазифа этиб белгиланади.

Экология қўмитаси, Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2022 йил 1 августдан:

  • Тошкент шаҳрида кўп йиллик дарахтлар ва буталар жойлашган бўш ер  майдонларини “E-auksion” электрон-онлайн тизими орқали савдога чиқаришни тақиқлаш;
  • Тошкент шаҳрида каналлар ва сув объектларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, ободонлаштириш ишларини бажаришда буюртмачи вазифасини бажаришни – Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасига юклаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси биргаликда:

  • президент қарорига мувофиқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимида ташкил этилган “Манзарали ва мевали дарахтлар, буталар ва гулларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш маркази” давлат унитар корхонасини Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тизимига ўтказади;
  • 2022 йил 1 октябрга қадар марказ негизида мевали ва манзарали дарахт ўсимликларида касалликлар ва зараркунандаларни аниқлаш бўйича марказлашган лаборатория  ташкил этиб, фаолиятини таъминлайди.

Белгиланишича:

  • марказни молиялаштириш президент фармонига мувофиқ Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети қўшимча манбаларининг 2 фоизигача миқдоридаги маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;
  • марказ раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимининг тавсияси асосида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори томонидан лавозимига тайинланади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид